14:21 / 07.04.2021
14356

Пеп иккинчи «Боруссия»ни ҳам енгди. Аммо «Сити» ҳамон қалтис вазиятда

Чемпионлар лигаси 1/4 финалининг биринчи учрашувида «Манчестер Сити» 90-дақиқада Дортмунднинг «Боруссия»сидан ғалабани тортиб олди (2:1).

Фото: Gettyimages.ru/Michael Regan

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Биринчи ўйин
«Манчестер Сити» — «Боруссия» Д — 2:1 (1:0)
Голлар: Де Брюйне, 19 (1:0). Ройс, 84 (1:1). Фоден, 90 (2:1).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Стоунс, Жоау Канселу, Рубен Диаш, Гундўған, Де Брюйне, Эрнандес, Фоден, Маҳрез, Бернарду Силва (Габриэл Жезус, 59).
«Боруссия»: Ҳитц, Ҳуммелс, Аканжи, Морей (Менье, 81), Ройс, Эмре Жан, Рафаэл Геррейру, Дауд (Дилэйни, 81), Беллингем, Ҳоланд, Кнауфф (Рейна, 63).
Огоҳлантиришлар: Эмре Жан, 30. Беллингем, 37.
Ҳакам: Ҳацеган (Руминия).
6 апрел. Манчестер. «Этиҳад» стадиони.

Пеп Гвардиола Манчестерда бешинчи мавсумини ўтказмоқда. У «Сити» билан Англияда ютиш мумкин бўлган барча совринларни ютган, учинчи марта чемпионлик ҳам яқин. Лекин барчага маълумки, каталониялик мураббий учун асосий мотивация — Чемпионлар лигаси.

«Манчестер Сити»га қандайдир тавқи лаънат ёпишгандек. Бу сўнгги йилларда сайёранинг энг кучли жамоаларидан бири бўлиб турибди, «шаҳарликлар» ҳар мавсум Чемпионлар лигасида фаворитлар қаторида бўлади, аммо жамоа шу вақтгача бирор марта финалга қадар етиб бормаган. Пепнинг «Сити»даги тўрт евромавсуми ҳақида қисқача:

2016/17 — 1/8 финалда «Монако»га мағлуб бўлиш;

2017/18 — 1/4 финалда «Ливерпуль»га мағлуб бўлиш;

2018/19 — 1/4 финалда «Тоттенҳэм»га мағлуб бўлиш;

2019/20 — 1/4 финалда «Лион»га мағлуб бўлиш.

Бу парадокс: замонанинг энг кучли мураббийларидан бири сараланган футболчилар таркиби билан ҳам тўрт йил ичида бирор марта Европанинг энг кучли тўрт жамоаси қаторидан жой ололмаган. Ҳамиша нимадир тўсиқ бўлаверган: гоҳ йўлдан Мбаппе чиққан, гоҳ Клопп, гоҳида эса ВАР (2019 йил баҳорида «Тоттенҳэм»га қарши жавоб ўйинида қўшимча вақтда Стерлинг урган гол бекор қилинганди). Ўтган ёзда «Сити»га ҳеч ким қаршилик қила олмайдигандек эди: жамоага чорак финалда мавсумни жуда бўш ўтказган ва якунда еврокубокларга йўлланма ола билмаган «Лион» рақиблик қилганди. Аммо французлар пандемия туфайли плей-офф ўйинлари қисқартирилган шароитда - бир ўйинда сенсацион равишда ғалаба қозонишди - 3:1. Ўшанда мағлубият учун айнан Гвардиолани айблашди — гўёки у тактика тузишда футболчиларнинг сонини ҳисобга олмай чалкашиб кетган.

Бу сафар ҳам «Манчестер Сити»га ярим финалга чиқиш учун ташқаридан тўсиқ йўқ. Рақиб бўлмиш «Боруссия» Бундеслигада мавсумни ёмон ўтказмоқда ва жамоа бош мураббийсиз ўйнамоқда. Таркибда жароҳатлар, касаллар ва дисквалифицияга учраганлар йўқ. Ўтмишдаги барча хатолардан хулоса чиқарилган: ёлғон «тўққизлик» билан синалган схема қўлланмоқда. Аммо яна қийинчиликлар пайдо бўлди.

Нимчорак финалда бошқа «Боруссия» - менхенгладбахликларни икки ўйинда ҳам осонлик билан енгган «Сити» дортмундликларга қарши ўйинда қийналиши кутилган ҳол эди. Инглизлар биринчи бўлим бошини нурсиз ўтказишди - 18-дақиқага қадар рақиб дарвозаси томон зарба бўлмади. Немислар эса ҳимоядан чиқишда қийналишмади ва тезда майдон марказидан ўта бошлашди. Жамоанинг хотиржам ўйинини Эмре Жан бузиб қўйди - у майдон марказида туриб чап қанотга тўп узатишда хатога йўл қўйди.

Тўпга эга чиққан Риёз Маҳрез уни дарҳол де Брюйнега узатди, бельгиялик футболчи Маҳмуд Даудни осонлик билан ортда қолдириб (немислар футболчиси рақибни фол билан тўхтатиб қолишга бесамар уринди), олдинга юрди. Ҳужум давомида Кевин тўпни Фоденга узатди, у эса қанотда етиб келган Маҳрезни тўп билан таъминлади, жазоирлик футболчи дарвоза қаршисида зарба бериш нуқтасига чиқиб келган де Брюйнени топди - 1:0.

29-дақиқада Эмре Жан яна бир марта жамоаси дарвозасига гол келтириши мумкин эди - қанотдан узатиб берилган тўпни у товони билан қайтаришга уринди, бу ҳолатда у ортида турган рақиб футболчисига қарамади. Пас кутиб турган Родри эса йиқилди, ҳакам Овидиу Ҳацеган пенальти белгилади. Аммо видеотакрордан кейин бу қарор бекор қилинди.

37-дақиқада руминиялик реферилар яна икки хатога йўл қўйишди - бу хатолар ўйиннинг боришига ҳам, натижага ҳам таъсир қилувчи хатолар эди. Бу вазиятда Геррейру тўпни рақиб дарвозасига яқин жойлашган Жуд Беллингемнинг йўлига ташлаб берди. Беллингемни Рубен Диаш қўриқлаб борди, аммо Эдерсон ҳам ҳужумни тўхтатиш учун олдинга чиқиб келди. Аммо дарвозабон тўпга кечикди, Беллингем эса тўпни олдинга ташлаб ҳаракатланди. У бўш дарвоза қаршисида қолганди, ҳакам эса ҳуштак чалиб ўйинни тўхтатди. Ҳацеган дортмундликлар яримҳимоячиси тўп учун кураш вақтида Эдерсонга қўполлик қилди, деб ҳисоблаганди. Бу ҳакамнинг биринчи хатоси. Иккинчи хато эса у Беллингем бўш дарвоза қаршисида қолганида ўйинни тўхтатганида бўлди.

Тасвирлардан кўриш мумкинки, ҳавбек томонидан қоида бузилиши рўй бермаган. У тўпга биринчи етиб борган, шундан кейин дарвозабон унинг оёғига тепган. У йиқилмасдан ўйинни давом эттиришга қарор қилган, лекин арбитр унга гол уришга халал беришга шошилган. Агар ҳужум давом этиб, тўп дарвозага кирганидан кейин ҳуштак чалинганида, вазиятга видеоҳакамлар аралашган ва гол ҳисобланган бўларди.

Бу вақтда ҳисоб 1:0 кўринишида эди ва ҳисоб тенглашганида, ўйиннинг давоми буткул бошқача бўлиши мумкин эди. «Боруссия»да Ройснинг голигача ҳам вазиятлар бўлди, шу жумладан, Ҳоланд яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади.

Шу билан бирга, «Манчестер Сити» бу ўйинда йирикроқ ҳисобида ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Аммо Гвардиола жамоасида бу мавсумни ҳам йўққа чиқариши мумкин бўлган бир омил бўй кўрсатмоқда — вазиятлардан фойдалана олмаслик. Иккинчи бўлимда биргина Фоденнинг ўзи иккита голли вазиятни кўкка совурди, ўйин охирида ғалаба голини ургунича, твиттерда уни ҳамма масхара қилди. Вазиятлардан бирида англиялик футболчи дарвозабон майдони яқинида туриб тўпни дарвозабон Ҳитцнинг ўзига қараб тепди, бошқа эпизодда жарима майдони чизиғи устидан берган зарбаси яна тўғри дарвозабонга келди.

Ўйиннинг 84-дақиқасида «Боруссия» ҳисобни тенглаштирди, ўйин сценарийси «Сити»нинг олдинги чорак финаллари йўсинида кетаётганди. Бундай ўйин учун 1:1 ҳисоби мос эмасди, аммо реаллик шу эди. Ўйин якунида эса Пепнинг омад захиралари буткул адо бўлмагани маълум бўлди, Фоден барибир гол урди ва «Сити»га ғалаба келтирди. Аммо икки ўйиндан иборат қарама-қаршиликда уйдаги 2:1 ҳисоби — у қадар қулай ҳисоб эмас.

Албатта, «шаҳарликлар» ҳамон фаворитлигича қолмоқда. Ярим финалга чиқиш имконияти ҳамон юқори, Дортмунддаги ўйинда ҳам мухлислар бўлмайди. Аммо жавоб ўйини учун прогнозларда шошилмаслик керак: Чемпионлар лигаси ярим финали Гвардиоланинг «Сити»сини кўришни истамаётгандек.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top