Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пашинян Путиндан ҳарбий ёрдам сўради
Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путинга Арманистоннинг Озарбойжон билан чегарадош Сюник областидаги вазият сабабли ҳарбий ёрдам сўраб мактуб йўллади.
12 май куни Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжон кучлари чегарадаги участкалардан бирида «чегарани белгилаб олиш» бўйича муайян ишларни амалга оширишга уринганини маълум қилди. Пашиняннинг таъкидлашича, озарбойжонлик ҳарбийлар бунинг учун Арманистон чегарасини кесиб ўтишган. 13 май куни Ереван Бокуни Арманистон ҳудудига қўшинларни киритишга уринганликда айблаган. 14 май куни Арманистон мудофаа вазирлиги 13 майдаги келишувга қарамай, Озарбойжон кучлари Сюник областида қолаётганини маълум қилган.
«Кеча эришилган келишувга кўра, бугун (14 май) Озарбойжон қуролли кучлари Арманистонни тарк этиши керак эди. Бу келишув қисман бажарилди ва Озарбойжон кучлари тарк этган ҳудудлар бор. Бироқ у тўлиқ бажарилмагани сабабли мен 1997 йилдаги Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам ҳақидаги келишувга мувофиқ Россия президентига Арманистонга кўмак, жумладан, ҳарбий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилдим», деб маълум қилган Пашинян чегарадаги вазият бўйича ўтган йиғилишда.
Ереван чегарадаги ҳодисани олдиндан режалаштирилган иғво деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари, Арманистон Сюник областида воқеалар ривожи «ёмон сценарий» бўйича кетиши эҳтимоли борлигини ва бунга тайёр туриш кераклигини айтмоқда.
Ўз навбатида, Озарбойжон Ереваннинг чегара бўйича келишиб олиш жараёнига муносабатини «ноадекват» деб атаган ва Арманистон ҳукуматини сайловлар олдидан вазиятдан ички сиёсий мақсадларда фойдаланмасликка чақирган.
Арманистон, шунингдек, Сюник областидаги вазият бўйича КХШТга расмий мурожаат йўллаган. Мурожаат кўриб чиқилиш муддати уч кунни ташкил қилади.
Мавзуга оид
09:45 / 15.06.2026
Арманистон собиқ президентига мамлакатдан чиқиш тақиқланди
15:04 / 13.06.2026
Шавкат Мирзиёев Никол Пашинянни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
10:45 / 13.06.2026
Арманистонда сайлов овозлари қайта саналди
16:23 / 11.06.2026