Иқтисодиёт | 16:32 / 18.04.2021
36790
9 дақиқада ўқилади

Жаҳон молия бозорида «доллар эраси» тугамоқдами? Байден маъмурияти хавотирлари ва Хитойнинг рақамли валюта сиёсати

Ички бозорни назорат қилишдан глобал молиявий соҳада рақобатлашишга қадар кўплаб мақсадларни амалга оширишга қаратилган Хитойнинг рақамли валюта сиёсати нимани англатади?

Хитой жаҳон сиёсатида етакчиликка агрессив тарзда интилишда давом этмоқда. Сўнгги бир неча йил давомида Хитойда ички савдода мобил тўлов платформаларидан фойдаланиш сезиларли равишда ошди ва нақд пулда амалга ошириладиган операциялар сони кескин камайиб кетди. Шу билан бир қаторда, пандемия даврида Хитой Марказий банкининг рақамли валюталарини (CBDC) ривожлантиришига нисбатан ички ва глобал қизиқиши кучайди.

Бундан ташқари, Хитой ҳукумати мамлакат ичкарисида ўзининг рақамли авторитаризмини мустаҳкамлашга интилаётган бўлса, бошқа томондан мамлакат ичкарисидаги маблағларнинг ташқарига чиқиб кетиши устидан назоратни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. CBDC сиёсати Пекиннинг ички кузатувини кучайтириш мақсадида сунъий интеллектга асосланган катта маълумотлар базасини яратиш ва ундан фойдаланишга интилишини янада мустаҳкамлайди.

Шунингдек, Хитойнинг рақамли валюта сиёсати жаҳон молия бозорида ўзининг рақобатлашадиган воситаларига эга бўлган ҳолда ҳамма билан ўз шартларида курашишга тайёрланаётганини англатувчи сигналдир. Қайсидир маънода бу сиёсатни савдо уруши даврида АҚШ ҳукумати томонидан Хитойга нисбатан кўплаб молиявий чекловлар натижасида Коммунистик партия томонидан чиқарилган ўзига хос хулоса сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Ҳаммаси қачон бошланган эди

Дастлаб, Миллий рақамли валютани ишлаб чиқиш Хитой халқ банки томонидан 2014 йилда ички гуруҳ тузилишидан бошланди. 2016 йилда марказий банк Рақамли валюта институти деб номланган бўлим яратди.

Хитой расмийлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2018 йилда Нью-Йоркда бўлиб ўтган ахборот технологиялари соҳасига бағишланган конференциясида Хитой рақамли валютаси қандай ишлаши ва унинг келажагини сунъий интеллект ва робототехника ютуқлари билан баҳолаганди.

2018 йил охирида Хитой тадқиқотчилари CBDC’нинг ривожланиши мамлакат учун иқтисодий таҳдидларнинг камайиши ва жаҳон бозорида долларнинг доминантлигига зарба бериши мумкинлигини таъкидлаган.

2019 йил охирида Шанҳайда бўлиб ўтган конференцияда Хитой халқаро иқтисодий биржалар маркази раиси ўринбосари Хуанг Қифан Хитойнинг рақамли валюта лойиҳасини АҚШнинг банклараро молиявий хабар алмашишдаги молиявий ва сиёсий таъсирига қарши ҳимоя сифатида эътироф этган.

Жорий йилнинг март ойидан бошлаб, электрон хитой юани Шеньчжень, Шанҳай ва Пекин каби йирик шаҳарларда энг сўнгги синовдан ўтказилиши бошланди.

Ўтган йил давомида Шензҳен, Сузҳоу, Ҳинган ва Чэнду шаҳарларида рақамли пул синовлари ўтказилган.

«Дунё бўйлаб марказий банклар томонидан тезроқ ҳаракатлана оладиган ва энг кам таъминланган кишиларга ҳам онлайн молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятини берадиган рақамли пулларнинг янги шаклларини синаб кўришга қаратилган ҳаракатлар бошланди», дейилади ҳукумат баёнотида.

Айни пайтда Хитой халқ банки мамлакат бўйлаб барча шаҳарларда рақамли юанни синовдан ўтказишни амалга оширди ва виртуал валютани чиқарадиган биринчи йирик марказий банк сифатида қайд этилмоқда.

Хитой расмийлари рақамли валютани мамлакатдаги банкноталар ва тангаларни алмаштириш, крипто-валюталардан фойдаланишни камайтириш ва мавжуд бўлган хусусий секторни электрон тўловлар тизимига ўтказишни кучайтириш, дея изоҳлаётган бўлса-да, амалда яқин келажак учун катта ютуқларга умид қилмоқда.

Рақамли юан келаси йил Пекинда бўлиб ўтадиган қишки олимпиада ўйинларида фаол равишда тарғиб қилиниши кутилмоқда. Бу, Хитой ҳукумати умид қилганидек, валютани халқаро миқёсга олиб чиқиш учун ўзига хос кўприк вазифасини ўташи мумкин.

Халқаро майдонда рақамли валютага нисбатан қизиқиш кучайиб бормоқда

Рақамли валюталарни иқтисодиётга жорий қилишда халқаро майдонда Хитой етакчилик қилмоқда. Халқаро ҳисоб-китоб банки тадқиқотларига кўра, Хитойда 2020 йил бошидан бошлаб 63та Марказий банкларнинг 80 фоизи CBDC’лар бўйича тадқиқотлар ва тажрибалар ўтказган.

Рақамли валюталар пул-кредит сиёсатини тўғридан тўғри узатиш имконияти мавжудлиги ва рақамли тўлов инфратузилмасининг хавфсизлиги сабаб кўпчилик давлатларда қизиқишни кучайтирмоқда. Уругвай, Швеция ва Багама ороллари каби мамлакатларда ҳам рақамли валюталар синови ўтказилаётган бўлса-да, Хитой рақамли пулларни синовдан ўтказишни амалга оширишни кучайтирган энг йирик иқтисодиётдир.

Халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотларига кўра, сўнгги 12 ой ичида 60дан ортиқ мамлакатларда миллий рақамли валюталар билан тажриба ўтказилган.

Хитой халқ банки маълумотларига кўра, CBDC бир сонияда камида 250 мингта транзакцияларни амалга оширади ва охирги бир йилда Хитойда рақамли валюта билан савдо қилиш улуши 50 фоиздан кўпроқ миқдорда ошган.

Шунингдек, Хитой халқ банки ва Европа марказий банки ўртасида рақамли валютани ривожлантириш тўғрисида шартнома тузилди. Бу Хитой томони эришган энг катта муваффақиятли қадам ҳисобланади. АҚШнинг босими остида кўплаб Ғарб давлатларида Хитойнинг рақамли компанияларига тақиқ ва чекловлар ўрнатилганидан кейинги даврда бу шартнома Хитой томони учун жуда муҳим юриш ҳисобланади.

Қўшма Штатлар қандай йўл тутмоқчи?

Байден жамоаси Хитойнинг рақамли юанидан келиб чиқадиган потенциал таҳдидлар бўйича аллақачон ўйлашни бошлаган. Хитойнинг рақамли юанга оид режаларини текшириш кучайтирилмоқда, баъзи расмийлар бу қадам долларни дунёнинг устун захира валютаси сифатида ағдариш бўйича узоқ муддатли режа эканлигини таъкидламоқда.

Америкалик мутахассисларнинг фикрича, рақамли валюта сиёсатида бирор-бир йирик куч Хитойга тенг эмас. Унинг дастлабки ҳаракатлари дунёнинг қолган қисми рақамли валюталар билан қаерга боришини кўрсатиши мумкин.

«Бу Хитой иқтисодиёти янада ақлли ва реал вақтда маълумотларга асосланган бўлиши учун маълумотларни йиғиш ва ушбу маълумотлардан фойдаланишга янги воситаларни ишлаб чиқиш имкониятини беради», деди Янги Америка хавфсизлик маркази тадқиқотчиси Яя Фануси.

Хитой Марказий банки рақамли юандан халқаро тўловларда фойдаланиш имкониятларини ўрганаётгани сабабли, АҚШ ҳам рақамли доллар яратиш масаласини фаол кўриб чиқишни бошлади.

АҚШ ҳукумати Федерал резервлар тизими раиси Жером Пауэллнинг таъкидлашича, АҚШ бу борада биринчи бўлиши шарт эмас, Қўшма Штатлар бу ишни тўғри амалга ошириши талаб этилади.

«Хитойнинг молия тизими ўта заиф ва долларнинг дунё захира валютаси мақомига ҳақиқий таҳдид солиши мумкин эмас. Бундан ташқари, одамлар АҚШ регуляторига Хитойга қараганда кўпроқ ишонишади», деб изоҳ билдирди АҚШ валюта-молия институтлари форуми раиси Марк Собел.

Бошқа бир таҳлилчи, АҚШ Ғазначилик котиби Жанет Еллен суверен рақамли валюталарни ишлаб чиқаришни кўриб чиқишни бошлаш мантиқан тўғри бўлишини айтмоқда. Унинг фикрича, долларнинг рақамли версияси АҚШда кам даромадли уй хўжаликлари орасида молиявий тўсиқларни ҳал қилишга ёрдам беради.

Хулоса ўрнида

ХIХ асрнинг асосий захира валютаси шубҳасиз, Буюк Британиянинг фунти эди. Британия империяси гуллаб-яшнаган даврда бу халқаро тижоратнинг қони ва империя қудрати сақланиб туриши учун барқарор омил бўлиб хизмат қилган. Ҳозирги кунда бу ролни шубҳасиз АҚШ доллари ўйнайди, гарчи бир қутбли дунё кўп қутблига айланган бўлса-да, халқаро савдода доллар етакчилигини сақлаб қолди.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Хитойнинг рақамли валюта стратегияси глобал иқтисодий куч марказини ўзгартиришда муҳим омил бўлади, аммо айни пайтда халқаро ҳисоб-китоб операцияларининг 60 фоизи ҳали ҳам АҚШ долларида амалга оширилмоқда. Хитой юани эса глобал валюта захираларининг атиги 2 фоизини ташкил қилади.

Пандемия даврида Пекин расмийлари тузилаётган кўплаб савдо шартномаларни рақамли валютада амалга оширишга ҳаракат қилди. Ҳукумат расмийлари глобал молия тизимида мустаҳкам ўрнашиш ва АҚШнинг халқаро стандартларни белгиловчи ролини йўқотиш мақсадида рақамли валюта сиёсатини жорий қилишда етакчиликка интилмоқда.

Кўпчилик Хитойнинг электрон пул сиёсатига шубҳа билан қараётган бўлса-да, ҳозирда жаҳон бозори Европадан Осиёга томон кўчмоқда. Бу ҳудуддаги мамлакатларнинг жуда катта қисмининг ташқи савдо айланмасида Хитой етакчилик қилади. Бундан ташқари, дунёнинг глобал кучга эга компаниялари ва ишлаб чиқарувчилари учун ҳам маҳсулот сотишда Хитой энг катта бозор ҳисобланади. Савдо уруши пайтида биргина Жанубий Корея ва Австралияга нисбатан экспорт тақиқи қўйилиши, бу мамлакатларга қанчалик иқтисодий таъсир кўрсатганини ва ён беришга мажбур қилгани ҳам кузатилди.

Бир неча йил олдин глобал ишлаб чиқаришда кичик улушга эга бўлган Хитой иқтисодиёти бугунги кунда бу кўрсаткични 14,5 фоизга олиб чиқди. Агар Хитой ўзининг рақамли пулларини мамлакатдан ташқарига олиб чиқиб, кенг тарқалишига эриша олса, бу долларнинг халқаро доминант валюта сифатидаги ролига жиддий зарба беради. Шунингдек, Хитойнинг Америка санкцияларидан қочиши ва мамлакат молия тизимини химоя қилишда электрон юан таянч вазифани ўташи мумкин.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид