Ўзбекистон | 11:26 / 15.04.2021
38837
2 дақиқада ўқилади

Солиқчилар сотувчи аёллардан бирини ерда судрагани акс этган видео тарқалди

Ижтимоий тармоқларда солиқ органи ходимлари сотувчи аёлларнинг буюмларини тортиб олишга уриниб, ерда судрагани акс этган видео тарқалди. Бу ҳолат интернет фойдаланувчилари орасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Видеода маълум бўлишича, солиқчилар кўчада сотувчилик қилаётган аёлларнинг буюмларини тортиб олиб, машинага юклашга уринган. Жараённи видеога олган аёлнинг айтишича, 10 A 042 РA рақамли автомобилда келиб, сотувчи аёлларнинг буюмларини тортиб олишга уринган шахслар солиқ органи ходимларидир. Aёллардан бири буюмларини беришни хоҳламаган, солиқ органи ходими уни ерда судраб, сумкасини мажбуран олиб қўйган.

«Уйимда нон қолмади, бер нарсаларимни», дея бақиради сотувчи аёл.

Солиқчилардан бири «бу ер бозор эмас»лигини айтади. «Неча марта келиш керак», дея дағдаға қилади у.

Ҳозирча воқеа қачон ва қаерда содир бўлгани маълум эмас. Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, қўмита бу ҳолатни ўрганмоқда ва тез орада расмий маълумот берилади.

Шунингдек, ДСҚ матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда ушбу видео тарқалган гуруҳларда шундай изоҳ қолдирган:

«Давлат солиқ қўмитаси мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиб, батафсил маълумот беради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам солиқ органлари ходимларига куч ишлатиш ваколати берилмаган. Шунинг учун аввало видеода иштирок этганлар шахсига ойдинлик киритилади. Келтирилган фактлар тасдиқланган тақдирда айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади». 

Мавзуга оид