Жаҳон | 23:45 / 09.05.2021
63655
28 дақиқада ўқилади

Адоқсиз уруш. Американинг энг узоқ давом этган ҳарбий кампанияси — суратларда

2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ террорчиларга қарши курашиш учун Афғонистонга қўшин киритганди. «Ал-Қоида» ва «Толибон» етакчиларини йўқ қилишга қаратилган «Мустаҳкам озодлик» операцияси АҚШнинг энг узоқ давом этадиган урушига айланиб кетиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.

2021 йил 1 май куни америкалик ҳарбийларни Афғонистондан олиб чиқиш жараёни якунланиши керак эди — аммо Дональд Трамп ваъда қилган муддат АҚШнинг янги президенти Жо Байден томонидан ортга сурилди - Америка тарихига аллақачон энг узоқ вақт давом этган уруш сифатида кирган бу кампанияни узил-кесил якунлаш муддати тўртинчи бор ўзгарди. Энди америкаликлар бу мамлакатни 2021 йил 11 сентябрига қадар босқичма-босқич тарк этиши керак — бу сана Нью-Йоркда содир этилган ва ушбу амалиёт бошланишига сабаб бўлган терактнинг 20 йиллигига тўғри келади. Ўтган вақт мобайнида америкаликлар ва уларнинг Ғарбдаги иттифоқчилари олдинга қўйилган мақсадларнинг бирортасига эриша олишмади, фақат ушбу терактларнинг асосий ташкилотчиси бўлган Усама бин Лодин йўқ қилинишидан ташқари. Аммо глобал терроризм мағлуб этилмади, афғон жамиятини демократлаштириш ҳам амалга ошмади — америкаликлар кетгач, ҳукумат толиблар қўлига қайтиши, мамлакатда уларнинг иттифоқчилари бўлган «Ал-Қоида» ва бошқа жангари гуруҳлар таъсири кенгайиши ҳақиқатга яқин. «Медуза» бу урушнинг ҳар йилига оид суратларни саралади.

2001 йилгача вазият қандай эди?
1996 йилдан Афғонистоннинг катта ҳудуди мамлакат жанубидаги пуштунлар асос солган «Толибон» радикал ҳаракати назоратида бўлган. Толиблар пойтахт Кобулни ва 1989 йилда совет қўшинлари олиб кетилгач фуқаролик уруши гирдобида қолган жанубий ҳудудларни тўлиқ қўлга олганди. Толиблар ҳукмронлигида афғонлар қатъий диний диктатура шароитида яшарди — фақат шариат қонунлари тан олинган, ўлим жазоси ва майиб-мажруҳ қилувчи жазолар қўлланган, ҳар қандай кўнгилочар тадбирлар тақиқланган. Толибларга Шимолий альянс - Афғонистоннинг пуштун бўлмаган халқларига (ўзбеклар, тожиклар, ҳазорийлар ва бошқалар) мансуб бўлган дала қўмондонлари қарши турган. Альянс етакчиларидан бири харизматик ва илғор фикрли, тожикларнинг «Афғонистон ислом жамияти» партияси раҳбари бўлган Аҳмад Шоҳ-Маъсуд эди, у тенглик тарафдори бўлиб, афғон аёллари ҳам таълим олишга ҳақли эканини ёқлаб келган.

2001
Нью-Йоркдаги терактдан икки кун олдин, 9 сентябрь куни Афғонистон шимоли-шарқидаги Тоҳар вилоятида журналист қиёфасида ҳаракатланган «Ал-Қоида» жангарилари «Толибон»нинг асосий рақибларидан бўлган Аҳмад Шоҳ-Маъсудни ўлдиришади. Терактдан кейин бир ойга яқин вақт ўтиб, 2001 йил 7 октябрида АҚШ британиялик иттифоқчилар билан биргаликда «Мустаҳкам озодлик» операциясини бошлайди. Урушнинг биринчи босқичида Ғарб кучлари «Толибон» ва «Ал-Қоида» позицияларини ҳаводан бомбардимон қилиш билан чекланади. Октябрь ойи охирида эса қуруқлик қўшинларининг илк контингенти Афғонистон тупроғига қадам қўяди. Декабргача Шимолий альянс ва Ғарбдаги иттифоқчилар босими остида «Толибон» мағлуб этилади. Усама бин Лодиннинг тоғдаги қароргоҳи афғонлар томонидан қамал қилинади (америкаликлар бу амалиётда иштирок этишмаган) ва унинг яқин тарафдорлари бўлган 20 киши қўлга олинади, аммо унинг ўзи қочишга улгуради. Кобулда Ҳамид Карзай бошчилигидаги муваққат ҳукумат ҳокимиятга келади.

АҚШ ҲҲКнинг B-1B Lancer русумли бомбардимончи самолёти урушнинг илк босқичида авиация зарбалари бермоқда. 2001 йил 7 декабрь
USAF / Getty Images

2002
«Толибон» ва «Ал-Қоида» кучлари қайта тўпланиб, ғорларда яширинган ҳолда халқаро коалицияга қарши партизанлик урушлари бошлайди. Бунга жавобан март ойида канадаликлар, америкаликлар ва уларнинг афғонистонлик иттифоқчилари «Анаконда» номи остида навбатдаги амалиётни бошлашди ва бу амалиёт ҳам муваффақиятли якунланди. Шундан сўнг толиблар бутунлай тор-мор этилгандек эди. Июнда умумафғон оқсоқоллари кенгашининг шошилинч чақириғида (олий жирға) Ҳамид Карзай Афғонистоннинг ўтиш даври маъмуриятининг президенти сифатида тасдиқланади. Аммо бу ҳукумат фақат Кобулни назорат қилиш билан чекланарди, бу ерда уни БМТ Хавфсизлик кенгаши паноҳида ташкил этилган Халқаро хавфсизлик ҳаракати қўшинлари (International Security Assistance Force, ISAF) ҳарбий контингенти томонидан қўллаб-қувватланарди.

Бу вақтда БМТ ва халқаро нотижорий ташкилот урушдан кейинги афғон давлатчилиги ва фуқаролик жамиятини қайта тиклаш билан шуғулланади. Жойларда бу ишлар учун вилоятларни тиклаш гуруҳлари (provincial reconstruction teams, PRT) тузилади, аммо уларнинг самарадорлиги жуда чекланган эди: режалаштириш ва мувофиқлаштириш учун ягона марказ бўлмаган, шунингдек, жараёнга бюрократия ва маҳаллий маданиятни тушуниш даражаси етарли эмаслиги халал берарди. АҚШ ҳарбий қўмондонлигининг диққати ва ресурслари эса Ироққа бостириб киришга тайёрланиш учун қаратила бошлаганди.

АҚШ армиясининг 82-десантчилар дивизияси аскарлари мамлакат жануби-шарқида жойлашган уйни текшириш учун киришга тайёрланмоқда. Бу уйдан ўнлаб мина ва гранаталар, гранамёт учун 14та заряд, шунингдек, портловчи қурилмалар топилган. 2002 йил 7 ноябрь
Scott Nelson / Getty Images

2003
Май ойида АҚШнинг ўша вақтдаги мудофаа вазири Дональд Рамсфельд Афғонистондаги асосий ҳарбий амалиёт якунлангани ҳақида эълон қилади (худди шу вақтда президент кичик-Жорж Буш америкаликларнинг Ироқдаги миссияси «амалга ошгани» ҳақида маълум қилади). Бу вақтда америкаликларнинг Афғонистондаги контингенти атиги 8 минг, иттифоқчиларники 13 минг кишидан иборат эди. ISAF кучлари қўмондонлигини НАТО ўзига олади.

Америкалик аскарлар Пақтия вилояти ҳудудида «Толибон» аъзоларини ушлаш учун ўтказилган «Аждаҳо ғазаби» номли операция вақтида тутилган асирни қўриқламоқда, 2003 йил 2 июнь. Darren McCollester / Getty Images

2004
2003 йилда олий жирға вақтида қабул қилинган ва 2004 йил январида президент Ҳамид Карзай томонидан имзоланган янги конституцияга кўра, Афғонистон ислом президентлик республикасига айланганди. Кейин октябрда Афғонистонда 1969 йилдан буён илк бор сайловлар ўтказилади, унда Ҳамид Карзай 55,4 фоиз овоз олади. Бу сайловдан уч ҳафта ўтиб, Америкада кичик Жорж Буш қайта сайланадиган президентлик сайловлари арафасида Усама бин Лодин видеомурожаат қилади, бу чиқиш «Ал-Жазира» телеканали орқали намойиш этилади.

Унда бин Лодин 1982 йил исроилликларнинг Ливанга қарши ҳарбий операциясида америкаликлар флоти Исроилга ёрдам бергани уни АҚШга қарши жиҳод қилишга ундагани ҳақида гапириб, 11 сентябрь теракти учун жавобгарликни зиммасига олади. АҚШ халқи ва президентга мурожаатида бин Лодин худди афғон мужоҳидлари советлар иттифоқини ҳайдаб юборгани каби, Америкага қарши уруш ҳам ғалабали якунга қадар олиб борилишини ваъда қилади.

