Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан олис қишлоқлардаги тиббиёт масканларининг ҳолати билан журналистлар таништирилди. Очиғи, Сазоғондаги шифохона бизда катта таассурот қолдирди.

Бўлимда айни кунларда дунёга келган 6 та чақалоқ сақланаётган экан. Бир йилда Сазоғондаги туғуруқ бўлимда 360-370 нафар чақалоқ дунёга келар экан.

1932 йилдан буён фаолият кўрсатаётган тиббиёт масканига яқинда ҳомийлик ёрдами билан сендвич панеллардан янги замонавий корпус икки ой ичида қуриб фойдаланишга топширилибди. Бу ерда 50 қатновга мўлжалланган поликлиника, дантист хонаси, 5 тадан болалар, тепапия ва туғуруқ ўринларига эга стационар 11 минг аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Бино янги, иссиқ ва совуқ сув, барча ускуналар бор, тартиб-тамойилга кўра текин дори-дармонлар ўз вақтида етказилиб турилибди. Боз устига бундай олис масканда хизмат олиб бораётган тиббиёт ходимларининг ойлик маошига устамалар ҳам қўшиб берилар экан.

Сўлим масканда ҳордиқ чиқиб турган сазоғонлик отахонлар билан суҳбатлашдик. Улар барча шароитлар етарли экани, барча кадрлар ўзларининг қишлоғидан чиққани, ҳар йили тиббиёт олийгоҳининг ўзига қишлоқдан 15-20 чоғли ёшлар ўқишга киришини тўлқинланиб гапириб беришди. Тиббиётчи кадрлар, ҳамширалар билан қишлоқ нафақат маҳаллий ҳудудий бўлимни, шунингдек қўшни маҳаллаларни ҳам таъминлашар экан.

Яқиндагина мактаб ўқувчилари ўртасида “Заковат” республика танловида 2-ўринни қўлга киритган 11-мактаб ҳам шу қишлоқда жойлашганини отахонлар фахр билан гапириб беришди.
Умуман, ҳамкасблар билан шу куни Паст Дарғом, Нуробод ва Самарқанд туманларининг бир қатор олис қишлоқларида бўлдик.
Паст Дарғом туманининг Катта Чандир маҳалласида ТТБга қарашли «Фаровон» оилавий шифокорлик пункти 3,5 минг аҳолига хизмат кўрсатмоқда экан. Беморлар билан суҳбатлашганимизда улар яратилган шароитлардан миннатдорлигини билдиришди.























