19:28 / 25.03.2021
77979

Россия Ўзбекистон билан авиақатновларни тикламоқда

1 апрелдан Россия 6 давлат - Ўзбекистон, Германия, Венесуэла, Сурия, Тожикистон ва Шри-Ланка билан авиақатновларни тиклайди. РИА Новости хабарига кўра, бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Татяна Голикова Россия тезкор штабининг йиғилишида маълум қилган.

1 апрелдан ҳафтада бир марта Москва-Тошкент йўналишида парвоз амалга оширилиши кутилмоқда.

«Бўлиб ўтган муҳокама натижасига кўра, мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб ҳамда ҳукумат раҳбари Михаил Мишустин билан келишган тарзда 2021 йилнинг 1 апрелидан Венесуэла (ҳафтасига икки марта Москва-Каракас), Сурия (ҳафтасига бир марта Москва-Дамашқ), Тожикистон (ҳафтасига бир марта Москва-Душанбе), Ўзбекистон (ҳафтасига бир марта Москва-Тошкент) ва Шри-Ланка (ҳафтасига бир марта Москва-Коломбо) билан ўзаро халқаро рейсларни қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилинди», дейилган хабарда.

«Аэрофлот» авиакомпанияси маълумотига кўра, ушбу йўналиш учун чипта нархлари 300 АҚШ долларидан бошланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар карантин чекловлари туфайли 2020 йилнинг 16 мартида тўхтатилганди.

2020 йилнинг март ойи бошида Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Россия билан авиақатновларни тиклаш устида иш олиб бораётганини маълум қилганди.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Kun.uz мухбири билан суҳбатда коронавирус билан боғлиқ санитария-эпидемиологик вазият тўғрисида талаб этилган барча маълумот ўрнатилган тартибда Россия ҳукуматига тақдим этилгани, айни пайтда уларнинг жавоби кутилаётганини айтганди.

Top