13:55 / 30.04.2021
9526

Дам олиш кунлари кутилаётган об-ҳаво маълум қилинди

Апрел ойининг сўнгги кунларида баҳор фаслига хос бўлмаган иссиқ об-ҳаво кузатилди. Бунинг сабаби, Эрон ҳудудларидан илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келишидир, деб хабар бермоқда “Ўзгидромет”. 

26-29 апрелда ҳарорат меъёрдан 8-10 даражага кўп бўлди. Кундуз кунлари ҳарорат 34-36 даража иссиқ, жанубда ва чўл ҳудудларида 37-39 даража иссиққа етди, бу апрел ойи охири учун бўлган рекорд қийматларга яқинлашди, айрим туманларда эса ушбу кунлар учун ҳароратнинг янги рекорди ўрнатилди.

Бугун, апрел ойининг охирги куни республика ҳудудлари бўйича Каспий денгизидан салқин ва бироз нам ҳаво кириб келиши бошланди. Осмонда булутлар пайдо бўлди, куннинг биринчи ярмида Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларининг айрим туманларида, кечга томон эса Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат 25-28 даража иссиқ атрофида бўлади.

Эртага республиканинг энг шарқий туманларида бироз беқарорлик сақланиб туради. Фарғона водийси вилоятларида ва тоғли туманларда кечаси ва эрталаб баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат ушбу даражада сақланиб туради.

Бугун ва эртага баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.

Якшанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 29-32 даража иссиққача, жанубда 34-37 даража иссиққача кўтарилади.

Top