09:18 / 21.03.2021
3876

Жамоатчилик эшитуви: Давлат дастури ижросига масъуллар ахборот берди

19 март куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ташаббуси билан 2021 йил — «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурининг ижроси бўйича дастлабки жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Феврал ойида давлат дастурининг 273та бандидан 7та банди, март ойида 34та банди бўйича вазифалар ижроси кўзда тутилган бўлиб, ҳозирга қадар 16та банд ижроси таъминланган. Жамоатчилик эшитувида ижрога масъул вазирлик ва идоралар томонидан тегишли масалалар юзасидан ахборотлар тақдим этилди. Жумладан,

  • «Давлат харидлари соҳасидаги 1 миллиард сўмгача бюджет буюртмачилари томонидан аванс тўловлари миқдорини 30 фоизга етказиш» (45-банд) — Молия вазирлиги;
  • Республика минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш дастурини ишлаб чиқиш (70-банд) — Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси;
  • «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида маҳалла ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш (77-банд) — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги;
  • «Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш» (80-банд) — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги.

Шунингдек, дастурнинг 60-бандида «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Бу бўйича Марказий банк раисининг ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев ахборот берди:

 — Мазкур қонунни қабул қилишдан мақсад — ушбу йўналишда тарқоқ ҳолдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирлаштирган ҳолда соддалаштиришдан иборат. Бизда нобанк кредит ташкилоти тушунчаси қонунчиликда мустаҳкамланмаган эди. Қонун билан нобанк ташкилотларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, улар томонидан амалга ошириладиган (кўрсатиладиган) молиявий операциялар (хизматлар) рўйхати белгиланмоқда. Хусусан, микромолия ташкилотлари ва ломбардлар микромолиялаш фаолиятини амалга ошириши, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари банкларнинг ипотека кредитларини қайта молиялаштириши мумкин. Бундан ташқари, микромолия ташкилотлари амалга оширадиган операциялар жумласига тадбиркорлик субъектларига микрокредит суммасидан (300 миллион сўм) ошган миқдорда кредит ва лизинг беришга, факторинг хизматларини кўрсатишга, кафолат беришга ҳамда уларни ислом тамойиллари асосида молиялаштиришга рухсат берилмоқда.

Давлат дастурининг 73-бандига кўра, 1 мартга қадар «Водород энергетикаси технологияларини ўрганиш ва илм-фанни ривожлантириш» юзасидан Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу борада қандай ишлар амалга ошириляпти? Водород энергетикаси соҳасида қанча олимлар хорижнинг етакчи компанияларида стажировка ўтайди? Биринчи Водород станцияси қачон қурилади? Шу ва энергетика барқарорлиги, соҳанинг истиқболдаги режаларига боғлиқ масалалар бўйича энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматовнинг ахбороти тингланди:

 — Водород энергетикаси соҳасида фаолиятни кучайтиришнинг ўзига яраша сабаблари мавжуд. Бугунги кунда фойдаланилаётган асосий энергия ресурслари бу углеводород ресурслари ҳисобланади ва қачондир бу ресурсларимиз тугайди. Шундан келиб чиққан ҳолда келажакда мамлакатимиз аҳолисини барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича ҳозирдан қадам ташланмоқда. Водород энергетикаси йўналишини кучайтириш учун жаҳондаги нуфузли компаниялар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Саудия Арабистонининг ACWA POWER компанияси билан ҳамкорлик битими имзоланиб, амалий ишлар бошланган. Маълумот учун, ушбу компания Саудия Арабистонида 500 млрд доллар қийматидаги «Келажак шаҳри» лойиҳаси доирасида энергия ва сув таъминотини амалга оширади. Бевосита Ўзбекистонда эса ушбу компания билан иккита лойиҳа бўйича ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида қиймати 1,2 млрд доллар миқдоридаги 1,5 гигаваттлик электр станцияси ҳамда 1 гигаваттли шамол энергия станцияларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, водород энергетикаси технологияларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи АҚШнинг AIR PRODUCTS компанияси билан Ўзбекистонда тадқиқотлар олиб борувчи марказ фаолиятини ташкил этиш юзасидан музокаралар ўтказилмоқда. Ушбу йўналишда муваффақиятли фаолиятни ташкил эта олсак, айта оламанки, МДҲ ҳудудида соҳада илғор мамлакатга айланамиз, яъни яратилган технологиялардан шунчаки фойдаланувчи эмас, балки технология яратувчи давлатга айланамиз.

Маълум қилинишича, ҳозирда иккита пилот лойиҳа режалаштирилган бўлиб, биринчиси, 2022 йилда водородда юрадиган автомобилларни олиб келиш ва станциялар барпо этиш. Иккинчиси, шу йилнинг ўзида водородда юрадиган автобусларни синовдан ўтказиш ва уларга ҳам станциялар ўрнатиш режалаштирилган.

Жамоатчилик эшитуви давомида белгиланган вазифалар бўйича ижро муддатларига амал қилинмаётганлиги, маълумотлар очиқлиги масалаларига етарли эътибор қаратилмаганлиги танқид қилинди.

Шунингдек, давлат дастурининг ижроси мунтазам равишда жамоатчилик эътиборида бўлиши, бу борада жамоатчилик назорати тадбирлари доимий давом эттирилиши қайд этилди.

  • Эслатиб ўтамиз, Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонун ҳужжатлари ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш, жумладан, «жамоатчилик эшитувлари» ва «жамоатчилик мониторинги» тизимини жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилган эди.
  • «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан давлат дастурини мониторинг қилиш мақсадида махсус Jamoatchilik.uz платформаси ишга туширилган.
Top