Ўзбекистон | 10:47 / 15.04.2021
3649
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 300 минг кишидан ошди

14 апрель куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида коронавирус инфекциясига қарши яна 43 896 киши эмланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 300 854 нафарга етди.

13 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни:

  • Қашқадарё вилояти (6 444 нафар), 
  • Андижон вилояти (6 150 нафар),  
  • Фарғона вилояти (4 271 нафар) банд қилди. 

«Эътиборли жиҳати шуки, Андижон ва Наманган вилоятларида коронавирусга қарши эмланган жами аҳоли сони 30 минг нафардан ошиқ бўлгани кўринмоқда (Андижон 37 344 нафар, Наманган 33 446). Жами эмланганлар сони бўйича ҳамон Фарғона вилояти биринчи ўринни эгаллаб турибди (47 946 нафар)», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан вилоятлар марказлари ва катта шаҳарларда бошланди. Май ойида эмлаш тадбирлари туман марказлари ва кичик шаҳарларда амалга оширилади.

Вакцина 65 ёшдан ошган фуқароларга ва COVID-19ни юқтириш хавфи бўлган тиббиёт ходимларига бепул берилмоқда. Июнь ойида эса бошқа аҳоли қатламини ҳам эмлашни бошлаш режалаштирилган.

Айни пайтда ўзбекистонликлар AstraZeneca ва Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси билан эмланмоқда. 

COVAX дастури доирасида жорий йилнинг май-июн ойларида 2 млн доза AstraZeneca, апрел-июн ойларида эса 3,5 млн доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда. 

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид