18:07 / 22.04.2021
20149

Лотин ёзувидаги қозоқ алифбоси лойиҳаси эълон қилинди

Қозоғистон президентининг «Қозоқ тили алифбосини кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Tengrinews хабарига кўра, агар фармон Қозоғистонда давлат раҳбари томонидан имзоланса, лотин ёзувига асосланган қозоқ тилининг янги алифбоси расмий равишда тасдиқланади.

Янги алифбода диграфлар, яъни битта товушни икки ёки ундан ортиқ белгилар билан белгилаш ишлатилмайди.

«Шуни таъкидлаш керакки, алифбонинг янги таҳририда мамлакат президентига 2021 йил январида тақдим этилган версияга нисбатан «Ң» ҳарфи ёзилиши бошқача. Давлат раҳбарининг фармонига иловада «ың» товуши лотин ёзувида «Ñ» деб кўрсатилган. Қосим-Жомарт Тўқаевга тақдим этилган жадвалда ҳарф «Ƞ»деб белгиланган», дейилади хабарда. 

Ҳужжат муҳокамаси 2021 йил 6 майга қадар давом этади. 2023 йилдан 2031 йилгача янги алифбога босқичма-босқич ўтиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойи ўрталарида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 28 ҳарф ва 1 та ҳарфлар бирикмасидан иборат бўлади. Эндиликда ушбу ўзбек-лотин алифбосидаги кўпчилик томонидан мунозарали деб ҳисобланган o‘, g‘ ҳарфлари, шунингдек, sh, ch қўшҳарфлари янгича кўринишларда ёзилади.

Top