17:07 / 19.04.2021
10185

Ўзбекистон иқтисодиёти кучли ўсиш траекториясига қайтди

Республика иқтисодиёти инқирозгача бўлган динамикага қайтишга фаол интилмоқда. Бу ЯИМнинг ўтган йил биринчи чорагига нисбатан 14 фоиз ўсганида ўз ифодасини топди.       

2021 йилнинг биринчи чораги якунида Ўзбекистон иқтисодиёти кучли ўсиш траекториясига қайтди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.

Қайд этилишича, дастлабки 3 ойда республика ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 3 фоизга ошиб, 128,6 трлн сўмни ташкил этди. 2020 йилда эса бу кўрсаткич 110,5 трлн сўмга тўғри келган.

Асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда мамлакатда инфляция даражаси пасайишда давом этаётгани, нархларнинг кўтарилиши биринчи чоракда 2,5 фоизни, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан эса 2,8 фоизни ташкил этгани келтирилган.

«Бироқ, инфляциянинг асосий омили озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши бўлиб, улар 2020 йил декабрга нисбатан 3,1 фоизга ўсди, шу билан бирга ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пасайиш кузатилди (2020 йилнинг дастлабки 3 ойида 4,3 фоизга).

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши 1,7 фоиз даражасида сақланиб қолди. Аммо хизматлар нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тез суръатларда ўсди. Яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 фоиз, жорий йилнинг дастлабки уч ойида 1,5 фоиз», дейилади маълумотда.

Шунингдек, ўтган 3 ойда саноат маҳсулотлари ҳажми 91,5 трлн сўмни (3,8 фоиз ўсди) ташкил этди. 2020 йилда бу кўрсаткич 82,2 трлн сўм бўлган.

Хизматлар жорий йил илк чорагида 61 трлн сўм (5,8 фоиз ўсди) бўлди. Ўтган йилги рақамлар 50,4 трлн сўмга тўғри келган.

Чакана савдо товар айланмаси 46,7 трлн сўм (2,8 фоиз ўсди) бўлиб, бир йил олдинги ҳажм 40,1 трлн сўм бўлган.

Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги биринчи чоракда 29,9 трлн сўмни (3,1 фоиз ўсди) ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 25,2 трлн сўм бўлган.

2021 йил 1-чорагида қурилиш ишлари 19,5 трлн сўмни (0,5 фоиз ўсди) ташкил этди. 2020 йилда эса 15,5 трлн сўмга тўғри келган.

Манба жорий йилнинг 1-чорагида пасайиш кўрсаткичлари экспорт, импорт ва ташқи савдо айланмасида кузатилганини очиқлади. Хусусан, экспорт 2,4 млрд долларни (26,5 фоизга тушди), импорт ҳажми 4,7 млрд долларни (1,3 фоизга тушди), ташқи савдо айланмаси 7,1 млрд долларни (11,6 фоизга пастлади) ташкил этди.  Ўтган йилда экспорт ҳажми 3,4 млрд доллар бўлган бўлса, импорт 4,8 млрд долларни, ташқи савдо айланмаси ҳажми 8,1 млрд долларни ташкил этган.

Асосий капиталга киритилган инвестициялар жорий йил 1-чорагида 35,6 трлн сўм (3,5 фоизга тушди) бўлди. Ўтган йили эса 33,3 трлн сўмни ташкил этган.

Марказга кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига глобал инқироз таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Бу ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ўсиш суръатлари ва ташқи савдонинг пасайишида (асосан олтин экспортининг тўхташи билан боғлиқ) ўз аксини топяпти. 

Top