13:50 / 19.04.2021
13116

Ҳафта ўртасида об-ҳаво ўзгариши кутилмоқда - «Ўзгидромет»

Фото: KUN.UZ

Бугун Ўзбекистон бўйича кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Қорақалпоғистон шимолий туманларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди. Кун ўртасига келиб ҳаво ҳарорати 24-27 даража иссиққача кўтарилади.

20-21 апрелда Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво массалари, сўнг Урал ҳудудларидан деярли совуқ антициклон кириб келади.

20 апрелда кундуз куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида фақат баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси 12-17 даража, кундузи 17-22 даража илиқ атрофида бўлади.

21 апрелда республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ билан кузатилади. Кундузги ҳаво ҳарорати 13-18 даража илиққача пасаяди.

Республиканинг айрим туманларида 20-21 апрелда шамол 17-22 м/с гача кучайиши мумкин.

Республика тоғолди ва тоғли ҳудудларида 20-21 апрелда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, сел келиши хавфи бор.

Иш ҳафтаси иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлади.

22 апрелда совуқ антициклон перифериясида ҳарорат кечалари 3-8 даража илиққача пасаяди, кундуз кунги ҳарорат эса аста-секин кўтарила бошлайди ва кундузи ҳаво 17-20 даража илиққача, 23 апрелда эса 22-25 даража иссиққача кўтарилади.

Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида 2200 метрдан юқорида қор кўчиши хавфи бор.

Top