18:54 / 08.04.2021
28472

Қўйлар нега туман ҳокимлиги олдига ҳайдаб келинди? — Нуробод туман ҳокими изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига қўй суруви ҳайдаб келгани тасвирланган видео 6 апрел куни тарқалди. Ҳокимлик биноси олдига ҳайдаб келинган 1,5 мингга яқин қўйдан иборат пода одамлар орасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Айни масала юзасидан бугун, 8 апрел куни Самарқанд вилоят ҳокимлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зоиров, туман ИИБ, солиқ бошқармаси раҳбари ва туман прокурори қатнашди.

Биринчи бўлиб сўз олган Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зоировнинг айтишича, одамлар орасида кластер тизимига ўтиш тарғиботи амалга оширилган бўлса-да, тушунмовчиликлар сақланиб қолгани учун юқоридаги ҳолат юзага келган.

«Нуробод туманининг 356 минг гектар ерлари яйлов сифатида рўйхатга олинган. Туманимиз чорвачиликка мослашган. 2020 йилда президент қарори билан яйловлар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси тасарруфига ўтказилди. Бу қарордан кейин қўмита барча ерларни рўйхатга олди. Шу асосида туманда иккита кластер ташкил этилди ва бу икки кластерга яйловлар ижарага берилди («Самарқанд қоракўл кластер» МЧЖ корхонасига 151 минг гектар, «SP LUXE» МЧЖ қўшма корхонасига 197,2 гектар).

Кластерлар олдига маҳсулот ишлаб чиқаришдан уни қайта ишлашгача бўлган жараённи назорат қилиш вазифаси қўйилди.

Туман марказига яқин қишлоқларда «SP LUXE» кластери томонидан фермер хўжалиги ташкил этилиб, уларга 49 йилга ер ижарага берилган. Фермер хўжалигида 1 450 та чорва боқилмоқда.

Видеоси тарқалган ҳолатда бошқа ҳудуддан қўйлар ҳайдаб борилган. Шундан сўнг «SP LUXE» МЧЖ вакиллари билан бирга вазият ўрганилди. Бу қўйлар орасида аҳолининг чорваси бўлмаган. Аҳолига чорваларини рўйхатга олган ҳолда МЧЖ ташкил этиб, қонуний ҳаракат қилиш тушунтирилди. Учрашувда одамларга юридик шахс очилган ҳолатда ер уларга кластердан ижарага берилиши айтилди», — деди Нуробод туман ҳокими Ф.Зоиров.

Ҳокимлик биноси олдига сурувларини ҳайдаб борган Қиличли маҳалласи Нуробод туман ИИБга қарашли сектор ҳисобланади. Сектор раҳбари, туман ИИО ФМБ бошлиғи Аслам Очилов ҳам матбуот анжуманида иштирок этди ва унинг айтишича, фуқаролардан олдин бу яйлов билан боғлиқ муаммо борасида мурожаат бўлмаган.

«Бир ойда тўрт марта фуқаролар билан учрашаман. Мурожаатлар асосан йўллар, коммунал ва ишсизлик масаласида бўлади. Яйлов борасида шу вақтгача мурожаат бўлмаган», — деди А.Очилов.

ИИО ФМБ бошлиғининг айтишича, ҳокимлик биноси олдига сурувини ҳайдаб келган ҳеч ким жазоланмади.

«Одамлар шунчаки вазиятдан норози эканини билдирди, ҳеч қандай зарар етказилгани йўқ. Шу сабаб ҳозирча ҳеч ким жазолангани йўқ», — деди Аслам Очилов.

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Нуробод туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари Бобур Исмоилов муаммони қисқа қилиб тушунтирди.

«Туманда 98 та фермер хўжалиги бор, улардан 6 таси МЖЧ кўринишида наслчилик билан шуғулланади. Ҳудудда фуқароларнинг чорва боқишига ҳеч қандай қаршилик йўқ. Улар базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 бараварига тенг миқдорда тўлов амалга оширган ҳолда чорвасини боқиши мумкин. Яъни битта қўй учун бир йилда кластерга шунча пул тўлаш керак. Одамлар эса «кластерга аъзо бўлсам, қўйларим ҳам кластерга ўтиб кетади», деб хато ўйлайди. Аслида бундай эмас, фуқаро кластерга пулини тўлаб, чорвасини боқиши мумкин. Солиқларни кластер тўлайди», деди туман бош солиқчиси.

Туман ҳокимлиги олдига қўйлар ҳайдаб келиниши ортидан Нурободда яйловдан ғалла учун 40 гектар ер ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарори бекор бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Яқиндагина янги лавозимда киришган Нуробод тумани прокурори Норсулув Сойипованинг аниқлик киритишича, бу ҳоким қарорининг бекор бўлишига ҳокимлик биноси олдига қўйлар ҳайдаб келинишининг алоқаси йўқ.

«Ишга яқинда келган бўлсам-да, бу борадаги ҳужжатларни кўриб чиқдим ва гап нимада эканини тушунишга ҳаракат қилдим. 2020 йил 9 декабр куни фуқаролардан бири туман ҳокимига лалми ердан ғалла экиш учун ер ажратишни сўраган. Унга туман ҳокимлиги захирасида турган 40 гектар лалми ер 30 йилга ижара асосида ажратиб берилган.

Бу ернинг яйловга алоқаси йўқ. Ижара шартномаси асосида тадбиркорга 30 миллион сўм инвестиция киритиш шарти қўйилган. Бу талаб тадбиркорга оғирлик қилган кўринади, у 15 март куни ариза билан мурожаат қилиб, ерни қайтиб берган. Ер қайтиб берилишининг туман ҳокимлиги олдида содир бўлган воқеага алоқаси йўқ», — деди туман прокурори.

Туман ҳокими Ф.Зоировнинг тушунтиришича, ҳудудда кластер тизимининг жорий этилиши одамлар учун ҳам фойдали.

«Бир нарсани тушуниш керак, Нурободдаги яйловлар кўпчилик ўйлаётгани каби бойларга бўлиб берилмаган. Ерлар Пиллачилик ва қоракўлчилик давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилган. Қўмита эса ерни ўз навбатида кластерга ижарага берган. Бу эса яйловда фақат кластердагилар чорва боқади дегани эмас, одамлар ҳам солиғини тўлаб, қўй боқаверсин.

Юқорида солиқчимиз айтганидек, битта қўйга бир йилда 315 минг тўлаш керак бўлади, чунки кластер ҳам ерни ижарага олган. Бундан ташқари, одамлар яхшигина имтиёзга ҳам эга бўлмоқда. Масалан, янги насллар олиб келингач, аҳоли ҳам чорваларини янги насллиларига янгилаб олиши мумкин. Кластер ҳудудда мавжуд бўлган муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда, муаммо туғдиришга эмас.

Кластер ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши кўзланган ва бу ҳудудга саноат кириб келади. Саноат эса ривожланишни тезлаштиради. Бизда узоқ йиллар наслчилик ва бўрдоқичилик муаммо бўлиб келган. Биз мана шу устида ишлаб, аҳолининг чорвасини ҳам гўштга мослашган наслларга алмаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки гўшт доим сотиш мумкин бўлган маҳсулот, ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам.

Бизда ер кўп. Энди-энди фермер хўжаликлари ташкил этилиб, ер бўлиш бошланди. Йиғилган қўйлар аҳолиники эмас, бошқа ердан ҳайдаб келинган. Шу ҳолатдан кейин қишлоқ аҳолисига иккита МЧЖ ташкил этилган ҳолда уларга ер ажратиладиган бўлди. Яъни одамлар чорвалари сонига қараб, қонуний ерга эга бўлади.

Кластернинг пайдо бўлгани озиқ-овқат масаласида ҳам жуда муҳим. Чунки улар қурғоқчилик бўлган вақтда озуқа масаласини ҳал қилиш бўйича ишлайди.

Масалан, 2018 йил қурғоқчилик бўлганида сурувларимизни Бахмал, Зомин, Тошкент вилояти ва ҳатто Намангангача олиб кетган вақтимиз бўлди. Илоҳим, бундай қурғоқчилик бошқа такрорланмасин, лекин бу ҳолат яна такрорланса, қийналиб қоламиз», — деди туман ҳокими.

Фахриддин Зоировнинг айтишича, қоракўлчилик фойдасиз йўналиш эмас ва у мамлакатнинг бренди.

«Қоракўлчилик фойдасиз соҳага айланиб қолган деб ўйламайман, шунчаки уни ривожлантириш керак. Бизда узоқ вақт наслчилик ривожланмай қолди. Замон билан ҳамнафас бўлиб янги турлар яратилса, қоракўл терилари ҳамон бозорбоп», — деди Ф.Зоиров.

Маълумот учун, 2020 йил 2 сентябр куни «Пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони эълон қилинганди. Унда 2021 йил 1 июлга қадар республиканинг яйловларга эга барча ҳудудларида озуқа базасини яратган ҳолда майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, тери ва жунни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш бўйича қоракўлчилик кластерлари ташкил этилиши кўзда тутилган.

2020 йил 10 ноябрда эса «Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинганди. Қарорда соҳани ривожлантириш учун тузилган қўмита олдига қўйилган вазифалар саналган.

2021 йил 9 февралда бу борада яна бир ҳужжат қабул қилинди. «Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида 2021 йил 1 мартга қадар қоракўлчилик кластерлари томонидан қўй ва эчкиларни бўрдоқига боқиш комплексларини ташкил этиш мақсадида уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан озуқалар етиштириш учун ер майдонлари ажратилиши таъкидланганди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Top