11:13 / 19.04.2021
7567

Испания: талабаларга турар жой топишда ёрдам кўрсатиш хизмати

Европанинг бир қанча давлатларида университет талабалари (бакалавр, магистр, докторант) ва ўқитувчиларига ижарага олиш учун турар жой топишда ёрдам кўрсатиш хизмати мавжуд. Хизматдан ҳам маҳаллий, ҳам хорижий талаба ва ўқитувчилар фойдаланиши мумкин.

Жумладан, Испанияда ҳам шундай хизматлар мавжуд ва биз ҳам ҳозирда яшаб турган уйимизни шундай хизматдан фойдаланган ҳолда топганмиз. Бугун шу хизмат – Resa Housing платформаси ва унинг қандай ишлаши ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Испанияга ўқишга келмоқчи бўлганларга фойдаси тегиши мумкин.  

Resa Housing хизмати платформасининг бош саҳифаси

Хизмат қандай ишлайди?

Resa Housing хизмати (платформаси) Каталония мухтор ҳамжамиятининг кўпгина ҳудудларида, жумладан, Барселона ва Жиронада жойлашган олий таълим муассасаларига ўқишга кирган талабалар (ўқитувчиларга ҳам) турар жой топишда ёрдам беради.

Хизмат уй эгалари билан ҳамкорликда ишлайди: уларнинг ижара эълонлари хизмат платформасига жойланади, хизмат ижарачилар билан мулоқот қилиш, уларни уй эгалари билан учраштириш, улар ўртасида шартнома тузиш ва шу каби бошқа ишларни амалга оширади.

Бу хизмат Ўзбекистондаги Olx.uz, Uybor.uz каби сайтларга ўхшаш эмас. Чунки ушбу хизматдан фойдаланиш учун, албатта, бирор университетда талаба ёки ўқитувчи бўлишингиз керак. Талаба ёки ўқитувчи бўлмаганлар хизматдан фойдалана олмайди (Olx.uz, Uybor.uz каби сайтлар ҳам кўп, уларда одатда маклер, кўчмас мулк агентликлари эълонлари, айрим ҳолларда уй эгаларининг эълонлари бўлиб, улар фақат талаба ва ўқитувчиларга йўналтирилмаган, умумий сайтлар).

Бунда, дастлаб, хизмат сайтидан рўйхатдан ўтишингиз керак. Рўйхатдан ўтиш жараёнида шахсингизга оид маълумотлар билан бирга университетингиз, факультетингиз ва университетдан бирор масъул шахс контактларини киритасиз. Хизмат сизнинг чиндан талаба ёки ўқитувчи эканингизни шу шахсдан аниқлаб олади.

Рўйхатдан ўтгач, сайтдан ўз ҳудудингизни танлаб, мавжуд квартираларни кўриб чиқасиз. Платформада турар жой излашда қачон кўчиб кириш ва чиқиб кетиш санангиз, қандай турар жой излаётганингизни (тўлиқ квартира, хона ёки уй эгаси билан бирга яшаладиган уй) ҳам белгилаб қидиришингиз мумкин. Сизга маъқул турар жой топилгач, ижарага олиш ҳақида сўров юборасиз.

Жирона шаҳри, Барри Вел маҳалласидан изланганда чиққан квартиралардан бири. Квартира 3 хонали ва нархи ойига 775 евро эканини кўриш мумкин, тавсифда коммунал тўловлар алоҳида тўланиши ёзилган (2021 йил, 11 апрель).

Сўнг хизмат вакили сўровингизга жавоб ёзиб, квартирани ижарага олиш учун нималар қилиш кераклигини айтади.

Одатда бундай хизматлардан квартира олишингизда 2 ойлик ижара пулига тенг миқдордаги суммани депозит сифатида топширасиз (кўчмас мулк агентликлари, маклерлар ва уй эгасидан квартира олсангиз ҳам депозит суммаси топширилади). Ижара муддати тугагач, бу сумма ўзингизга қайтарилади (30 кун муддат ичида).

Лекин квартирадан чиқишингизда ниманидир бузган, синдирган ёки нимагадир шикаст етказган бўлсангиз, уларнинг ҳақи депозит пулидан ушлаб қолинади. Қолгани қайтарилади.

Сўров юборганингиздан сўнг квартира эгаси уйни сизга ижарага беришга розилик бериши керак (рўйхатдан ўтганингиздаги маълумотларингизни кўриб чиқади). Розилик берилгач, квартира сиз учун банд қилинади ва сайтда «Банд қилинди» ёрлиғи қўйилади.

Квартирани сайтдан банд қилгач, 48 соат ичида депозит суммаси, квартиранинг 1-ойи учун ижара ҳақи ва хизмат тўловини ўтказишингиз (тўлашингиз) керак бўлади. Агар 48 соат ичида тўловларни амалга оширмасангиз, танлаган квартирангиз сайтда бошқалар ижарага олиши учун яна очиб қўйилади.

Тўловларни амалга оширганингиздан кейин хизмат офисига борасиз. Хизмат вакили сизни уй эгаси билан таништиради, ижара шартномаси шартларини иккалангизга ҳам тушунтиради. Сўнг шартномани имзолаб, уй эгаси билан квартирага борасиз. Уй кўрсатилади, калитлар топширилади, масала – ҳал.

Айтганимдек, биз ҳам ҳозир яшаб турган уйимизни Resa Housing орқали топганмиз. Уй 3 хонали ва ижара ҳақи ойига 650 евро (коммунал тўловлари ичида). Бу Жирона учун жуда яхши нарх, 3 хонали квартирани бу нархга топиш мушкул.

Қуйида яшаб турган уйимиз суратлари келтирилган.

Биз Resa Housing хизмати орқали ижарага олган уйнинг умумий хонаси

 

Уйдаги дарсхона
Уй ошхонаси
Кир ювиш машинаси, тозалаш асбоблари ва оёқ кийимлар жавони учун ажратилган хона
Ётоқхона деразаси ва унинг ёнидаги уй жиҳозлари

Хизмат нархи қанча?

Бундан бир неча ой олдинги вақтларгача мазкур хизмат ҳақи кўчмас мулк агентликлари/маклерларнинг хизмат ҳақидан 3-5 баробарга арзон эди: Resa Housing ўз хизмати учун ҳар бир ижарачидан 85 евро оларди. Масалан, биз икки киши учун (мен ва рафиқам) хизмат ҳақи сифатида 170 евро тўлаганмиз.

Лекин яқиндан бошлаб Resa Housing платформаси хизмат ҳақини оширди: ҳозирда (2021 йил, апрель) бу ҳақ тузиладиган ижара шартномаси суммасининг 8% га тенг, бироқ хизмат ҳақи 200 евродан кам ва 599 евродан кўп бўлмаслиги керак.

Яъни сиз 400 евролик хонани 10 ой учун ижарага олсангиз, ижара шартномаси суммаси 4000 евро бўлади. Бунинг 8 фоизи 320 евро бўлади. Бундан ташқари, кўрсатилган хизмат учун 21% ҚҚСни ҳам тўлашингиз керак бўлади.

Кўчмас мулк агентлик ва маклерларнинг хизмат ҳақи одатда олаётган квартирангизнинг 1 ойлик (баъзан 2 ойлик) ҳақига тенг. Шунингдек, ҚҚСни ҳам тўлашингиз лозим.

Афзалликлар

Бундай хизматлар талаба ва ўқитувчилар учун жуда қулай ва ҳамёнбоп. Жумладан, хизматнинг афзалликлари қуйидагилардан иборат:

1. Ишончли ва қулай. Айнан талабаларга эмас, умуман, исталган кишиларга мўлжалланган, агентликлар ҳам, уй эгалари ҳам ижара эълонларини қўювчи сайтлар анчагина. Бунда уй эгаси қўйган эълон орқали квартирани ижарага олсангиз, хизмат ҳақи тўламайсиз. Лекин бундай эълонлар орқали ижарага олиш 2 ноқулай жиҳатга эга:

а) Эълонни қўйган шахс фирибгар бўлиши, унга сўров юборсангиз, тезроқ депозитни тўлашингиз, бўлмаса квартирани бошқага бериб юборишини айтиши, депозитни олгач, ғойиб бўлиши мумкин. Бундай фирибгарлик Испанияда кенг тарқалган. Resa Housing каби хизматлар билан фирибгарлар хавотиридан халос бўласиз.

б) Уй эгаси инглиз тилини билмаслиги мумкин. Агар инглиз тилида ўқишга келаётган бўлсангиз ва испан/каталан тилини билмасангиз, инглиз тилидан бехабар уй эгалари (кўпчилик бехабар) сиз билан гаплашмаслиги ва турар жой топиш қийин кечиши ҳамда кўп вақт олиши мумкин. Resa Housing каби хизматлар эса ҳам инглизча, ҳам испанча/каталанча сўзлашувчи ходимларга эга.

2. Хизмат ижара борасида айнан талаба ва ўқитувчилар мушкулини енгил қилиш учун йўлга қўйилгани сабабли платформадаги барча уйларда деярли ҳамма нарса бўлади. Биз ижарага олган уйда ҳам барча нарса ҳозир: идиш-товоқ (ниҳоятда турли ва кўп), телевизор, музлаткич, кондиционер, кир ювиш машинаси, кофе қайнатадиган махсус электр чойнак, микротўлқинли печь, тостер, дарс стол ва курсилари, овқат стол ва курсилари, электр плита, блендер, дазмол ва дазмол столи, соч қуриткич ва ҳ.к.

3. Доимий ёрдам. Ижара даври мобайнида ижара ва квартирага оид ҳар қандай муаммо ёки масалани мазкур хизмат орқали ҳал қилишингиз мумкин.

4. Хизмат ҳақи маклер (кўчмас мулк агентликлари)нинг хизмат ҳақидан арзонроққа тушиши мумкин (баъзан арзонга тушмайди).

Ноқулайликлар

Албатта, бундай хизматнинг ноқулайлик, бир оз қийинчилик туғдирувчи томонлари ҳам бор. Улар қуйидагилар:

1. Хизмат ҳақи талабага қимматлик қилиши мумкин. Хизмат ҳақи аксарият ҳолларда кўчмас мулк агентликлари ҳақидан арзонроққа тушсада, бари бир анчагина сумма бўлади. Уй эгасининг ўзи қўйган эълон орқали топсангиз ҳеч қандай хизмат ҳақи тўламайсиз. Лекин испан ёки каталан тилини билмасангиз, уй эгаси билан мулоқот қилишингиз қийин кечади.

2. Оилангиз билан келсангиз ва оила аъзонгиз талаба бўлмаса, қўшимча амаллар зарур. Ўзингиз талаба бўлиб, турмуш ўртоғингиз талаба бўлмаса ва Каталонияга у билан бирга келаётган бўлсангиз, мазкур хизматдан фойдаланиш учун қўшимча ҳаракатлар талаб этилади. Чунки платформадан уйни ижарага олувчи ҳар бир шахс (оила аъзоси бўлса ҳам) алоҳида рўйхатдан ўтиши керак. Платформа эса талаба бўлмаганларга хизмат кўрсатмайди.

Лекин бу масалани ҳал қилса бўлади: бунда турмуш ўртоғингизни ҳам ўз университетингиз ва факультетингиз талабаси сифатида кўрсатиб, сизнинг талаба эканингизни тасдиқловчи университет ходимига бу ҳақида хабар беришингиз мумкин. Университет ходими сизни талаба эканингиз ва турмуш ўртоғингиз билан келаётганингизни тасдиқлайди. Бундай усулга Resa Housing ҳам қаршилик билдирмайди. Resa Housing хизматига турмуш ўртоғингиз масаласи ҳақида ёзсангиз, уларнинг ўзи ҳам худди шундай қилишни айтади (Resa Housing хизматини олдиндан бу ҳақида огоҳлантирган маъқул). Демак, бу жиҳатни ҳам, бир оз қўшимча ҳаракатлар талаб қилсада, бемалол ҳал қилса бўлади.

3. Квартирани фақат тўлов қилиб бўлганингиздан кейин кўра оласиз. Платформада квартира расмлари жойланади. Улар анчагина кўп бўлади ва шу расмлар талабани квартира/уй ҳақида тўлиқ тасаввур билан таъминлаши керак. Чунки талаба квартирани фақат тўлов қилиб, шартномани имзолагандан кейин кўра олади.

Албатта, уй суратлардагидан анча ёмон бўлсачи, деган ўй хаёлга келиши мумкин. Лекин бу эҳтимолдан бир оз узоқ: хизмат суратларнинг уй ҳолатини максимал даражада аниқ тасвирлаб беришини талаб қилади.

4. Бир вақтда фақат битта квартира/уй/хонани ижарага олиш учун банд қила оласиз. Бирдан 2 ёки ундан ортиқ турар жойни банд қилиб бўлмайди. Мабодо 1-бўлиб банд қилган квартирангиз эгаси уйини сизга беришга рози бўлмаса (уй эгаси узоғи билан 2 сутка ичида жавобини айтиши керак), кутиш вақтида сизга мос бўлган бошқа квартираларни бошқалар банд қилиб қўйиши мумкин.

Мақсуд Саломов
Испания

Top