Қашқадарёдаги қамоқхонада маҳкум вафот этди. У чиндан ҳам ўзини осганми?
Қашқадарёда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлардан бири ўзи туғилиб ўсган Наманган вилоятидаги манзилли колонияга ўтказилиши арафасида қамоқхонада вафот этди. Марҳумнинг яқинлари у ўзини осгани ҳақидаги расмий изоҳга шубҳа билан қараяпти.

Қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг турли сабаблар туфайли вафот этгани ҳақидаги гап сўзлар аҳён-аҳён қулоғимизга чалиниб туради. Бугун биз тўхталмоқчи бўлган воқеа ҳам бир маҳкумнинг қамоқхонада ўлим топгани билан боғлиқ. Аммо бу ўлим ҳодисасининг бироз сирли экани диққатимизни тортди.
Kun.uz таҳририятига чустлик Меҳрихон Ботированинг мурожаати келиб тушди. Унда айтилишича, содир этган оғир жинояти учун бундан 5 йил муқаддам озодликдан маҳрум этилган, эндигина 30 ёшни қаршилаган ўғли Шуҳрат Аъзамов шу йилнинг 26 март куни жазо муддатини ўтаётган Қарши шаҳри Шайхалиқўрғони қамоқхонасида вафот этган.
Муассаса маъмурияти ўлим сабабини «ўз жонига қасд қилиш» деб кўрсатган. Аммо изтироблар ичида яшаётган она фарзандининг ўз жонига қасд қилганига ишонмаяпти.
Шуҳрат Аъзамов ўлимидан икки кун аввал онасига нотаниш рақамдан, номаълум шахс орқали қўнғироқ қилади. Онанинг сўзларига кўра, ўғлини боғлаб берган шахснинг бироз тили чучукроқ, гапига тўлиқ тушуниб бўлмайдиган ҳолда гапирган.

«Гапига тушунмадим. Кимлигини сўраганимда Шуҳратнинг онасими деди, ҳа, деганимдан сўнг ўғлимга берди», – дейди аёл. Унинг айтишича, ўғли ундан ҳол-аҳвол сўраб, соғинганини айтган.
«Дадаси ўтиб қолгандан кейин менга роса суяниб қолганди. Ўғлимдан аҳволини сўрадим, тузукмисан, бошинг оғримаяптими дедим. Яхшиман, ҳеч қаерим оғримаяпти, ая, деди. Эртага борайми десам, келганингиз билан киритмайди деди. Ўзингизни эҳтиёт қилинг дея телефонни қўйди», – дея сўнгги сўзлашувни хотирлайди Меҳрихон Ботирова.
Меҳрихон Ботирова шундан кейин фарзанди билан бошқа гаплашмаган. Орадан икки кун ўтиб яна телефон бўлади. Қамоқхонадан келган қўнғироққа онахон эмас, катта ўғли жавоб беради. Телефон қилган шахс Шуҳратнинг соғлиги ёмонлашгани, тезроқ келишини ва онасини олиб келмасликни тайинлайди.
«Кўнглим бир нарса бўлганини сезди. Борсак, ўғлимни олиб кириб кетишди. Мен бошлиқнинг хонасига кириб ўтирдим. Улар мени сўроқ қилишди, оилам, улар ким, қаерда ишлайди, деб бирма-бир 2 соат давомида сўрайверишди. Мен боламни кўрай десам, олиб ўтираверишди», – дейди Меҳрихон Ботирова.

Унинг сўзларига кўра, қон босими ошиб кетгани сабабли қамоқхона ҳамшираси дори берган ва укол қилган. Орадан 2-3 соат ўтгач, Шуҳратнинг яқинларини касалхонага олиб боришади. Она шифохонага боргандагина ўғлининг ўлганини билган.
Онанинг айтишича, ўғли шу йилнинг апрел ойида жазони ижро этиш муассасасидан бўшатилиб, Наманган вилоятининг ўзидаги манзилли колониялардан бирига ўтказилиши кутилаётган бўлган.
Марҳумнинг акаси укасининг ўлими ҳақида сўраганда унинг ўз жонига қасд қилгани айтилган. Жасад олиб келиниб, марҳумнинг қариндошлари жасадни кўргандан сўнг ўзини осганига ишонишмаган. Меҳрихон Ботированинг укаси ва келини шифокор ва улар қайтадан экспертиза қилдирамиз дея ҳаракат қилишади. Лекин рухсат бўлмайди.
Марҳумнинг жасади 29 март куни олиб келиниб, 30 март куни дафн этилади.

Ҳодиса юзасидан изоҳ олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Шоҳрух Ғиёсов ва ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ахборот хизмати ходими Шаҳризод Шокировлар билан боғландик. Ҳар иккала мулозим ҳам ҳолат юзасидан деярли бир хил – махсус прокуратура терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бораётгани, бошқа ҳар қандай маълумот прокуратура органи томонидан берилиши мумкинлигини маълум қилишди.
Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Қашқадарё вилоят ИИБ Жазони ижро этиш бўлими 2-сон колониясида жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкум Шуҳрат Аъзамов шу йил 28 март куни соат 16 ларда колония ишлаб чиқариш корхонасининг алебастр сақлаш омборхонаси тўсинига телефон кабели билан ўзини осиб, жонига қасд қилган. Ҳолат юзасидан Қарши махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сўзимиз аввалида Шуҳрат Аъзамовнинг ўлими сирли экани ҳақида айтган эдик. Таассуфки, масъулларнинг жамоатчиликка ҳодиса ҳақида маълумотларни ошкор қилишни исташмаётгани маҳкумнинг ўлими атрофида турли шубҳа-гумонлар янада урчишига сабаб бўлмоқда.
Чироқчилик Юсуф Абдураҳмонов ёки андижонлик Алижон Абдукаримов ИИБ ходимларининг жисмоний қийноқлари сабаб вафот этгани ҳали жамоатчиликнинг ёдидан кўтарилиб улгургани йўқ.
Ўз оиласи бағрида юрган озод ва эркин фуқаронинг тақдири шу зайлда якун топганда, маҳкумнинг қамоқхона панжаралари ортида ўлим топиши «бахтсиз ҳодиса» экани ҳақида билдирилувчи ҳар қандай изоҳ киши қалбидаги шубҳани йўқота олмаса керак.
Тохиржон Турсунов,
Боймирза Халилов
Тавсия этамиз
Нима учун Кореяни танлаш ёки танламаслик керак? | SUBYEKTIV
Жамият | 19:02 / 30.06.2025
Уруш тугади, энди Исроил ва Эрон нима қилади?
Жаҳон | 12:02 / 30.06.2025
Кўчмас мулк савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштириляпти
Иқтисодиёт | 11:26 / 30.06.2025
Ҳиндистонда ўн миллионлаб одам уран билан ифлосланган сувни ичмоқда — олимлар
Жаҳон | 09:01 / 30.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Покистон ва АҚШ ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди
Жаҳон | 09:11
-
Озарбойжон – Россия: совуқлик фонида Embraer 190 ҳалокатига оид шов-шувли тафсилот пайдо бўлди
Жаҳон | 09:05
-
Хўжаободда профилактика инспекторини пичоқлаб ўлдирган шахс ушланди
Ўзбекистон | 09:00
-
Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги вакили тайинланди
Ўзбекистон | 08:55
Мавзуга оид

15:37 / 20.06.2025
Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик сув тармоғи тортилади

15:31 / 20.06.2025
Президент Китобдаги олтин конини аукцион асосида тадбиркорларга бериш бўйича топшириқ берди

15:13 / 20.06.2025
«Ойига 100 минг одамга хизмат қила олади» – президент Чиял деҳқон бозоридаги шароитларни яхшилашга кўрсатма берди

19:06 / 03.06.2025