Янги совуқ уруш бўлмайди. АҚШ-Хитой рақобати чегаралари
Хитойнинг глобал ишлаб чиқариш занжиридаги ҳаётий мавқейи ва авторитаризм ва либерал демократия ўртасида мафкуравий устунлик учун курашнинг йўқлиги айни пайтда совуқ уруш бошланиш эҳтимолини камайтиради.
Сўнгги бир неча ўн йиллик давомида хитойлик олимлар, мутахассислар ва дипломатлар Қўшма Штатларни Хитойга нисбатан «совуқ уруш менталитети»да эканликда айбламоқда. Тўғри, совуқ урушдан кейинги даврда Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Осиё-Тинч океанида Хитой билан ҳарбий соҳада стратегик рақобат олиб боришди.
Шу пайтгача АҚШ Хитойнинг кўплаб суверенитет низоларини Шарқий ва Жанубий Хитой денгизида ва Тайван бўғози бўйлаб куч ишлатиш йўли билан ҳал қилишдан муваффақиятли тўхтатди. АҚШ ва унинг энг яқин иттифоқчилари қурол сотишни тақиқлагани ва маълум ҳарбий технологияларнинг Хитойга ўтказилишини чеклашга уриниб кўргани ҳам ҳақиқат.
ХХ асрнинг 50—60 йилларидаги АҚШнинг cоветлар иттифоқи билан муносабатлари ҳарбий соҳадаги рақобатдан ташқари тўлалигича иқтисодий томонларни ҳам қамраб олган эди. Бу даврда АҚШнинг стратегияси совет иттифоқининг бошқа мамлакатлар билан алоқаларни чеклаш орқали иқтисодиётини ногирон ҳолатга келтириб, чет элдаги дипломатиясини пучга чиқаришга қаратилган эди.
Аммо Қўшма Штатларнинг Хитой билан муносабатлари совуқ уруш давридаги СССР билан алоқаларидан анча фарқ қилади. 1978 йилда Хитойни ислоҳ қилиш даври бошланганидан буён Хитой халқининг ўзидан бошқа бирор давлат Хитойнинг кенг иқтисодий ривожланишига ёрдам бериш учун Қўшма Штатлардан кўра кўпроқ иш қилгани йўқ. Хитой экспорти учун АҚШнинг очиқ бозорлари, Хитой саноатига катта миқдордаги сармоялари ва Америка университетларида ўқиётган юз минглаб хитойлик талабалар Хитойнинг тез суръатлар билан ўсиши ва технологик янгиланиши учун жуда зарур эди. Шунингдек, Хитойдан халқаро дипломатияда фаолроқ роль ўйнашни ёки АҚШ давлат котибининг собиқ муовини Роберт Зеллик айтганидек, халқаро саҳнада «масъул манфаатдор» сифатида иштирокини кенгайтиришни айнан АҚШ қўллаб-қувватлади.
Икки давлат муносабатларининг кескинлашуви Дональд Трамп президентликка келгандан кейин кучайиб кетди. Бу даврда кўпчилик таҳлилчилар икки давлат ўртасидаги муносабатларни «Янги совуқ уруш» сифатида таъкидлай бошлади. Бунга етарлича асослар ҳам бор эди. Улар далил сифатида нафақат Ҳинд-Тинч океанида тобора кучайиб бораётган ҳарбий рақобат, икки давлат ўртасидаги савдо уруши ва ўзаро жорий қилина бошланган иқтисодий санкцияларни асос қилиб кўрсатишди. Шунингдек, АҚШ 2017 йил декабрида Хитой ва Россияни душман сифатида бирлаштирган Миллий хавфсизлик стратегиясини қабул қилди. Пандемия бошланган давргача ўзаро муносабатлар эса тобора таранглашиб борди. СОVID-19 икки томонлама муносабатларга деярли ёрдам бермади. Умумий муаммони ҳал қилишда ҳамкорлик қилиш ўрнига, Америка Қўшма Штатлари ва Хитой пандемия учун ким айбдор ва қайси сиёсий тизим бунга жавоб беришга қодирроқ бўлгани тўғрисида кураш олиб боришди.
2020 йил иккинчи ярмида Трамп маъмурияти турли чиқишларда, ҳукумат ҳужжатларида, мақолаларда ва твитларда асосан Хитойга қарши «совуқ уруш» эълон қилди. Трамп Хитойнинг хатти-ҳаракатлари мавжуд либерал халқаро тартибни ағдариш ва унинг ўрнини Хитой гегемонлиги билан алмаштиришга қаратилганини таъкидлади. 1950—1960 йиллардаги АҚШ-совет иттифоқи муносабатлари кўплаб мамлакатларни ўз ичига олган мураккаб муносабатлар тўплами эди. Ҳеч бир куч, қанчалик қудратли бўлмасин, ўз-ўзидан совуқ уруш яратолмайди.
Совуқ урушга сабаб бўлувчи муҳим омиллар мавжуд эмас
АҚШ-Хитой стратегик рақобатида Қўшма Штатларнинг совет иттифоқи ва унинг иттифоқчилари билан бўлган совуқ урушининг учта муҳим ва ўзаро боғлиқ элементлари йўқ: АҚШ ва Хитой учинчи томонни ўзига жалб қилишга қаратилган глобал мафкура учун кураш олиб бормаяпти; бугунги кунда жуда глобаллашган дунё кескин ажратилган иқтисодий блокларга бўлинмайди ва уларни осонликча ажратиб бўлмайди; Қўшма Штатлар ва Хитой ХХ аср ўрталарида Корея ва Вьетнамда қонли урушлар олиб борган, Берлин ва Куба каби ҳудудларда ядро инқирозини келтириб чиқарган қарама-қарши иттифоқ тизимларини бошқармаяпти.
Бугунги кунда жаҳон сиёсатидаги вазият АҚШ учун ўзига хос ва мураккаб. АҚШнинг кўплаб иттифоқчилари ва савдо шериклари Хитойга қарши ҳаракатларни қўллаб-қувватласа-да, Хитойни ўз режимларининг ҳаёти учун мавжуд бўлган таҳдид деб ҳисобламайдилар. Агар президент Жо Байден Трамп маъмуриятининг Хитойга нисбатан совуқ уруш ҳолатига ўхшаш позициясини сақлаб қоладиган бўлса, Қўшма Штатлар ўзини заифлаштириши мумкин. АҚШ 60дан ортиқ давлатлар билан иттифоқ ва хавфсизлик бўйича келишувларга эга ва уларнинг аксарияти дунёдаги энг технологик давлатлар ҳисобланади ва АҚШга боғланиб қолмаган. Буни Хитойнинг иттифоқчилар галереяси билан таққосланг: Шимолий Корея, Эрон, Покистон, Судан, Зимбабве ва бошқалар.
Совуқ уруш ва замонавий АҚШ-Хитой стратегик рақобати ўртасидаги ҳақиқий фарқ Хитой совет иттифоқининг 1950 ва 1960-йилларда эришган имкониятларига нисбатан чекланган глобал кучга эга. Аммо охирги 10 йилликда Хитой ҳамма томондан юксалишга эришди ва айни пайтда АҚШнинг Осиёдаги ҳар қандай иттифоқчисига қараганда анча кучли.
Хитой ва Япония, Тайван ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатлари (шу жумладан, АҚШнинг яқин иттифоқчиси Филиппин) ўртасидаги денгиз можаролари АҚШ ва Хитойни тўғридан тўғри зиддиятга жалб қилишнинг энг катта хавфини туғдиради. Аммо Қўшма Штатлар денгиз ҳудудини осонгина эгаллаб олиши ва назоратида сақлаб туриши мумкин эмас. Бундан ташқари, Тайвандан бошқа, Хитой яқинидаги баҳсли ороллар босқинчилик учун жозибали мақсад эмас.
Юқоридаги омиллардан ташқари яна уч омил замонавий АҚШ-Хитой стратегик рақобатини совуқ уруш давридаги жуда хатарли вазиятдан фарқлайди. Агар Қўшма Штатлар ва Хитой бир-бирига қарама-қарши ва иқтисодий жиҳатдан бирлашган иттифоқ блокларига ажралган бўлганда ўзаро рақобат денгиздан қуруқлик минтақаларга ўтиб кетган бўларди ва хавф даражаси ошиб кетарди. Шунингдек, Хитой дунёнинг олис минтақаларида АҚШга қарши чиқиш учун ўз ҳарбий қудратини лойиҳалашга қодир бўлмаса ҳам, АҚШнинг иттифоқчилари ва шерикларига нисбатан ғоявий ташвиқотларини кучайтирарди. Хитой ўз мафкурасини бутун дунёга ёйишга ҳаракат қилаётгани ёки унинг бошқа мамлакатлар билан муносабатлари мафкуравий асослангани ҳақида далиллар кам.
Баъзи кузатувчилар ХХР раиси Си Цзинпиннинг 2017 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган 19-партия съездидаги баёнотида фикрларини келтиришади.
«Хитойнинг ўзига хос хусусиятларига эга бўлган социализм йўли, назарияси, тизими ва маданияти ривожланиб бормоқда ва бошқа ривожланаётган мамлакатларнинг модернизациясига эришиш йўлидаги янги изни яратмоқда. Бу ўз мустақиллигини сақлаб қолиш билан ўз тараққиётини тезлаштирмоқчи бўлган бошқа мамлакатлар ва давлатлар учун янги вариантни таклиф этади», — деган у.
Бошқа томондан унинг баёноти «Хитой модели»ни чет элга экспорт қилишга чақиргандан кўра кўпроқ Хитой Коммунистик партиясининг (ХКП) бошқарув шакли ва иқтисодий сиёсатини оқлашга қаратилган.
Пекин ҳукумати мамлакат ичида авторитар ва кўпинча қўрқинчли равишда репрессив бўлса-да ( Шинжондаги оммавий лагерлар, Тибетдаги сиёсий низолар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши репрессиялар) Россиядан фарқли ўлароқ, Шарқий Европада ва ундан ташқарида демократия ёки бошқа тузумларни бузишга уринаётгани йўқ. Хитой бошқа мамлакатларнинг ички тузилмаларига нисбатан агностик муносабат билдиради. Бунинг ўрнига, Пекин бошқа мамлакатларнинг Хитой суверенитетига оид низолар ва Хитой билан иқтисодий ҳамкорликка бўлган муносабатлари ҳақида кўпроқ ташвишланади.
Россияда бўлган собиқ хитойлик дипломат Ши Зе Москва ва Пекин ўртасидаги фарқни қуйидагича изоҳлаган: «Хитой ва Россиянинг муносабатлари турлича. Россия амалдаги халқаро тартибни бузмоқчи. Россия ўз иқтисодиёти ва жамияти ривожланмаганини халқаро тизимнинг қурбони деб билади. Аммо Хитой амалдаги халқаро тизимдан фойда кўради. Биз уни бузиш учун эмас, балки такомиллаштиришни ва ўзгартиришни хоҳлаймиз».
Стенфорд университети таҳлилчиларининг фикрига кўра, Пекиннинг мақсадлари асосан Хитойнинг авторитар моделини чет элга экспорт қилишдан кўра, Коммунистик партия бошқарувини ташқи танқид ва таҳдиддан ҳимоя қилишга қаратилган.
Ўз мақсадларига якун ясаш
Байденнинг Хитойга бўлган ёндашуви АҚШнинг иттифоқчилари ва шериклари билан бузилган муносабатларни тиклашни тақозо этади, аммо иттифоқчилар ва шерикларга АҚШ ва Хитой ўртасида танлов қилиш учун босим ўтказишга уриниш хато бўлади.
Хитойлик мутахассислар Пекин Ҳинд-Тинч океанида совуқ уруш иттифоқи шаклланишига тўсқинлик қилиши мумкинлигига ишонишади. Уларнинг таъкидлашича, Америка Қўшма Штатлари эмас, балки Хитой, АҚШнинг Осиё-Тинч океанидаги энг муҳим иттифоқчилари, шу жумладан, Япония, Жанубий Корея ва Австралия учун энг катта иқтисодий шерикдир.
Жанубий Хитой денгизидаги суверенитет низолари бўйича зиддиятларга қарамай, Жануби-Шарқий Осиё халқлари ассоциациясига (АСEАН) аъзо бўлган ўнта давлат ҳам иқтисодий жиҳатдан Хитойга боғлиқ. Хитойлик таҳлилчилар ушбу штатлар АҚШ бошчилигидаги Хитойга қарши коалиция учун камбағал номзодлар эканига урғу беришади. Шунингдек, мутахассислар Япония ва Жанубий Кореянинг бир-бирига нисбатан ички зиддиятда эканини таъкидлашади. Ушбу кескинликни Шарқий Осиёдаги япон империализмининг аччиқ тарихи билан боғлашади.
Нимага аҳамият бериш керак?
Хитойнинг глобал ишлаб чиқариш занжиридаги ҳаётий мавқейи ва авторитаризм ва либерал демократия ўртасида мафкуравий устунлик учун курашнинг йўқлиги айни пайтда совуқ уруш бошланиши эҳтимолини камайтиради. Янги совуқ уруш бошланиши учун иккита омил ўзгариши керак. Агар Хитой авторитаризмни кучайтириш ва бутун дунёдаги демократик давлатларга путур етказиш бўйича онгли кампанияни бошласа, у ҳолда АҚШ ва Хитой иттифоқчилари тезда бир-бирига қарши курашишни бошлашади. Агар Пекин глобал ишлаб чиқариш занжирининг бир қисмини чет эллик ишлаб чиқарувчиларга эмас, балки ўз иттифоқчилари билан алмаштирса ва глобал бозорларга камроқ ишонадиган бўлса, унда Хитой мафкуравий кураш харажатларини қабул қилишга тайёр бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
14:54
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024