Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёда инфляция қаерда энг юқори ва энг паст?
Халқаро валюта жамғармасининг 2026 йил учун прогнозларига кўра, Венесуэла дунёдаги энг юқори инфляцияга эга мамлакат бўлиб қолмоқда. Коста-Рика эса нархлар пасайиши — дефляция кузатилиши кутилган ягона давлат сифатида қайд этилди.
ХВЖнинг 2026 йил апрель ойида эълон қилинган World Economic Outlook ҳисоботига кўра, Венесуэлада йиллик ўртача инфляция 387,4 фоизга етиши мумкин. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Мутахассислар бу ҳолатни мамлакатда узоқ йиллардан бери давом этаётган сиёсий инқироз, иқтисодий бошқарувдаги муаммолар ва аҳолининг оммавий эмиграцияси билан изоҳламоқда. Дунёдаги энг йирик нефть захираларидан бирига эга бўлишига қарамай, 2014 йилда нефть нархларининг кескин пасайиши Венесуэла иқтисодиётига жиддий зарба берган.
Юқори инфляция қайд этилаётган нефть экспорт қилувчи давлатлар қаторида Эрон (68,9 фоиз), Нигерия (16 фоиз) ва Ливия (10,5 фоиз) ҳам бор.
Рейтингнинг иккинчи томонида эса Кариб ҳавзаси мамлакатлари жойлашган. Аруба, Белиз, Гренада, Панама, Сент-Винсент ва Гренадин ороллари ҳамда Багама оролларида инфляция даражаси тахминан 1 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Коста-Рикада эса 2026 йил якунида нархлар ўртача 0,4 фоизга пасайиши прогноз қилинган. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, дефляция истеъмолчилар учун ижобий кўринса-да, узоқ муддатли даврда талабнинг пасайиши, бизнес даромадларининг қисқариши ва иш ҳақларига босим ўтказиши мумкин.
Шу билан бирга, Аргентина ҳам юқори инфляциядан чиқиш учун курашни давом эттирмоқда. Президент Хавьер Милей ҳукумати давлат харажатларини қисқартириш ва субсидияларни камайтириш орқали инфляцияни пасайтиришга эришган бўлса-да, мамлакатда 2026 йил учун инфляция 30,4 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда.
Милейнинг энг баҳсли ғояларидан бири иқтисодиётни долларлаштириш — миллий валютани АҚШ доллари билан алмаштириш таклифи бўлган. Бироқ 2026 йил ҳолатига кўра, Аргентина ҳануз ўз миллий валютаси — песодан фойдаланмоқда.
ХВЖ прогнозларига кўра, жаҳон иқтисодиёти 2026 йилда ўсишда давом этади, аммо ўсиш суръати 3,1 фоизгача секинлашади. Шу билан бирга, инфляция ривожланаётган мамлакатлар учун асосий иқтисодий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Коста-Рикадаги дефляциядан тортиб Венесуэладаги қарийб 400 фоизлик инфляциягача бўлган улкан фарқ бугунги кунда мамлакатлар иқтисодиёти турлича ривожланаётганини яққол намоён этади.
Мавзуга оид
21:44 / 05.06.2026
Май ойидаги инфляция: қайси маҳсулот қанчага қимматлашди?
10:40 / 01.06.2026
Метан-шохобчаларда газ нархи кўтарилди
15:38 / 26.05.2026
Аҳоли ва бизнеснинг инфляция кутилмалари пасайди: асосий хавотир — коммунал хизматлар, ёнилғи ва энергия нархлари
18:09 / 29.04.2026