Иқтисодиёт | 18:53 / 02.04.2021
11813
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мева сектори учун анор янги стратегик йўналиш бўла оладими?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда анор етиштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Республикада яқин келажакда ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми камида 600 минг тоннадан ошиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, 2026 йилда глобал бозорда анор маҳсулотларига бўлган талаб 23,14 миллиард долларга етиши мумкин.

Ўзбекистонда анор плантациялари майдони фаол равишда кенгайтирилмоқда. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Фарғона вилоятидаги анор боғларининг умумий майдонини 2025 йилга қадар 20 минг гектарга етказиш ва улардан йилига 200 минг тоннадан зиёд ҳосил йиғиб олиниши режалаштирилаётгани маълум қилинган. Хусусан, Риштон ва Олтиариқ туманларида 1400 гектар майдонда янги анор боғлари яратилган. Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қашқадарёда анор плантациялари яна 2 минг гектарга кўпайганини эълон қилди.

Бундан ташқари, ЎзА маълумотларига кўра, 2021-2022 йилларда Сурхондарёда 9 минг 432 гектар ерда анорзорлар барпо этилиши ва йиллик ҳосил ҳажмини яқин келажакда 300 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.

Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги режалар, шунингдек, мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги мавжуд плантациялар ҳисобга олинса, яқин 5-10 йил ичида республикада анор ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми камида 600 минг тоннадан ошиши прогноз қилинади.

EastFruit бу режалар амалга ошишида бир қанча омил халақит бериши мумкинлиги ҳақида материал эълон қилди.

Биринчидан, бу анор етиштириш учун жуда мос бўлмаган Ўзбекистоннинг иқлими. Ҳатто мамлакатнинг жанубий минтақаларида ҳам ер қишда вақти-вақти билан музлайди. Бу эса ҳатто бир гектар майдонда анор етиштиришни мураккаб жараёнга айлантириб қўяди. Агар ўнлаб ва юз минглаб гектар майдонларда ишлар йўлга қўйилса, унда бу ҳудудлардаги анор буталарини қишки совуқдан қандай ҳимоя қилиш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин.

Иккинчидан, бу бизнесни режалаштиришда қўйиладиган улкан ҳосил кўрсаткичлари. Ҳақиқат режаларга қараганда камроқ оптимизмга эга бўлади.

Учинчидан, жаҳон анор бозори тобора ўсиб бормоқда, аммо унга маълум навларнинг юқори сифатли мевалари керак, Ўзбекистонда эса жаҳон бозорида унчалик қиммат бўлмаган ва талаб пастроқ маҳаллий селекцияга эътибор қаратилмоқда.

Агар ишлаб чиқариш шу қадар тез ўсса ва анъанавий маҳаллий навлар етиштиришда давом этилса, Ўзбекистон анорни саноат усулида қайта ишлаш ҳақида ўйлаши мақсадга мувофиқ бўлади.

Анор нафақат янги узилган мевалар бозори, балки қайта ишлаш, озиқ-овқат, косметика, ҳатто фармацевтика саноати учун ҳам қизиқарли ва фойдали мева ҳисобланади.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон ҳалигача халқаро анор бозорида асосий иштирокчи эмас, шунинг учун янги маҳсулотларни сотишда экспорт қийинчиликларига дуч келиши муқаррар. Мамлакат йилига ўртача 10 мингдан 15 минг тоннагача анор экспорт қилади ва буларнинг деярли барчаси собиқ совет мамлакатларига тўғри келади. Жанубий Корея ва БАА бозорларига анор етказиб берилиши тобора кўпайиб бораётгани республика учун бироз умид бахш этиши мумкин.

Жаҳон бозорида анорга бўлган талаб қандай?

Ўзбекистон бу мевани етиштириш бўйича дунёда етакчи ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик етиштириб берувчилардан бири бўлиши мумкин.

Дунёда анор мева ва сабзавотларнинг умумий айланмасида жуда оз улушга эга бўлишига қарамай, уларни истеъмол қилиш тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. 2014 йилдан 2018 йилгача глобал анор импортининг умумий ҳажми 24 фоизга ўсди. Кўплаб бозор мутахассислари ҳам глобал анор бозори жуда тез ўсаётганини таъкидлашмоқда. Пандемия даврида иммунитетни кучайтириш хусусияти сабаб талаб янада ошган.

