Ўзбекистон | 07:55 / 03.05.2021
2383
3 дақиқада ўқилади

Энди ички туризм учун ҳам субсидиялар миқдори аниқ

Фото: KUN.UZ

Авиаташувчиларга мамлакатимиздаги ички авиақатновлар чипта нархларининг 25 фоизи, туроператор ва турагентлар томонидан маҳаллий сайёҳлар учун ташкил этилган турларга авиа ҳамда темирйўл чипталари нархининг 15 фоизи миқдорида субсидиялар ажратилади. 

Махсус комиссия субсидия ажратиладиган авиа ва темирйўл йўналишларини белгилади. Субсидияланадиган 10 та авиақатнов йўналиши чипта нархларининг энг юқори суммалари ҳам тасдиқланди. Мисол учун, «Самарқанд-Наманган» авиақатновидаги чипта нархи 666 782 сўмни ташкил этган бўлса, авиаташувчига бериладиган субсидия ҳисобига ушбу чипта нархининг энг юқори суммаси 500 086 сўмни ташкил этди. Чипта туроператор орқали харид қилинганда эса унинг нархи 425 073 сўмни ташкил қилади.

Туроператорлар ва турагентлар томонидан тур доирасида харид қилинган «Андижон-Хива-Андижон», «Термиз-Қарши-Хива» ва «Термиз-Қарши-Самарқанд» йўналишлари субсидияланадиган йўналишларга киритилди.

Шу билан бирга, Махсус комиссия қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарорида назарда тутилган жамоавий чипталарни сотиб олиш гуруҳидагилар сони 10 нафардан 24 нафаргача бўлганда - 10 фоизли,  ундан ортиқ кишилик гуруҳ учун эса 15 фоизли чегирмалар ҳам сақланиб қолинди.

Махсус комиссия қарорига кўра, Табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 декабрдаги 964-сон қарорига асосан йўловчи поездлари чипта нархларига (тарифлар) ўзгариш киритилган тақдирда бу тўғрисида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Туризм ва спорт вазирлигининг расмий сайтлари ҳамда бошқа ОАВлар ва ижтимоий тармоқларда кенг эълон қилиниб борилиши белгиланди.

Шунингдек, қарор билан республика бўйлаб жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари нархларининг субсидияланадиган энг юқори (чекланган) даражаси (суммаси) 250 минг сўм этиб тасдиқланди.

Бунда туроператор ва турагент томонидан республика бўйлаб ташкил этилган тур давомида меҳмонхона хизматининг 10 фоиз миқдоридаги субсидияланадиган энг юқори суммаси 25 минг сўмдан ошмаслиги белгиланди.

Президентимизнинг ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш тўғрисидаги Фармонининг имзоланиши Фарғона водийсида истиқомат қилувчи аҳолининг ҳам Бухоро, Самарқанд ҳамда Хоразм вилоятларига, ушбу ҳудудлар аҳолисини эса Фарғона водийсига саёҳат қилишлари учун қулай имконият тақдим этди.

Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида йўлга қўйилган «Урганч-Фарғона-Урганч» авиайўналишининг биринчи ойида самолётларнинг бандлиги 43,7 фоизни ташкил этган бўлса, туроператор ва турагентларга яратилган қўшимча имконият натижасида самолётлар бандлиги март ойида 87,9 фоизга, яъни икки баробарга ошди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2021 йил 9 февралдаги 6165-сон Фармонига мувофиқ юқоридаги субсидиялар бўйича бўйича тўловлар 2021 йил 1 мартдан бошлаб ташкил этилган саёҳатлар учун қоплаб берилади.
 

Мавзуга оид