Ўзбекистон | 12:18 / 28.04.2021
7600
3 дақиқада ўқилади

Тўрақўрғонда 9 ойлик келин эри томонидан аёвсиз калтаклаб келингани маълум бўлди

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Фузулий кўчаси 68-уйда яшовчи А.Х. турмуш ўртоғини аёвсиз калтаклаган. 

Маълум бўлишича, жанжал 31 март куни рашк туфайли келиб чиққан. 44 ёшли А.Х. 31 ёшли хотини У. Х.га тегишли бўлган телефонни титкилаб, янги йил байрамида бирга тушган суратини тополмаган ва бу суратни ўчириб юборгансан, дея жанжал бошлаган.
 
Жабрланувчининг айтишича, аслида бу суратни эрининг ўзи ўчирган, лекин буни кимдир мажбурлаб ўчиртириб юборган, дея рашк қилиб жанжал кўтарган ва хотинининг кийимларини ечиб, қўлига тушган нарса билан ура бошлаган. 

«Кетмон дастаси, оёқ кийими, супурги — қўлларига нима тушса, ураверди. Ташқарига чиқиб кетганларида қўлимга уксус олиб ичмоқчи бўлдим, ерга ётқизволиб яна урдилар, ҳушимни йўқотдим, ўрнимдан туролмайдиган ҳолатга келдим, бу зўравонлик 3 кеча-кундуз давом этаверди. Шу ҳолатдаям, майли, яшайвераман дедим, тирик қолиш учун ўзим ўчирдим расмни дедим, яна телефонимни титкилай бошлади, расмга тушиб кимгадир жўнатгансан деб, оёқ-қўлимни боғлаб яна уришга тушди, ўзимни ўнглолмайдиган даражага етдим. Соғ жойим қолмагунча уравердилар», — дейди жабрланувчи.

Маълум бўлишича, жабрланувчи турмуш ўртоғи билан оила қурганига 9 ойгина бўлган.

«Тўй бирдан бўлиб кетганди, суриштиришгаям улгурмагандик, ЗАГСдан кейин ўтволишади, деб шаръий никоҳ асосида турмуш қуришди, қизимнинг иккинчи турмуши эди бу. 

12 апрел куни қизим яшолмайман, опкетинглар, дея телефон қилди, олиб кетмоқчи бўлсам, куёвим аралашманг дея кўнмади. Эртаси куни қизимнинг ишхонасидагилар ўғлимга телефон қилиб, сингил керак бўлса олиб кетинглар дейишди, қизимни олишга бордик, олиб кетишга кўзим етмади, шунда «102»га қўнғироқ қилиб, участка нозири ёрдамида қизимни олиб чиқиб кетдик. Аҳволига қараб бўлмас эди, ҳайвон ҳам бунчалик калтакланмайди. Қизим 8 кун касалхонада ётиб даволанди. 27 апрел куни касалхонадан чиқди», — деди жабрланувчининг онаси Маърифат Қирғизбоева. 

Маълум бўлишича, ҳозирда зўравонга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Мавзуга оид