Иқтисодиёт | 16:26 / 29.03.2021
4022
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик тадбиркорлар «ўзбек-афғон матчмейкинг» конференциясида қатнашади

Aфғонистоннинг Кобул шаҳрида  бўлиб ўтиши режалаштирилган «ўзбек-афғон матчмейкинг» конференцияси ўзбек тадбиркорлари учун 1 миллиард аҳоли яшайдиган Aфғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш давлатларига чиқиш имкониятини бериши мумкин. 

30 март-3 апрел кунлари Афғонистон Ислом Республикасида бўлиб ўтадиган Матчмейкинг конференцияга Ўзбекистондан 18та тадбиркорлик субъектлари йўл олмоқда. 

Kun.uz мухбири  хабар беришича, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси ва Бизнесни ривожлантириш уюшмалари томонидан ташкил этилмоқда. Бизнес конференцияда «Б2Б» учрашувлар, маҳсулотлар кўргазмаси ва хорижий инвесторлар билан шартнома тузиш бўйича музокаралар олиб борилади.

Конференцияда иштирок этадиган ўзбекистонлик тадбиркорлар нафақат Афғонистонга, балки денгиз логистикасига эга давлатлар, шунингдек, қуруқлик йўллари орқали бир ярим миллиарддан ортиқ аҳоли яшайдиган ҳудуд - Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш каби давлатларга чиқиш, ўз маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.

Лойиҳа иштирокчилари асосан, Ўзбекистонда озиқ-овқат, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, ювиш воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Улар тўғридан тўғри афғонистонлик инвесторлар билан учрашади, ўз маҳсулотларини намойиш қилади. 

«Кобул шаҳрида бўлиб ўтадиган Aфғон-ўзбек матчмейкинг конференцияси «B2B» шаклида бўлиб ўтади. Яъни бунда бизнинг тадбиркорларимиз ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, у ердан жалб қилинган харидор ва дистрбюторлар агент ва таъминотчилар билан ўз маҳсулотлари тўғрисида маълумот беришади.

Ушбу конференцияда иштирок этаётган барча экспортёрлар харажатларни ўзлари молиялаштиради. Ҳар бир тадбиркор лойиҳада қатнашиш учун 600 доллардан харажат қилган, бунга лойиҳа доирасидаги барча харажатлар кирган», дейди Ўзбекистон Экспортчилар уюшмасининг хорижий бўлими бошлиғи Ҳусниддин Исмоилов. 

  • Aввалроқ, экспортчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ёрқин Маликов экспорт қилувчи корхоналарда илм, тажриба етишмаслиги яққол кўриниб қолаётганини, экспортёрлар шартномани ўқимасдан туриб тасдиқлаб юбориши ҳолатлари кўп учрашини ҳамда ўз маҳсулотларини хорижга олиб чиққанда алданиб қолаётганини таъкидлаган эди. 
  • Шунингдек, германиялик мутахассис Ронни Хайне бюрократия, божлар, эркин савдонинг йўқлиги, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг етишмаслиги Ўзбекистон экспорт тизими ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллар эканини айтганди.
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид