21:37 / 09.04.2021
10650

Шавкат Мирзиёев шаҳзода Филипп вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги қироличаси Елизавета II Ҳазрати Олияларига Эдинбург герцоги, шаҳзода Филипп вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

PA MEDIA

«Ҳазрати Олиялари! Турмуш ўртоғингиз - Эдинбург герцоги, шаҳзода Филипп Ҳазрати Олийлари вафот этгани муносабати билан Сизга самимий таъзия ва ҳамдардлик изҳор этаман.

Буюк Британия халқи учун мусибатли бўлган ушбу дамларда Сиз учраган жудоликка қайғудошман.

Шундай оғир бир паллада Сиз, Ҳазрати Олияларига ва қироллик оиласининг барча аъзоларига сабр-тоқат ва бардамлик тилайман», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати томонидан келтирилган таъзия матнида.

Шаҳзода Филипп соғлиғи ёмонлашгани туфайли Букингем саройининг расмий тадбирларида 2017 йилдан буён иштирок этмай келаётганди. У 2021 йилнинг февралида шифохонага ётқизилган, у ерда бир ой даволанган ва юрагини операция қилдирганди. 9 апрел куни Букингем саройи Эдинбург герцоги вафот этганини маълум қилди.

Top