Шундан сўнг Афғонистондаги америкаликлар контингенти 20 мингга чиқади. Америка-афғон коалицияси вақти вақти билан «Толибон» ва «Ал-Қоида»га қарши муваффақиятли амалиётлар ўтказади. Кичик Бушнинг рухсати билан Америка дронлари террорчиларнинг Покистон ҳудудидаги базаларига ҳам ҳужумлар уюштиради.

Мина портлаши оқибатида оёғини йўқотган Муҳаммад Маҳдий Кобулдаги уйи олдида «Қизил Хоч» жамияти шифокори келишини кутмоқда. 2004 йил, август. Бу фотосуратни олган Эмилио Моренатти беш йил ўтиб Қандаҳор атрофида бомба портлаши чоғида оёқ кафтидан айрилган.
Emilio Morenatti / AP / Scanpix / LETA

2005
АҚШ ва Афғонистон президентлари кичик Жорж Буш ва Ҳамид Карзай икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолангани, бу орқали америкалик ҳарбийлар афғон ҳарбий инфратузилмасидан фойдаланиш имконига эга бўлгани ҳақида эълон қилишади. АҚШ истиқболда мамлакат хавфсизлигини таъминлай олиши учун афғон армиясини қуроллантириш ва ўқитишни ваъда қилади.

«Толибон» барбод қилишга уринганига қарамай сентябрь ойида мамлакатда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Сайловларда аёллар ҳам иштирок этиб, овоз беришади, халқаро кузатувчилар буни жиддий ўсиш сифатида қайд этишади. Бир йил мобайнида ҳарбий контингент ҳажми ўзгармайди; бу вақтда Пентагон асосий эътиборини Ироқдаги кампанияга қаратганди.

CH-47 вертолёти Хакеран водийсидаги Бах қишлоғига америкалик аскарларни тушириб кетмоқда. 2005 йил, 26 июнь
Tomas Munita / AP / Scanpix / LETA

2006
Жанубий Афғонистонда америкалик ҳарбийларни алмаштириш учун НАТО таркибидаги халқаро коалиция ҳарбийлари келишади: британлар, канадаликлар, австралияликлар, нидерландлар, данияликлар ва эстонлар. НАТО ҳудудларни тиклаш бўйича дастур назоратини ҳам ўз зиммасига олади.

«Толибон» етакчилари халқаро коалиция ва уларнинг афғон иттифоқчиларига очиқчасига уруш эълон қилади. Террорчилик ҳужумлари кескин ортади: Афғонистонда худкушлар ижросидаги терактлар сони 2005 йилдаги 27 ҳужумдан 2006 йилда 139тагача ўсади. Бомбаларни масофадан туриб портлатиш ҳолатлари икки баробар ошганди — 1600дан ортиқ шундай ҳолат кузатилади.

Афғон қизлари Кобулдаги инглиз тили дарсида. Қочқинлар учун палаткадан тикилган мактабда 6 мингдан ортиқ ўқувчи ўқиган, уларнинг деярли ҳаммаси — қизлар эди. Мактаб уч сменада ишлаган. 2006 йил, 22 ноябрь
Paula Bronstein / Getty Images

2007
Америкаликлар, наточилар ва афғон ҳарбийларининг жанубдаги Ҳилманд вилоятида амалга оширган муваффақиятли операцияларига қарамай, бу ҳужумлар давомида «Толибон» етакчиларидан бири мулла Дадулла (у Бомиёндаги қадимий Будда ҳайкалини портлатиш ташаббускори бўлганди) ўлдирилганди, толибларнинг коалиция ва афғон ҳукумати ҳарбийларига, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг ходимларига ҳужумлари сони фақат ортади.

Альянсда бўлиниш юзага келади. Германиянинг Гейдельберг шаҳрида ўтказилган Европа армиясининг 15-Конференцияси чоғида АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс коалиция бўйича шерикларни танқид қилади: «Кўплаб иттифоқчилар биз билан бирга таваккалчилик қилишга, ўз ҳиссасини қўшишга ва коллектив мажбуриятларни бажаришга тайёр эмас. Натижада биз Афғонистонда эришганларимизни йўқотиш хавфидамиз».

Британиялик денгиз пиёдалари толиблар назоратидаги қишлоқни қамал қилиш вақтида. 4,5 минг аскар иштирокида тонгда бошланган операция фронт чизиғи британияликларнинг Каджаки ГЭСи яқинидаги базасидан узоқроққа сурилишини таъминлаган. 2007 йил, 18 март
John Moore / Getty Images

2008
Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ошиб кетади. Август ойида Ҳирот вилоятидаги қишлоқлардан бири ҳудудида толибларнинг етакчиларидан бирини ракета зарбаси орқали йўқ қилишга уриниш чоғида қарийб юз киши ҳалок бўлади (аксари — болалар эди). Шу билан бирга, нишон омон қолади, америкалик ҳарбийлар эса аввалига тинч аҳоли орасидаги қурбонлар бўйича маълумотни рад этишга уринади.

Бу воқеалар фонида афғон халқи орасида «Толибон»ни қўллаб-қувватловчилар ошади, толиблар қатор йирик ғалабаларга эришади — масалан, Қандаҳордаги қамал муваффақиятли чиқиб, бу ердаги қамоқхонадан 1200дан ортиқ маҳбус озод қилинади, улардан 400 нафари ҳаракат аъзолари эди. Америка қўшинларининг янги қўмондони Стэнли Маккристал ҳаво ҳужумлари тактикасини қайтадан кўриб чиқишга буйруқ беради - бундай ҳужумлар туфайли тинч аҳоли орасида қурбонлар ошиши маҳаллий аҳолининг симпатияси йўқолишига олиб келаётганди.

Афғонистонлик Аман Уллех Кобулдаги қочқинлар лагери бўйлаб кетмоқда. 2008 йил, 28 июнь
Emilio Morenatti / AP / Scanpix / LETA

2009
АҚШ президенти Барак Обаманинг биринчи инаугурациясидан кейин Афғонистонга қўшимча контингент — Америка армиясидан 17 минг аскар жўнатилиши эълон қилинади. АҚШ ва Покистон муносабатларида зиддият юзага келиши туфайли НАТО ҳарбийларини бошқа йўл - Евроосиё орқали юборишга тўғри келади. Бунда Россия ёрдам кўрсатади: янги президент Дмитрий Медведев Обама билан Афғонистонга ҳарбий юклар транзитини Россия ҳудуди орқали (шу жумладан ҳаводан) амалга ошириш ҳақидаги келишувни имзолайди. Ҳамид Карзай қийинчилик билан иккинчи муддатга сайланади — иккинчи турда унинг асосий рақиби номзодини қайтариб олади.

Сентябрь ойида америкаликларнинг F-15E русумли штурмовики Қундузда толиблар ўғирлаган икки бензовозга ракета зарбалари йўллаши оқибатида маҳаллий аҳоли вакилларидан юздан ортиқ киши ҳалок бўлади - улар идишларини кўтариб ёнилғи олиш учун келишганди. Америкаликларнинг учувчисиз учар қурилмалари Покистон билан чегара ҳудудида «Толибон»нинг манзилларига фаол ҳужумлар уюштира бошлайди. Бу ҳам тинч аҳоли орасидаги қурбонларга сабаб бўлади ва Покистондагиларнинг кескин норозилигини келтириб чиқаради. Формал томондан Покистон АҚШнинг иттифоқчиси бўлган, аммо америкаликлар Покистон махсус хизматини (ISI) толибларни махфий равишда қўллаб-қувватлашда айблаган.

Барак Обама биринчи марта Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишни бошлаш санаси ҳақида маълум қилади — 2011 йилнинг июли. Тўғри, у америкаликлар ҳарбий контингентини олиб чиқиш учун қанча вақт кетиши бўйича аниқлик киритмайди, ўша йилнинг август ойида бу ерда 60 минг америкалик аскар бор эди.

Америка армиясининг 1-батальони аскарлари Коренгал водийсидаги позиция «Толибон» кучлари томонидан ўққа тутилишидан кейин кўтарилган тревога чоғида Техаслик Закари Бойд шошилинчда ички кийимда қолган. 2009 йил 11 май
David Guttenfelder / AP / Scanpix / LETA

2010
Июнь ойида Rolling Stone журналида шов-шувли мақола чиқади, унда Афғонистондаги Америка ҳарбийлари қўмондони Стэнли Маккристал давлат мулозимларини, шу жумладан, ўша вақтдаги вице-президент Жо Байденни қаттиқ қоралайди. Маккристал уларнинг ҳарбий ишларда тажрибасизлигидан ғазабланиб, Оқ уйни Афғонистонга қўшимча контингент юборишда қатъиятсизликда айблайди (бир неча ойлик баҳслардан кейин Барак Обама барибир қўшимча 30 минг аскар юборишга розилик билдиради). Обама уни дарҳол Оқ уйга чақириб олади ва истеъфога чиқаради. Янги қўмондон Дэвид Петреус бўлади.

Афғонистондаги америкаликлар контингенти юз минг кишига етади. Лиссабонда ўтказилган НАТО конференциясида 2014 йил охиригача мамлакат миллий хавфсизлиги учун бутун жавобгарликни афғон армияси зиммасига ўтказиш тўғрисида декларация имзоланади, шу билан бирга, халқаро коалиция ҳарбийларини босқичма-босқич олиб чиқиш жараёнини 2011 йилдан бошлаш белгиланади. Аммо Ғарбда ҳам, Афғонистонда ҳам бу режа амалга ошишига кўпчиликнинг кўзи етмасди.

Шу билан бир вақтда, афғон аскарлари ўзларининг ғарблик иттифоқчиларига ҳужумлар уюштира бошлашади, бу «кўклар яшилларга қарши» (униформалар ранглари) номини олади. Масалан, ноябрь ойида афғон чегара хизмати аскари Нангарҳар вилоятида ISAF ходимларининг олти нафарини отиб ташлайди, отишма чоғида унинг ўзи ҳам ўлдирилади. 2009 йилгача бундай ҳолатлар аҳён-аҳёнда кузатиларди, 2011 йилдан эса ҳар йили ўнлаб шундай ҳолатлар рўй бера бошлади.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳарбийлари Қандаҳордаги портлашда яраланган шеригини вертолётга олиб кетмоқда. 2010 йил, 2 октябрь.
Фото: Reuters

2011
Май ойида АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг махсус бўлинмаси томонидан ўтказилган «Нептун найзаси» номли амалиётда Покистондаги бошпанасида Усама бен Лодин ўлдирилади. Унинг чегаранинг иккинчи томонида яшириниб келгани факти Афғонистон ва Покистон муносабатларини кескин ёмонлаштиради — покистонликлар махсус хизматлари аввалдан террорчиларни фаол қўллаб-қувватлашда гумон қилиниб келарди.

Афғон урушининг биринчи ўн йиллиги якунлари таскин бергулик эмасди: қарийб икки минг америкалик аскар ҳалок бўлган ва амалиётларга сарфланган 480 миллиард доллар охир-оқибат деярли самара келтирмаганди. Жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровлар америкаликларнинг катта қисми Афғонистонда ҳарбий контингент сақлашга қаршилигини кўрсатарди. «Толибон» билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолганди. Сентябрь ойида ҳукумат томонидан тинчлик музокараларида вакил бўлган Бурҳониддин Раббоний «Толибон» делегацияси вакиллари сифатида тақдим этилган икки худкуш террорчи томонидан ўлдирилгач, Ҳамид Карзай музокараларнинг навбатдаги босқичини бекор қилди.

Декабрь ойида Боннда Афғонистон келажаги бўйича ўтказилиши керак бўлган конференция Покистон бойкот эълон қилиши туфайли барбод бўлади. Покистон делегацияси конференция бошланишидан аввалроқ НАТО кучлари Афғонистон билан чегара ҳудидида покистонликлар армияси отрядлари билан тўқнашгани туфайли унда иштирок этишдан бош тортганди.

Америка армиясининг тиббий-эвакуация хизмати ходимлари беморни Дуайер базасидаги дала госпиталига олиб кетишмоқда. 2011 йил 5 апрель
Денис Синяков / Reuters / Scanpix / LETA

2012
Феврал ойида Кобулдаги Баграм базасида америкалик аскарлар «Толибон» асирлари ўзаро хабар алмашишда фойдалангани учун мусодара қилинган Қуръони карим китобларини ёқишади. Бу эса бутун Афғонистон бўйлаб Америкага қарши муросасиз намойишлар бошланишига сабаб бўлади, бу намойишларда нафақат пуштунлар («Толибон» — пуштунларнинг миллий ҳаракатидир), балки Афғонистондаги бошқа халқлар, шу жумладан, Ғарб кучлари билан дўстона алоқаларда бўлганлар ҳам қатнашади.

Афғон ҳарбийлари томонидан ғарблик иттифоқчиларга ҳужум қилиниши ҳолатлари кескин ошади: бир йилда шу каби 44 ҳолат рўй бериб, бу ҳужумларда коалициянинг 61 аскари ўлдирилади ва яна 81 киши яраланади. Ҳужум қилганлар ёки худкушлар бўлган ёки улар отишма чоғида ўлдирилган, шу туфайли уларни бунга нима ундагани мавҳум бўлиб қолган: улар «Толибон» сафига ёлланган ёки унга аъзо бўлиб кирган бўлиши ҳам, уларни Баграм базасида Қуръон ёқилиши қаттиқ ғазаблантирган бўлиши ҳам мумкин.

Афғонлар Кобулдаги Баграм авиабазаси олдида намойиш қилишмоқда. Қуръони каримнинг бир неча нусхаси ҳарбийлар томонидан ёқилгани ҳақидаги хабар ортидан база дарвозаси олдида бир неча минг киши тўпланган. 2012 йил 21 февраль
Musadeq Sadeq / AP / Scanpix / LETA

2013
НАТО Афғонистондаги ҳарбий миссия якунлангани ҳақида расман эълон қилиб, хавфсизликни таъминлаш ваколатини афғон миллий армияси ва полициясига топширади. НАТО ҳарбийлари, жумладан, америкаликлар контингенти мамлакатда аксилтеррор амалиётларни қўллаб-қувватлаш учун ва миллий армияга маслаҳатчилар ролида қолдирилади. Халқаро контингент ҳажми босқичма-босқич қисқартирила бошланади.

2013 йилда Vice медиалойиҳаси «Ғалабанинг асл кўриниши» («This Is What Winning Looks Like») номли бир ярим соатлик ҳужжатли фильмни тақдим этади. Фильм давомида нашр корреспонденти Бен Андерсон афғон полициясиларини шуғуллантириш учун масъул бўлган Америка армияси майорига ҳамроҳлик қилади. Картина одамларни шокка туширади: ушбу фильмнинг бош қаҳрамони бўлган майор Билл Стейбеннинг қўл остидагилар доимий равишда гашиш ва опиум истеъмол қилиши туфайли оёқда зўрға турар, пул эвазига қайтариб бериш учун одамларни гаровга олар ҳамда қишлоқлар атрофидан болаларни ўғирлаб, уларни жинсий қул сифатида полиция маҳкамаларида тутиб туришарди. Коррупция бутун афғон жамиятига шу қадар чуқур зарба бергандики, Кобулдаги ҳукуматнинг бу муаммога қарши кураш тўғрисидаги ҳар қандай баёноти абсурд кўринарди. Доимий зўравонликлардан маҳаллий аҳоли бутунлай тушкун кайфиятга тушади ва расмий ҳукумат ҳамда америкаликлар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги барча таклифларга шундай жавоб қайтарилади: сизлар эртага кетасизлар, «Толибон» эса шу ерда.

Америка армияси аскари худкуш НАТО кучлари колоннасига ҳужум қилган жойда. 2013 йил 16 май. Бу фотосурат муаллифи Аня Нидрингаус бир йил ўтиб Хост шаҳрида ҳалок бўлган. Унинг ёнида AP нашрининг яна бир журналисти Кэти Гэннон бўлган, ўшанда блокпостдаги текширув вақтида маҳаллий полиция бошлиғи кутилмаганда америкаликларни ўққа тутган.
Anja Niedringhaus / AP / Scanpix / LETA

2014
Барак Обама америкалик ҳарбийларнинг катта қисми Афғонистондан олиб чиқилиши режасини анонс қилади: у босқичма-босқич ўтказилиб, 2016 йил охирида якунланиши кўзда тутилганди. Америкаликларни НАТОнинг «Қатъий қўллаб-қувватлаш» (Resolute Support) тинчликпарварлик миссияси алмаштиради: 10 мингга яқин аскардан иборат контингент ҳам келгусида ўз мамлакатини тўлақонли ҳимоя қила олиши учун афғон ҳарбийларини ўқитиши керак эди.

Ҳамид Карзайнинг сўнгги қонуний муддати якунланади ва Афғонистонда янги президентлик сайловлари бўлиб ўтади. «Толибон» тўсқинлик қилишга қаратилган ҳаракатларни мунтазам давом эттирганига қарамай барбод қилишга, сайловолди пойгаси охиригача икки номзод етиб келади — собиқ молия вазири Ашраф Ғани Аҳмадзой ва собиқ ташқи ишлар вазири Абдулла Абдулла. Иккинчи турдаги овозлар ҳисобланганидан кейин ҳам орадаги фарқ жуда кичик бўлгани туфайли Қўшма штатлар воситачилигида «Миллий келишув ҳукумати» коалициясини тузишга тўғри келади, унда сайловда кичик фарқ билан ютқазган Абдулла Абдулла учун махсус ташкил қилинган ҳукумат раиси лавозими берилади.
 

Америкалик аскарлар уларнинг дала лагери ўққа тутилган позицияни қидирмоқда. 2014 йил 30 март
Scott Olson / Getty Images

2015
Кобулдаги марказий ҳукумат заифлашгани ва ғарб кучлари олиб кетилаётганидан фойдаланган «Толибон» кенг кўламли ҳужум қилиш тактикасига ўтади ва ҳатто бир муддат давомида Қундуз вилояти марказини эгаллаб туради. Барак Обама америкалик ҳарбийларни олиб кетиш жараёнини тўхтатишга мажбур бўлади.

Шаҳарни қайтариб олиш учун олиб борилган жанглар вақтида америкалик учувчилар хатолик туфайли «Чегарасиз шифокорлар» госпиталига бомба ташлайди ва ўнлаб кишилар ҳалок бўлиши ва жароҳатланишига сабабчи бўлишади. Россия ўз ҳудуди орқали НАТО ҳарбийлари учун очиб берилган ҳаво-транспорт йўлагини ёпади. Тинчлик келишини 15 йил кутган афғонистонликлар оммавий равишда мамлакатни тарк этишга тушади; миллионлаб қочоқлар Европага оқиб келган миграцион инқироз даврида уларнинг тахминан 20 фоизини афғонлар ташкил этарди.

Сербия ва Венгрия орасидаги йўлда ҳушини йўқотган ҳиротлик 53 ёшли қочоқ Нафисага ўғли ва қизи ёрдам бермоқда. 2015 йил 13 сентябрь
Muhammed Muheisen / AP / Scanpix / LETA

2016
«Толибон» Ҳилманд вилоятида кенг кўламли юриш бошлайди ва бир неча шаҳарлар ҳамда муҳим аҳоли пунктларини эгаллайди. Бундан ташқари, Афғонистонда янги ўйинчи фаоллашади — ИШИДнинг ҳудудий бўлими бўлган «Хуросон вилояти» гуруҳи марказий ҳукуматга ҳам, «Толибон»га ҳам қарши кураш бошлайди. Бу гуруҳ томонидан 2016 йил июлида Кобул шаҳрида ўша вақт учун энг қонли теракт содир этилади, ўшанда худкуш томонидан бошқарилган юк машинасига ўрнатилган портловчи қурилмалар этник камчиликка мансуб ҳазарийлар томонидан ўтказилган намойиш вақтида ҳаракатга келиши оқибатида 80дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, юзлаб киши жароҳатланади. Бу воқеалар Ғарб кучларининг Афғонистондан олиб кетилиши жараёнини яна секинлаштиради.

Кобулдаги тинч намойиш вақтида содир этилган терактда 80 киши ҳалок бўлганидан кейинги кунда дафн маросими учун бўш тобут олиб кетаётган афғон. 2016 йил 25 июль
Rahmat Gul / AP / Scanpix / LETA

2017
Америка ҳарбий-ҳаво кучлари ИШИД вакилларининг Нангарҳар провинциясидаги ер ости иншоотларини йўқ қилиш учун энг қудратли ноядровий авиабомбаси — оғирлиги 9,5 тонна, қуввати — тротил эквивалентида 11 тонна бўлган «барча бомбаларнинг онаси»ни (GBU-43/B, яна бир номи MOAB - Massive Ordnance Air Blast, портловчи ҳаракатли оғир ўқ-дори) ташлайди.

АҚШда  янги президент Дональд Трампнинг инаугурацияси бўлиб ўтади, у Афғонистондан ҳарбийларни олиб чиқишга шошилмаслик кераклиги, бу «террорчилар тўлдириши тайин бўлган вакуум» ҳосил қилиши ҳақида айтади. Америкаликлар контингенти яна кўпая бошлайди.

Дунёдаги энг йирик авиабомба - Mother of All Bombs Афғонистон шарқидаги ер ости туннеллари тармоғи бўйлаб ташланди. 2017 йил 13 апрель
Smith Collection / Gado / Getty Images

2018
Афғонистон америкалик ҳарбийлар иштирокидаги энг узоқ давом этган ҳарбий амалиётга айланади - Вьетнам урушидаги рекорд янгиланади. «Толибон» таслим бўлиш ҳақида ўйламасди — биргина Кобулда ҳаракат аъзолари томонидан содир этилган давомли терактлар яна юзлаб кишилар ҳаётига зомин бўлади.

Кобул марказида худкушлар томонидан содир этилган терактдан кейин бир жойдан иккинчи жойга чопиб юрган хавфсизлик хизмати ходимлари. Ўшанда икки ҳужум оқибатида 30 киши ҳалок бўлган, уларнинг 10 нафари журналист эди, қурбонлар орасида AFP агентлигининг Афғонистон пойтахтидаги шеф-фотографи Шоҳ Марай ҳам бор эди. 2018 йил 30 апрель
Massoud Hossaini / AP / Scanpix / LETA

2019
Террорчилар билан келишув тузиб бўлмаслиги ҳақида айтилган аввалги баёнотларига қарамай, АҚШ Қатарда «Толибон» вакиллари билан музокаралар столига ўтиради. Толиблар Афғонистондаги бошқа экстремистик гуруҳлар билан ҳамкорлик қилмасликлари эвазига америкалик ҳарбийлар мамлакатдан олиб чиқилишини сўрашади. Бундан ташқари, Афғонистон ҳукуматининг «Толибон» билан музокаралар учуни учун Россия томонидан воситачилик таклиф этилади — ҳатто «Россия сегодня» давлат агентлиги «Толибон»ни террорчилик ташкилоти сифатида баҳолашни тўхтатади, ҳолбуки Олий суд бу гуруҳни 2003 йилда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритганди.

Аммо америкаликларнинг «Толибон» билан музокаралари бир томондан террорчилик актлари ортиши, иккинчи томондан бомбардимонлар давом этиши туфайли боши берк кўчага кириб қолади. Афғонистоннинг тикланиши масалалари бўйича махсус бош инспектори офиси (Special Inspector General for Afghanistan Reconstruction - SIGAR) ҳисоботларига кўра, йил бошида афғон ҳукумати мамлакатнинг ярмидан кўпроқ қисмини назорат қилаётгани, қолган ярмининг катта қисмидаги вилоятлар ёки толиблар қўлида ёки уларнинг таъсирида экани маълум қилинган.

Афғонистонда ҳалок бўлган америкалик аскар тобути, Делавэрдаги дафн маросими вақтида. 2019 йил 25 декабрь
Mark Wilson / Getty Images

2020
Февраль ойида АҚШ ва «Толибон» вакиллари Доҳада барибир келишувга эришади ҳамда тинчлик битими тузилади. Унга кўра, америкаликлар 14 ой ичида мамлакатдан ҳарбийларни олиб кетиши кўзда тутилганди. Кобул расмий ҳукумати норозилик билдиради, улар музокараларда иштирок этмаганди, аммо келишувга кўра, расмий Кобул «Толибон»нинг қамоқхоналардаги бир неча минг аъзоларини қўйиб юбориши керак эди.

Бу келишувга қарамасдан, «Толибон» жангарилари яна бир кенг кўламли ҳужум бошлаб, Кобул ҳамда Афғонистоннинг бошқа вилоятларида давомли терактлар содир этади. Йил охирига келиб Афғонистон ҳукумати толиблар билан музокаралар шартларини келишади ҳамда қарийб 20 йил ичида илк бор Доҳада расмий учрашув бўлиб ўтади.

Америкалик дипломат Залмай Халилзад ва «Толибон» ҳаракати етакчиларидан бири мулла Абдул Ғани Барадор Қатар пойтахти Доҳадаги тинчлик келишувини имзолаш вақтида. 2020 йил 29 февраль
EPA / Scanpix / LETA

2021
«Адоқсиз уруш» АҚШнинг қаторасига тўртинчи президенти — Жо Байден даврида ҳам якунланмади. НАТО ниҳоят афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини тан олди ва «Қатъий қўллаб-қувватлаш» миссияси қисқартирилиши ва ҳарбийлар 1 майдан олиб чиқилишини эълон қилади. «Толибон» ва Дональд Трамп маъмурияти келишуви бўйича америкалик ҳарбийлар олиб кетилиши жараёни 2021 йил 1 майда якунланиши керак эди — аммо Байден бу муддатни 11 сентябрга — Нью-Йоркдаги терактнинг 20 йиллиги санасига кўчирди.

Бу йиллар мобайнида Афғонистонда Ғарб коалициясининг 3,5 минг аскари ва 65 мингдан ортиқ афғон аскарлари ҳалок бўлди. Тинч аҳоли ўртасидаги қурбонлар бўйича аниқ рақамлар йўқ, аммо бу талафот ўн минглаб миқдорда ўлчанади. Бугунги кунда икки миллиондан ортиқ афғон бошқа мамлакатларда қочқинликда яшамоқда.

Афғон хавфсизлик хизмати ходимлари масофадан портлатилган бомбадан жабрланган автомобилни олиб кетишмоқда. Кобул, 2021 йил 1 февраль
Rahmat Gul / AP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид