Ўзбекистон | 14:17 / 08.04.2021
5301
4 дақиқада ўқилади

Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси «Фарғона иссиқлик электр маркази»да бўлди

Электр энергиясисиз бугунги жамият тараққиётини тасаввур этиб бўлмайди. Уйда дейсизми ёки ишхонада, электр энергияси инсон учун қулай шароит яратадиган ажралмас ёрдамчига айланди.

Тараққиётнинг кейинги босқичида электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари сони ортиб бораётганига қарамасдан, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам соҳанинг «энг оғир юки»ни иссиқлик электр станциялари тортиб келмоқда. Юртимизда жами электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмидаги иссиқлик электр станцияларининг умумий ҳиссаси қарийб 85 фоизни ташкил қилади.

Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма «Фарғона иссиқлик электр маркази» жамиятида бўлиб, «Иссиқлик электр станциялари» жамияти ташаббуси билан Япония ва Ўзбекистон ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳа билан танишди.

Корхонага ташриф буюрган мартабали меҳмон Фарғона шаҳар ҳокимлиги ҳамда «Фарғона иссиқлик электр маркази» раҳбарлари иштирокида ўтказилган учрашувда қатнашди. Унда «Фарғона иссиқлик электр маркази» АЖ директори Эркинжон Ҳамидов сўз олиб, меҳмонларни Япониянинг «НЭДО» корхонаси билан ҳамкорликда юқори самарали технологияларни татбиқ этиш бўйича амалга оширган ишлар билан таништирди. Элчи Ёшинори Фужияма соҳадаги ҳамкорликлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда хизмат қилишини таъкидлади.

Фарғона шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев мартабали меҳмонга ўз тилакларини билдириб эсдалик совғаларини топширди.   

 Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Япония «НЭДО» корхонасининг ички имкониятларидан келиб чиқиб, «Фарғона ИЭМ» АЖ корхонаси ҳудудида битта 17 МВт қувватли ва Фарғона шаҳар қозонхонаси РК – 3 ёнида битта 7 МВт қувватли юқори самарали когенерацион газ турбиналари технологияларини татбиқ этиш лойиҳаси юзасидан 2017 йил 21 февралда Ўзбекистон Республикаси президентининг ПҚ – 2794 сонли «Фарғона ИЭМ ҳудудида ва Фарғона шаҳар қозонхонаси РК-3 ёнида юқори самарали когенерацион газ турбина қурилмалари технологиясини татбиқ этиш чоралари тўғрисида»ги қарори тасдиқланган эди.

Ушбу қарорга мувофиқ, лойиҳа ташаббусчиси этиб «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, лойиҳа буюртмачиси «Фарғона ИЭМ» АЖ, бош лойиҳачи «Иссиқликэлектрлойиҳа» АЖ ҳамда бош пудратчи этиб «Ўзбекгидроэнегоқурилиш» АЖ белгиланганди. Лойиҳанинг умумий қиймати – 83 626,3 минг АҚШ доллари бўлиб, шундан Япония давлатининг грант қиймати – 49 563,8 минг АҚШ доллари,  қолган 34 062,5 минг АҚШ доллари «Иссиқлик электр станциялари» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан бажарилиши белгилаб қўйилган.

 «ГТУ-17МВт» объекти бўйича 2019 йили когенерацион газ турбина қурилмаси бутловчи қисмлари билан Япония давлати томонидан тўлиқ етказилиб берилди ва монтаж ишлари амалга оширилди. 2020 йилда лойиҳада режалаштирилган барча бино ва иншоотлар тўлиқ битказилди ва газ турбина қурилмаси 2020 йил декабрь ойида муддатидан олдин ишга туширилди. Айни пайтда тўлиқ қувватда ишлаб, Қиргули мавзеси аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик энергияси етказиб бериб, тармоққа электр энергиясини узатиб келмоқда.

Элчи Ёшинори Фужияма «Фарғона иссиқлик электр маркази»даги «ГТУ-17МВт» объекти ва унда иш олиб бораётган мутахассислар фаолияти билан танишди.

Мавзуга оид