Ўзбекистон | 12:14 / 01.05.2021
24577
3 дақиқада ўқилади

«Бизга катта тўсиқ – банк билан солиқ. Иқтисодиётимизга тўсиқ» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда давлат раҳбари ҳар бир вилоят ҳокими банк ва солиқ идораси вакиллари билан ҳар ҳафта бир марта гаплашишини маълум қилди.

“Ҳар ҳафтада бир маротаба банк ва солиқ идораси раҳбарлари билан вилоят ҳокимларининг ўзи гаплашади. Ҳар битта туманда, ким бўлишидан қатъи назар, банк ва солиқчисининг кўзига қараб баҳо беришларинг керак. Бизга ҳозир ҳамма тўсиқ — банк билан солиқ. Иқтисодиётимизга тўсиқ, катта тўсиқ. Ҳамма хулоса қилиши керак. Халқимиз бизни боқиб олади, олдин халқимизни сал оёққа турғазиб олайлик. Коррупцияни илдизи билан йўқ қилмасак, ислоҳотларимиз амалга ошмайди. Иқтисодиёт нуқтайи назаридан банкда капитали бўлиши учун қанча пул беряпмиз. Банк қолармиди шу пайтгача? Банкрот бўлар эди. 

Бизда ҳам чет элдан келиб, банкларни сотиб олмоқчи бўлганлар жуда кўп, аммо мен бунга рухсат бермаяпман. Ўзимизнинг халқимизга ўзимиз хизмат қилишга ўрганайлик, деяпман. У солиқлар ўзимизда қолсин, деяпман. Ўзимизнинг қоракўзларимиз ўргансин буни, деяпман. Қаерда ишсизлар сони кўп бўлиб, чет элда кўп юрган бўлса, бу ўша туманнинг раҳбарлари, тўртта сектори чиққан қарорларни таҳлил қилиб, натижага ишламаётганидан далолат беради. Ҳозир сизларга ҳамма шароитни яратиб бериб, халққа хизмат қилгин деб пул беряпмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент йиғилишда коррупция ҳолатлари бартараф қилинмаётганига алоҳида тўхталди.

“Жуда катта қарорлар қабул қиляпмиз, мақсадимиз одамларни иш билан таъминлаш, турмушини яхшилаш. Барчасини мутасаддиларга батафсил тушунтиряпмиз. Тушунтиришларга қарамай коррупция ҳолатлари кўп учраяпти. Шуни билингларки, барибир тагига етиб борамиз. Коррупцияни илдизи билан йўқ қилмасак, барибир мақсадга эришмаймиз. Чунки тарихимизда бунча кўп маблағ ажратилмаган. Оғир шароитга қарамай, буни бажаряпмиз. Раҳбарларга ҳамма шароит яратилган, тизимлар бўйича фармон-қарор ва ҳатто қонунлар қабул қилдик. Энди улар натижа кўрсатмаса, хиёнат ҳисобланади”, деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид