Жаҳон | 21:33 / 23.04.2021
15715
3 дақиқада ўқилади

Суриялик денгизчи юк кемасида ёлғизликда 4 йилни ўтказишга мажбур бўлди

Суриялик денгизчи Муҳаммад Ойша Миср соҳиллари яқинида ташлаб кетилган юк кемасида 4 йил бир ўзи яшашга мажбур бўлди. Ниҳоят унга кемани тарк этишга рухсат берилди ва у уйига йўл олди.

Фото: Муҳаммад Ойша

 «Ўзимни қандай ҳис қиляпман? Ниҳоят турмадан чиққандекман. Мен ахийри оилам билан бирлашаман. Мен уларни яна кўраман», – деб айтган денгизчи.

2017 йилда MV Aman юк кемаси Мисрнинг Адабия портида муддати ўтиб кетган ҳимоя қурилмаси ва ҳужжатлар сабабли ушланган. Кеманинг Баҳрайндаги эгаси молиявий муаммоларга дуч келган, ундан фойдаланган ливанлик пудратчилар эса ёнилғига пул тўлашдан бош тортишган.

Кеманинг мисрлик капитани кемани тарк этгач, Миср суди кеманинг катта зобити бўлган Муҳаммад Ойша зиммасига MV Aman’ни қўриқлаш мажбуриятини юклаган. Суриянинг Тартус шаҳрида яшаган Ойшага ушбу буйруқдан кўзланган мақсад тушунтирилмаган. Кейинги бир неча ой ичида экипажнинг қолган аъзолари ҳам секин-аста кемани тарк этишган ва натижада кемада Ойшанинг бир ўзи қолиб кетган.

Муҳаммад ёлғизликда ўзини турли эрмаклар билан чалғитишга уринган. Денгизчини қўйиб юбормаганлари етмагандек, унга маош ҳам тўланмаган. Бу вақт ичида унинг онаси оламдан ўтган. Ўшанда Ойша ўз жонига қасд ҳам қилмоқчи бўлган. Унинг аҳволи тобора ёмонлашиб борган. Муҳаммаднинг таъкидлашича, тунлари кема гўёки тобутни эслатган.

 «Ҳеч нарса кўринмайди, эшитилмайди, гўёки тобутда ётгандексан», деб эсламоқда денгизчи.

2020 йил мартида довул вақтида кема лангардан узилиб, 8 километр ўз ҳолича сузиб юрган ва охири соҳилбўйидан бир неча юз метр узоқликда саёзликка ўтириб қолган. Бу Муҳаммадга мустақил равишда егулик топишга ва ҳаттоки телефонини қувватлаб олишига имкон берган.

 Кема эгаларининг таъкидлашича, улар денгизчига ёрдам беришмоқчи бўлган, бироқ суд қарорига таъсир кўрсата олишмаган ёки Муҳаммадни бошқа бирор киши билан алмаштира олишмаган. Уларнинг айтишича, Муҳаммад умуман суд буйруғини имзоламаслиги керак эди.

 Бу орада мутахассисларнинг таъкидлашича, агар MV Aman эгалари кемани ортга қайтаришга эртароқ ҳаракат қилганларида, бундай оқибатлардан қочиш мумкин бўларди.

Мавзуга оид