Ўзбекистон | 09:29 / 11.04.2021
5368
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бир кунда 40 мингдан ортиқ киши эмланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир кунда коронавирусга қарши эмланганлар сони рекорд даражага етгани ҳақида хабар қилди.

«10 апрель куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан жами 40359 нафар киши COVID-19га қарши эмланди. 

Шу тариқа, айни кунгача мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 148 642 нафарга етди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида. 

10 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича Фарғона вилоятида рекорд қайд этилиб, бир куннинг ўзида 10 мингдан ортиқ киши (10868 нафар) эмланди.  

«Эътиборли жиҳати шуки, Наманган ва Фарғона вилоятларида коронавирусга қарши эмланган жами аҳоли 15 минг нафардан ошиб, 20 минг нафарга яқинлашди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси COVAX дастури доирасида бепул тақдим этилган AstraZeneca вакцинаси (660 минг доза) ҳамда Хитойда ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси (1 миллион доза) билан эмланмоқда.

COVAX дастури доирасида жорий йилнинг май-июн ойларида 2 млн доза AstraZeneca, апрел-июн ойларида эса 3,5 млн доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда. 

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид