Ўзбекистон | 10:21 / 26.03.2021
3126
2 дақиқада ўқилади

Электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларига асосий талаблар белгиланмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг “Электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларида хавфли моддалар ишлатишни чеклаш тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жадал жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, саноат маҳсулотларини халқаро стандартлардан кам бўлмаган талабларга асосан мувофиқлигини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижаларини асосий экспорт бозорларида тан олинишига эришиш йўлидаги ишларни фаоллаштириш зарурати пайдо бўлмоқда.

Электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларида хавфли моддалар ишлатишни чеклаш тўғрисидаги умумий техник регламентни ишлаб чиқишнинг асосий мақсади - электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларида қўлланиладиган хавфли моддаларни инсон ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, шунингдек хавфсизлиги хусусида истеъмолчиларни чалғитувчи ҳаракатлар олдини олишдан иборат.

Қарор лойиҳаси билан тасдиқланаётган умумий техник регламентда электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларига қуйидаги асосий талаблар белгиланмоқда:

  • хавфли моддаларни чеклаш талаблари;
  • электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларининг мувофиқлигини баҳолаш;
  • тамғалаш ва фойдаланиш ҳужжатларига талаблар;
  • маҳсулотларни миллий мувофиқлик белгиси билан тамғалаш.

Таъкидланишича, мазкур лойиҳа электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати ва реализация қилиш секторини янги босқичга олиб чиқиши билан бирга, халқаро ва минтақавий меъёрий нормаларга уйғунлашган, хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича ривожланган давлатларда белгиланган талаблардан қолишмайдиган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга замин яратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид