19:29 / 14.04.2021
3553

Никол Пашинян апрел охирида истеъфога чиқишини маълум қилди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатда муддатдан аввал парламент сайловлари ўтказилиши учун апрелнинг охирги 10 кунлигида истеъфога чиқишини маълум қилди. 

Фото: Reuters

 “Апрелнинг охирги 10 кунлигида истеъфога чиқаман. Истеъфога чиққанимнинг 7-куни парламентда янги бош вазир сайловлари бўлиб ўтади. Бош вазир лавозимига номзодим “Менинг қадамим” фракциясидан илгари сурилади. Бошқа фракциялар сайловларга номзодини илгари сурмайди. Мени бош вазир этиб сайлашмайди”, деб тушунтирган Пашинян парламентдаги “ҳукумат соати” вақтида.

Унинг айтишича, шундан кейин бош вазирни сайлашга яна битта уриниш амалга оширилади. Унда “Менинг қадамим” фракциясининг учдан бир аъзоси Пашинян номзодини бош вазир лавозимига илгари суради.

“Бошқа фракциялар яна ўз номзодини илгари сурмайди. Мен яна сайланмайман, шундан кейин Арманистон парламенти тарқатилади ва 20 июнга муддатдан аввал парламент сайловлари ўтказилиши белгиланади”, деб таъкидлаб ўтган Пашинян.  

Арманистон конституциясига кўра, Арманистон парламентини тарқатиш учун бош вазир истеъфога чиқиши лозим. Агар парламент янги бош вазирни икки уринишда сайлай олмаса, унда парламент автоматик равишда тарқатилади, сўнгра парламентга янги сайловлар бўлиб ўтади. Шундан кейин янги бош вазирни парламентдаги кўпчилик тайинлайди.  

Парламент сайловлари Арманистоннинг сайлов кодексига киритилган янги тузатмалар бўйича ўтади. Бу тузатмалар сайловларнинг рейтинг тизимидан воз кечишни ва овоз беришнинг фақат пропорционал тизим бўйича ўтказилишини кўзда тутади.

Арманистон парламентидаги мухолиф фракциялар сайловларнинг янгиланган сайлов кодекси бўйича ўтказилишига рози бўлган. 

 Бироқ парламентдан ташқари мухолифат муддатдан аввал парламент сайловлари амалдаги раҳбариятсиз ва вақтинчалик ҳукумат шакллантирилгандан кейин ўтказилиши кераклигини айтмоқда.

Top