Ўзбекистон | 14:25 / 26.04.2021
3730
2 дақиқада ўқилади

Нукусда «Ласетти» ЙПХ ходимини босиб кетишига озгина қолди

Ижтимой тармоқларда Нукусдаги «Мега-Нукус» савдо маркази қаршисида «Ласетти» ЙПХ ходимини босиб кетишга озгина қолгани акс этган видео лавҳа тарқалди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, воқеа 25 апрель куни соат 13:45ларда содир бўлган. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙҲХБ ЙПХ ходими И.Искандаров Нукус шаҳар деҳқон бозори яқинида хизмат олиб бораётган вақтда «Ласетти» русумли автомобилни тўхтатган. 

Текширув давомида машинанинг ён ойналари тегишли рухсатномасиз қорайтирилганлигини аниқлаган. Ҳайдовчига қоидабузарлигини тушунтириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштиришини айтган вақтида ҳайдовчи ходимга бўйсунмасдан автомобилни бошқариб, воқеа жойидан кетиб қолган.

ЙПХ ходими ҳолат юзасидан ЙҲХБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, қонуний талабини бажармасдан кетиб қолган ҳайдовчига тегишли чора кўрилишини сўраган.

Ходимнинг билдиргиси асосида ҳолат ўрганилиб, кетиб қолган ҳайдовчи аниқланган ва белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди, дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид