Жаҳон | 08:23 / 24.03.2021
12780
2 дақиқада ўқилади

Улкан контейнер ташувчи кема Сувайш каналидаги қатновни тўлиқ тўхтатиб қўйди

Evergreen транспорт компаниясининг Панама байроғи остида сузаётган контейнер ташувчи кемаси Сувайш каналида саёзликка ўтириб, Ўрта ер денгизи ва Қизил денгизни боғловчи каналда кемалар қатновини тўлиқ тўхтатиб қўйди. 

Воқеа жойидан олинган суратларга кўра, сув сиғимдорлиги 200 минг тоннани ташкил қилувчи кема каналга кўндаланг туриб қолган ва икки томонлама ҳаракатни тўсиб қўйган. Кемани буришга уринишлар ҳозирча бесамар кетмоқда. Буксирлар бир неча соатдан бери уни силжитишга ҳаракат қилмоқда.

Кема 23 март куни Қизил денгиздан каналга киргач саёзликка ўтирган.

Кемалар ортидан кузатувчи халқаро тизим AIS маълумотларига кўра, айни вақтда Сувайш каналидан жанубда, Қизил денгизда катта сонда кемалар тўпланиб қолган. 

Таъкидланишича, бортида минглаб оғир контейнерлар бўлган кема Хитойдан Нидерландиянинг Роттердам портига йўналаётган бўлган.

Сувайш канали Мисрнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган шлюзсиз денгиз канали ҳисобланади. У Aтлантика ва Ҳинд океанлари ўртасидаги энг қисқа сув йўли (Aфрикани айланиб ўтишни 8-15 минг кмга қисқартиради) бўлиб, Осиё билан Aфрика ўртасидаги шартли географик чегара деб қабул қилинган. Канал кема қатнови учун 1869 йил 17 ноябрда очилган. Узунлиги 161 км (каналнинг чиқишдаги давоми билан эса 173 км), кенглиги сиртида 120–150 м, тубида эса 45–60 мни ташкил қилади. Кемалар канални ўртача 11-12 соатда сузиб ўтади.

Мавзуга оид