Ўзбекистон | 11:59 / 19.04.2021
21322
2 дақиқада ўқилади

Термиздаги ресторанда оммавий муштлашув юз берди

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Термиз шаҳридаги ресторанда содир бўлган оммавий муштлашув юзасидан расмий маълумот тақдим этди.

2021 йилнинг 16 апрел куни соат 19:10ларда 36 ёшли Нўъмон Н. ва 31 ёшли Аслиддин Т. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган “Хан Султан” номли ресторанда оила аъзолари билан алоҳида столда овқатланиб ўтирган пайтда, Нўъмон Н. уларга хизмат кўрсатаётган официант, 22 ёшли Заҳриддин Н. буюртмани вақтида олиб келмагани сабабли, уни ҳақорат қилган ва юзига шапалоқ урган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, шу вақтда уни тинчлантириб, безорилик ҳаракатларининг олдини олмоқчи бўлган 37 ёшли Заҳриддин Т., 41 ёшли Исмоил У. ва 29 ёшли Ноҳид А.га Нўъмон Н. қайнукаси Аслиддин Т. билан фаол қаршилик кўрсатиб, уларни уриб-дўппослаган ҳамда ресторан эшиги ойнаси, идиш жамланмаларини синдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Нўъмон Н. ва Аслиддин Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланганлар.

Тергов ҳаракатлари давомида, Нўъмон Н. ва Аслиддин Т. муқаддам безорилик жиноятлари учун судлангани аниқланган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Жиноят кодекси нормаларига кўра, бу турдаги жиноятлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Мавзуга оид