20:34 / 28.03.2021
5595

 “Формула-1”: Янги мавсумнинг илк ғолиби аниқланди

 “Формула-1” пойгаларининг янги мавсумдаги биринчи босқичи – Баҳрайн гран-присида амалдаги жаҳон чемпиони, “Мерседес” вакили Люис Ҳэмилтон ғалаба қозонди.

Фото: REUTERS/Lars Baron

У белгиланган масофани 1 соат 36 дақиқа 3,897 сонияда босиб ўтди.

Марра чизиғини иккинчи бўлиб “Ред Булл” аъзоси Макс Ферстаппен кесиб ўтди. Нидерландиялик пойгачи ғолибдан бор-йўғи 0,745 сония ортда қолди. 3-ўринни Ҳэмилтоннинг жамоадоши Валттери Боттас эгаллади.

Эътиборлиси, “Формула-1”да дебют қилган пойгачилар орасида афсонавий собиқ пойгачи Михаэл Шумахернинг 21 ёшли ўғли Мик Шумахер ҳам бор. “Haas” жамоаси учун иштирок этаётган Мик пойгани 16-ўринда якунлади.

Пойгаларнинг кейинги босқичи Италиянинг Имола шаҳрида 16—18 апрел кунлари бўлиб ўтади.

2020 йил 31 декабрда Британия қироличаси Елизавета II 35 ёшли Люис Ҳэмилтонга автоспортдаги ютуқлари учун рицар унвонини берганди. Спортчи ўтган мавсумдаги ғалабаси эвазига чемпионлик унвонлари сони бўйича бунгача рекордчи бўлган Михаэл Шумахер билан тенглашиб олди. Бироқ Ҳэмилтонда бу натижани анча яхшилаш учун ҳали имконият бор.

Top