Анордан косметика ва фармацевтика саноатида фойдаланиш

Анорнинг саломатлик учун жуда фойдали деб ҳисобланадиган икки ноёб ботаник хусусияти мавжуд.

Пуникалагин анорнинг уруғи ва терисида жойлашган кучли антиоксидант бўлиб, унинг фаоллиги қизил шароб ёки яшил чойникига қараганда деярли уч баравар юқори. Шунингдек, анор уруғидан олинган пунитсид кислоталари кучли биологик таъсирга эга. Ўзига хос хусусиятлари туфайли дунё бозорида анор доимий равишда юқори талабга эга ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида анор боғлари майдонининг ўсишига қарамай, анорнинг жаҳон бозоридаги нархлари ўсишда давом этмоқда.

Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги тадқиқотларига кўра, анор ва уруғларининг умумий глобал бозори 2018 йилда 8,2 миллиард долларга баҳоланган ва прогнозларга кўра, 2026 йилга бориб бу кўрсаткич деярли уч мартага кўпайиб, 23,14 миллиард долларга етади.

Ушбу прогноз асосида ётган асосий омил — бу анор хомашёсидан тайёрланадиган маҳсулотларга бўлган талабнинг ўсиши. Анор кукунидан шарбат ва турли ичимликлар тайёрланади.

Бундан ташқари, анор нафақат озиқ-овқатда, балки косметика саноатида ҳам қўлланади ва у ерда тобора кенг миқёсда фойдаланилмоқда. Анорни қайта ишлаш бозорининг энг катта сегменти анор кукуни кўринишидаги истеъмол ҳисобланади. Кейинги 5 йил ичида ушбу сегментнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 4,8 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда.

Бозор улуши бўйича иккинчи ўринни анор шарбатлари, сироплар ва соуслар тайёрлаш учун ишлатиладиган концентратлар эгаллайди. Бундан ташқари, анор шарбатлари ва анор (дон, уруғлар, пўстлар ва бошқалар экстрактлари) ёрдамида тайёрланган косметика маҳсулотларидан фойдаланиш оммалашиб бормоқда.

Энг йирик анор импорт ва экспорт қилувчи давлатлар

Дунёнинг энг йирик анор истеъмолчилари Осиё-Тинч океани минтақаси аҳолиси ҳисобланади. Бу глобал истеъмолнинг тахминан ярмини (45-50 фоиз) ташкил қилади. Кейинги ўринларни Европа (20 фоиз), Шимолий Америка (15 фоиз), Яқин Шарқ ва Африка (10 фоиз) ҳамда Лотин Америкаси (5 фоиз) эгаллайди.

Ҳиндистон, Эрон ва Хитой дунёда анор етиштириш бўйича етакчи мамлакатлар ҳисобланади. Шунингдек, Хитойда анорга бўлган талаб маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмидан анча юқори, шунинг учун Хитой анорнинг йирик импортчиси ҳам ҳисобланади.

Маълумот учун, 2019 йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Хитой Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцяннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида анор мевасини Хитойга экспорт қилиш бўйича келишув имзоланган. Бунгача Хитой бозорига анор олиб киришга Ўзбекистонда рухсатнома бўлмаган.

Дунёда анор истеъмоли таркибида умумий ҳажмнинг тахминан 65 фоизи озиқ-овқат саноатига тўғри келади. Қолган 35 фоизи косметика ва фармацевтика саноати учун фойдаланилади.

Дунёдаги бошқа йирик анор ишлаб чиқарувчилар: Туркия, Эрон, Тунис, Перу, Исроил ва Озарбойжон географик жойлашуви туфайли Европа минтақаси мамлакатлари ва Россияда Ўзбекистоннинг асосий рақобатчилари ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу мамлакатларнинг аксариятида анор йиғиш даври Ўзбекистондаги даврга тўғри келади.

Россия анорни асосан Туркиядан импорт қилади. Йирик етказиб берувчилар қаторига Эрон, Озарбойжон, Миср ва Перу ҳам киради. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Грузия Россияга анор етказиб беришни фаол равишда кўпайтираётган мамлакатлар қаторига қўшилган.

Ўзбекистонда анорни кенг миқёсда етиштириш тенденцияси шубҳасиз жуда қизиқ. Аммо ушбу бизнеснинг истиқболлари ишлаб чиқарувчилар томонидан қабул қилинган қарорлар ва маҳсулотларни етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари даражасининг муҳокама қилинишига боғлиқ бўлади.

Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти