15:43 / 08.04.2021
9749

Бишкекда ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилиб митинг ўтказилмоқда

Митинг иштирокчиларининг сўзларига кўра, милиция ходимлари ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарамоқда ва фуқаролар ўлимига олиб келаётган жиноятлар тўғрисидаги маълумотларга эътибор бермаяпти.

Фото: 24.kg

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги биноси олдида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаракатсизлигига қарши митинг ўтказилмоқда, деб хабар берди ТАСС.

Хабарда айтилишича, митингда 200 нафарга яқин киши қатнашмоқда, улар ички ишлар вазири Улан Ниязбековнинг истеъфосини талаб қилишмоқда. Митинг иштирокчиларининг сўзларига кўра, милиция ходимлари ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарамоқда ва фуқаролар ўлимига олиб келаётган жиноятлар тўғрисидаги маълумотларга эътибор бермаяпти.

Митинг ўтказилишига 26 ёшли Айзада Канатбекованинг ўлдирилиши сабаб бўлди. 5 апрел куни ижтимоий тармоқларда номаълум шахслар аёлни автомобилга куч билан ўтқазиб, уни олиб қочишгани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Орадан икки кун ўтгач, Бишкек четида аёл ва уни олиб қочганлардан бирининг жасади бўлган автомобил топилди. Экспертиза хулосасига кўра, эркак аввал Канатбековани ўлдирган, сўнгра ўз жонига қасд қилган.

Митинг қатнашчилари жамоатчилик бонг уришига қарамасдан, ИИВ аёлни қидириб топиш ва уни қутқариш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаган деб ҳисоблашмоқда.

Top