Спорт | 19:19 / 23.08.2025
5840
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон МОҚ ва футбол ассоциацияси раҳбарияти “Манчестер Сити“ клубининг инфратузилмаси билан танишишди

Ташриф доирасида инглиз клуби тажрибасини Юқори Чирчиқ туманида қурилган Миллий футбол марказида татбиқ этиш борасида фикр алмашилди.

Фото: МОҚ

Англиянинг Манчестер шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, ташкилот бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камолов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов “Манчестер Сити” клубининг штаб-квартираси ҳамда жамоа академиясига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, мутасаддилар клуб тарихи ва унинг тизими билан яқиндан танишишди.

“Жамоа мутахассислари ўзбекистонлик расмийларга клубнинг маркетинг, академия фаолияти ва ундаги футбол таълими, халқаро алоқалар, селекция ва бошқа йўналишлардаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот беришди. Шунингдек, инглиз клуби тажрибасини Юқори Чирчиқ туманида қурилган Миллий футбол марказида татбиқ этиш борасида фикр алмашилди”, дейилади хабарда.

Ташриф якунида расмийлар “Манчестер Сити” жамоасининг машғулот базасини кўришди. Шу ернинг ўзида клуб бош мураббийи Ҳосеп Гвардиола ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси ва «шаҳарликлар» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан суҳбат ташкил этилди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид