Ўзбекистон | 07:05 / 05.05.2021
1766
2 дақиқада ўқилади

Тиббий  дори воситаларининг ноқонуний айланувига чек қўйилди 

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод ва Сайхунобод туманларида ўтказилган тезкор тадбирларда вилоят ҳудудидан олиб ўтилаётган ноқонуний дори воситалари аниқланди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси томонидан Kun.uz’га маълум қилинди.

2021 йил 23 апрель куни Мирзаобод тумани ҳудудида тиббий дори воситаларининг ноқонуний айланувига қарши тезкор тадбир ўтказилди. Тезкор тадбирда, Қарши-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган фуқаро А.Ф. бошқарувидаги «Кобальт» машинаси Мирзаобод тумани ҳудудида тўхтатиб текширилганда, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона ҳужжатларисиз ва сифати кафолатланмаган, жами 5 800 дона  (ҳар бир донаси 15 000 сўмдан) умумий қиймати 87 миллион сўмлик «Витал Вит К1» (0,5 мл) номли тиббий дори воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

2021 йил 24 апрел куни Сайхунобод тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда, олдиндан тезкор кузатувга олинган, Наманган-Қарши йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Т.О. бошқарувидаги «ISUZU» юк машинаси «Сайхун» ИИБ ЙПХ масканида тўхтатилиб, машина юкхонаси кўздан кечирилганда, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона ҳужжатларисиз ва сифати кафолатланмаган 83 турдаги, тахминий қиймати 341 миллион 750 минг сўмлик тиббий дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Аввалроқ, қиймати 731 миллион сўмдан ортиқ бўлган ноқонуний дори воситалари ҳамда ноқонуний равишда олиб кирилган «Faberlic» маҳсулотлари ушлангани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид