Ўзбекистон | 08:36 / 29.04.2021
3060
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро театр санъати фестивали ўтказилади

Вазирлар Маҳкамаси “Евросиё" халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат президентнинг "Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 26 майдаги фармонига мувофиқ қабул қилинган.

Қарор билан Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасининг "Евросиё" халқаро театр санъати фестивалини 2022 йилдан бошлаб икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • а) фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби;
  • б) қуйидагиларни назарда тутувчи фестивални ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом:
  • фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари;
  • фестивал доирасидаги илмий-амалий конференцияда иштирок этиш тартиби;
  • халқаро ҳайъат фаолиятини ташкил этиш ва фестивал иштирокчиларини баҳолаш тартиби;
  • фестивални молиялаштириш ва ғолибларни мукофотлаш.

Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига:

  • фестивалда хорижий давлатлардан иштирок этадиган театрлар жамоалари рўйхатини шакллантириш;
  • фестивалда намойиш этиладиган спектаклларни саралаш ишларини амалга ошириш;
  • очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарийси ва бадиий дастурларини тайёрлаш;
  • илмий-амалий конференцияда хорижий давлатлардан иштирок этадиган театршунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантириш;
  • илмий-амалий конференция материаллари тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш топширилди.

Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида амалга оширилади.

Сарф-харажатларнинг:

  • 50 фоизи - Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;
  • 50 фоизи - Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания, "Дунё" ахборот агентлиги ва бошқа ОАВга Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ёритиб бориш тавсия этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид