Жаҳон | 23:56 / 15.03.2023
10700
3 дақиқада ўқилади

Навалний ўзи ҳақидаги филм «Оскар» олганига муносабат билдирди 

Россиялик мухолифатчининг заҳарланиши ҳақидаги ҳужжатли филм «Оскар» мукофотига сазовор бўлган эди. 

Фото: AP

Россиянинг Владимир вилоятидаги колонияда сақланаётган мухолифатчи Алексей Навалний ўзининг заҳарланиши ҳақидаги ҳужжатли фильм «Оскар» мукофотини олганига муносабат билдирди. 

Навалний фильмни яратишда иштирок этганларга миннатдорчилик билдирди: 

«Оскар» ҳақида ҳамма нарсани энг охирида биладиган одамдан муносабат. Камерамдаги радио одатдагидек эрталаб соат 5 да ёқилди. Соат 6 да дастлабки янгилик: улар мукофотнинг барча ғолиблари ҳақида батафсил айтиб беришди, ҳужжатли филмдан ташқари албатта. Яхши белги, деб ўйладим.  

Тушликка яқинроқ улар судга олиб боришди. Мен видеоқўнғироқ қилдим, адвокатим қоғоз парчасини кўрсатди. «Ҳеч нарсани кўрмаяпман», дедим. Адвокат «Сизнинг фильмингиз «Оскар»га сазовор бўлди», деди. Шу лаҳзада жуда ғалати туйғуларни бошдан кечирдим. 

Албатта, жуда хурсандман ва «Оскар»ни мен олмаганимни унутмасликка ҳаракат қиляпман. Бу жуда ҳаяжонли ва баъзан драматик воқеалар эди, лекин ажойиб жамоа уларни «Оскар»га лойиқ кўрсатишга муваффақ бўлди: Дэниел Роэр, Одесса Рэй, Дайан Беккер, Мелани Миллер, Шейн Борис ва бошқа кўплаб одамлар. Уларни чин юракдан табриклайман. 

Христо Грозев (сизни қучаман, дўстим, сиз бу филмнинг ҳақиқий юлдузисиз) ва Мария Певчих - сизсиз буларнинг барчаси ғоя даражасида ҳам бўлмас эди. 

Юлия (турмуш ўртоғи) иштирок этганингиз, қўллаб-қувватлаганингиз ва бир неча бор суратга олиш гуруҳини ўлдириб қўйишимга рухсат бермаганингиз учун раҳмат. 

ФБК (Коррупцияга қарши курашиш) фондидаги дўстлар ва ҳамкасблар - одатдагидек, сиз ҳамма нарсани қилдингиз, мен эса фақат юзимни кўрсатдим.  

Ва ниҳоят. Такрор айтаман, фильм меники эмас, мен «Оскар»ни олмаганман ва бу мукофотни кимгадир бағишлайдиган ҳолатда эмасман. Аммо мен ўз ҳиссамни қаерда бўлмасин, йиртқич диктатурага ва унинг доимий ҳамроҳи – урушга қарши туриш учун ҳар куни куч топадиган ҳалол ва мард инсонларга бағишлайман». 

13 март куни канадалик режиссёр Даниел Роэр томонидан The Insider ва Bellingcat суриштируви асосида суратга олинган «Навалний» фильми «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида «Оскар»ни қўлга киритди. Шу йилнинг феврал ойида фильм энг яхши ҳужжатли фильм учун BAFTA мукофотига ҳам сазовор бўлган эди. 

Мавзуга оид