20:47 / 21.03.2021
9133

Ироқ 37та давлат фуқароларига визаларни бекор қилди

Ироқ ҳукумати мамлакатдаги инвестицион муҳитни яхшилаш ва сайёҳлик тармоғини ривожлантириш мақсадида 37та давлат фуқароларига кириш визаларини бекор қилди. Бу ҳақда Ироқ ички ишлар вазири Холид ал-Муҳанна маълум қилди. 

Фото: IlkhaAgency

Эндиликда ҳукумат томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган давлатлар тадбиркорлари ва компаниялари вакиллари Ироққа кириш учун 75 доллар миқдоридаги божни тўлаб, мамлакатда 2 ой давомида қолишлари мумкин бўлади. Рўйхатга БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари (АҚШ, Россия, Британия, Франция ва Хитой), Япония, Жанубий Корея, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Швейцария киритилган.      

Бироқ Ироққа чегарада бож тўлагач кириш ҳуқуқини оладиганлар Ироқ фуқаролари ва сайёҳлар учун мажбурий бўлган коронавирусга тест топширишдан озод этилмайдилар.   

Айни вақтда Ироқ коронавирусга чалинганлар ва ундан вафот этганлар сони бўйича Яқин шарқ давлатлари орасида 1-ўринни эгалламоқда. Мамлакатда вирусга чалинганлар сони 790 мингга, қурбонлар сони 14 мингга яқинни ташкил қилмоқда.

Top