Ўзбекистон | 18:18 / 01.04.2021
3243
2 дақиқада ўқилади

Март ойида 0,8 фоизлик инфляция қайд этилди

2021 йилнинг март ойида истеъмол бозорида товарлар ва хизматлар ўртача 0,8 фоизга қимматлашган. Йил бошидан нархлар ўсиши 2,5 фоизни ташкил этиб, йиллик инфляция ўсиш суръати 10,9 фоизга етди. Нархи сезиларли ошган озиқ-овқат маҳсулотлари учлигини мева, сабзавотлар, ёғ-мой эгаллади.

Фото: KUN.UZ

Статистика қўмитаси хабарига кўра, жорий йилнинг март ойида инфляция 0,8 фоизни ташкил этган. Таққосланадиган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида товар ва хизматлар ўртача 1,3 фоизга қимматлашган.

Расмий статистика озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 1,2 фоиз, йиллик эса 13,9 фоиз бўлганини кўрсатмоқда. 

2021 йилнинг март ойи давомида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан (мева-сабзавотлардан ташқари) кунгабоқар мойи (2,6 фоиз), товуқ гўшти (1,4 – 1,5 фоиз оралиғида), оққанд ва сут (1,4 фоиз), шакар (1,3 фоиз) сезиларли даражада қимматлашди.

Статистик маълумотларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси ўтган йилга қараганда паст бўлган.

Жорий йил март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиш даражаси 1,2 фоизни ташкил этиб, 2020 ва 2019 йилларнинг март ойидаги кўрсаткичларга таққослаганда 0,7 ва 0,3 фоиз бандга паст бўлди. 2021 йил март ойидаги ушбу гуруҳ бўйича йиллик инфляция ўсиши 13,9 фоиз даражасида шаклланди. Бу ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 2,5 фоиз бандга, 2019 йил мартдаги кўрсаткичга нисбатан эса 1,4 фоиз бандга паст.

2021 йилнинг январ-мартида озиқ-овқат маҳсулотлари 3,1 фоизга қимматлашди. Бу 2020 йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 1,2 фоиз бандга ва 2019 йилдаги мос кўрсаткичдан 3,3 фоиз бандга паст бўлди.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан нархлар ўсиши бўйича етакчи учликни сабзавотлар, илдизмевалилар, плантайнлар ва дуккаклилар (4,7 фоиз), мевалар ва ёнғоқлар (2,6 фоиз), ёғ ва мойлар (1,4 фоиз) шакллантирди. 2020 йилда эса бу учликда ёғ-мой маҳсулотлари ўрнини гўшт эгаллаганди.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан йиллик нисбатда ёғ-мой (29,8 фоиз), сут (17,0 фоиз) ва гўшт маҳсулотлари (16,2 фоиз) сезиларли даражада ошди.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойи инфляцияси 0,6 фоиз, йиллик инфляция эса 11,4 фоизни ташкил этганди.

Марказий банк 2021 йилда инфляция даражаси 9–10 фоиз бўлишини прогноз қилганди.

Мавзуга оид