Сурхондарёда 150 минг нафардан ортиқ бола полиомиелитга қарши эмланди
Қўшни мамлакатда тарқалаётган ўткир юқумли вирус Ўзбекистонга ҳам кириб келиши мумкинми? Мамлакатимизда бунинг олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? ССВ матбуот хизматининг шу каби саволларига вазирлик ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим мудири Дилором Турсунова жавоб берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим мудири Дилором Турсунованинг маълум қилишича, Ўзбекистонда полиомиелит касаллиги тарқалиши сўнгги марта 1995 йилда кузатилган.
«Мамлакатимизда полиомиелит касаллиги билан оғриган бемор охирги марта 1995 йилда қайд этилган. Бу йўналишда олиб борилган қатъий санитария ҳолатни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар орқали Ўзбекистон Республикаси 2002 йилда «Полиомиелитдан холи бўлган ҳудуд» деган сертификатга эга бўлди.
Қўшни Тожикистон ҳудудида эса, 2010 йилда ҳам ўткир юқумли полиомиелит касаллиги, поливируснинг биринчи типига чалинган бемор аниқланган. Ўша пайтда олиб борилган тезкор эҳтиёт чоралари сабабли бу хасталик мамлакатимизга кириб келмади.
2010 йилда мамлакатимиздаги барча беш ёшгача бўлган болалар ҳамда Сурхондарё вилоятидаги 35 ёшгача бўлган аҳоли полиомиелит касаллигига қарши эмланган эди», деган у ССВ матбуот хизмати билан суҳбатда.
У полиомиелитга қарши вакцина қилиш Ўзбекистонда қачон бошлангани, эмлаш тартиби қандайлиги хусусида ҳам маълумот берган.
«Мамлакатимизда миллий эмлаш календарига 13 турдаги юқумли касалликларга қарши вакциналар киритилган бўлиб, полиомиелит ҳам шулардан бири ҳисобланади.
Айни пайтда юртимизда полиомиелитга қарши аралаш иммунизация, яъни томчи орқали ҳамда инъекцион усулда амалга оширилади. Вакцина беш марта: болаларнинг 2, 3, 4, 16 ойлигида ва етти ёшида қўлланади. Болалар 4 ойлигида ҳам томчи орқали, ҳам инъекцион тарзда эмланади.
Полиомиелитга қарши аҳоли вакиллари 5 марта эмланиши ҳамда вакцинацияда аралаш усулдан фойдаланишилиши хавфсизликни янада оширади», дейди у.
Полиомиелит касаллиги Ўзбекистонга кириб келмаслиги учун қандай эҳтиёт чоралари кўрилаётгани ҳақида ҳам маълумот берилган.
«Ўзбекистонда бу касаллик тарқалишининг олдини олиш учун доимий равишда мониторинг олиб борилади. Шунингдек, қўшни давлат билан чегара ҳудудлардан кириб келаётган фуқароларда полиомиелит касаллиги аломатлари борлигини аниқлаш чора-тадбирлари тўлиқ кўрилган.
Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мутасаддиларимиз томонидан Ўзбекистондаги барқарор вазиятни мониторинг қилиш ҳамда полиомиелит касаллигини олдини олишда ҳамкорликда амалий ишлар олиб бориш бўйича таклиф киритилди.
Шунингдек, полиомиелит касаллиги билан симптомлари бир хил бўлган ўткир бўшашган шол касаллигига чалинган беморлар қайта лаборатор таҳлиллардан ўтказилмоқда», дейди у.
Маълум қилинишича, март ойида Сурхондарёда ушбу касалликка қарши эмлаш ишлари олиб борилган.
«Полиомиелит касаллигига қарши эмлаш хасталикнинг олдини олишнинг энг самарали усулидир. Шу боис, жорий йилнинг 10 март санасидан бошлаб ўн бир кун давомида 5 ёшгача бўлган 150 минг нафардан ортиқ сурхондарёлик болалар касалликка қарши эмланди. Бунда 300 минг доза инактивлаштирилган полиомиелитга қарши вакцинаси қўлланди.
Шунингдек, касалликнинг олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги тиббиёт соҳаси мутахассислари полиомиелит касаллигини ташхислаш ва аниқлаш бўйича билим ва малакаси доимий равишда орттириб борилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар, албатта, аҳоли саломатлигини сақлаш, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади», деган у.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Тожикистонда полиомиелит (болалардаги мия ярим фалажи) билан касалланиш бўйича бир нечта ҳолатларни қайд этди, шундан сўнг мазкур эпидемия иккинчи даражали фавқулодда ҳолат деб таснифланди.
Мавзуга оид
16:35 / 26.11.2024
Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогер жаримага тортилди
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024
Кувайт Ўзбекистонда Она ва бола кластерини ташкил этади
16:34 / 17.11.2024