Жаҳон | 20:19 / 02.04.2021
3392
2 дақиқада ўқилади

«Оскар» мукофотини топшириш маросими илк бор АҚШдан ташқарида ўтказилади

Пандемия сабабли мукофот тадбирларининг бир қисми 25 апрель куни Лондон ва Парижда ўтказилади.

Фото: Legion Media

Пандемия бўлишига қарамай, «Оскар-2020» мукофотининг ташкилотчилари тарихда биринчи марта тадбирнинг бир қисмини Лондон ва Парижда, яъни АҚШдан ташқарида ўтказишга қарор қилди.

Маъмуриятнинг бундай қарорга келишига маросим иштирокчиларининг кўпи Лос-Анжелесга ташриф буюришдан хавотирда экани сабаб бўлган.

Продюсер Стейси Шернинг сўзларига кўра, ҳозирда бошқа мамлакатлардан номзодлар учун трансляция олиб бориш объектлари тайёрланмоқда.

Шунга қарамай, ташкилотчилар қонуний ва хавфсиз тарзда Америкага етиб бориш имкониятига эга бўлган ҳар бир кишининг ушбу маросимда шахсан иштирок этишини таъминлайди.

Шунингдек, хорижлик меҳмонлар учун махсус карантин маркази қурилган бўлиб, у ерда маросим тугагунча меҳмонларнинг хавфсизлиги таъминланади.

Маросим ташкилотчиларидан бири Стивен Содербергнинг таъкидлашича, анъанавий қизил йўлакдаги одамлар сони ҳам чекланган бўлади.

«Оскар-2020» тантанали тақдирлаш маросими 25 апрель куни ўтказилади.

Маълумот учун, биринчи «Оскар» мукофоти тақдимоти 1929 йил 16 майда Hollywood Roosevelt меҳмонхонасида 270га яқин томошабин билан ўтказилган. Бошқа мукофотлардан фарқли ўлароқ, мукофот ҳакамлар аниқловига кўра эмас, балки Академия аъзоларининг умумий овоз беришига кўра тақдим этилади. Мукофот ҳайкалчаси салкам 3 килограмм вазнга эга бўлиб, баландлиги 34 сантиметрни ташкил этади. Ушбу ҳайкалчага 1929 йил «Metro Golden Mayer» компанияси раҳбарларидан бири томонидан асос солинган. Hollywood’да 1929 йилдан бери ўтказиб келинаётган бўлса-да, биринчи марта телевидениеда 1953 йил 19 март куни намойиш этилган. Бугунги кунга келиб, мукофот тақдимот маросими ўнлаб мамлакатларда тўғридан тўғри эфирда кўрсатилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид