Ўзбекистон | 13:03 / 22.03.2021
2415
3 дақиқада ўқилади

Ташқи савдо бўйича 4та янги контракт тури жорий этилади

Фото: Dreamstime

Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, президентнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳамда 2021 йил 3 февралдаги “Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–6155-сон фармонида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаганда қайта ишлаш операцияларини амалга оширишга рухсат бериш топшириғи берилган.

Шунингдек, президенти администрациясининг 2021 йил 3 февралдаги топшириғи билан маҳаллий экспортчи корхоналар учун хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан тўғри сотиш тизимини жорий этиш топшириғи берилган.

Янги қарор лойиҳасида товарларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштириш амалиётида юзага келаётган муаммолар ўз ечимини топгани айтилади.

Хусусан, ташқи савдо контрактлари тушунчаси кенгайтирилиб, қуйидаги 4та янги контракт тури киритилади:

  • олиб кириш контракти;
  • олиб чиқиш контракти;
  • сотиб олиш контракти;
  • сотиш контракти.

Низомга киритилаётган ўзгартиришлар натижасида:

  • олиб кириш контракти асосида тадбиркорлик субъектлари хорижий буюртмачиси мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам чет эл товарларини “божхона ҳудудида қайта ишлаш”, “божхона омбори”, “вақтинча сақлаш”, “эркин омбор” ҳамда “эркин божхона зонаси” божхона режимларига расмийлаштириши;
  • олиб чиқиш контракти асосида олиб кириш контракти бўйича олиб келинган товарларни хорижий харидор топгандан сўнг реэкспорт қилиш;
  • сотиб олиш контракти асосида товарларни республика ҳудудига олиб кириш шартисиз сотиб олиш;
  • сотиш контракти асосида ушбу товарларни хорижий харидорга сотиш имкониятлари яратилади.

Билдирилишича, мазкур тартибнинг амалиётга татбиқ этилиши импорт ҳажми қисқаришига, янги ишлаб чиқариш турларини кенгайтиришга, транзит савдони ривожлантиришга, янги иш ўринлари яратишга ҳамда мамлакатнинг хизматлар экспорти салоҳияти ошишига эришилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид