Ўзбекистон | 08:04 / 15.05.2021
5664
3 дақиқада ўқилади

Нефт-газ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизимига ўзгаришлар киритилди

Президентнинг 2021 йил 7 майдаги “Нефт-газ ҳамда электр энергетика соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон президентининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

У билан президентнинг қуйидаги қарорларига ўзгартиришлар киритилди:

1) Президентнинг 2011 йил 6 июлдаги қарори 6-банди 2-хатбошисига, у билан белгиланишича, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети Тошкент шаҳридаги филиалига (1-филиал) кириш учун квоталар Россия давлат нефт ва газ университети, Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, шунингдек бошқа ташкилотлар билан келишган ҳолда васийлик кенгаши қарори билан тасдиқланади. Илгари филиалга қабул режаси ҳар бир ўқув йили учун университет билан келишувга биноан “Ўзбекнефтгаз” МХК эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган.

2) Президентнинг 2017 йил 25 сентябрдаги қарорига 1-иловада васийлик кенгашининг янгиланган таркиби тасдиқланган.

3) Президентнинг 2019 йил 4 июндаги қарорига:

а) қуйидаги муддатлар ўзгартирилди:

  • - 2021 йил 1 августга қадар Тошкент шаҳридаги "МЭИ" миллий тадқиқот университети" федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалига (2-филиал) тақдим этилаётган бино ва иншоотлар реконструкция қилиниши;
  • - 2022 йил 1 январга қадар 2-филиал жойлаштирилиши, 2-филиалга тақдим этилаётган бино ва иншоотларнинг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер ва оргтехника, адабиётлар ва кутубхона фонди, инвентар, мебел ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозланиши;

б) "Enter Engineering Pte. Ltd. (Сингапур)" - 2-филиалга тақдим қилинаётган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш билан боғлиқ ишларнинг бажарилиши бўйича тайёр ҳолда топшириш" шарти асосида жалб қилинадиган бош пудратчи ташкилот этиб белгиланди. Бунда, бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш билан боғлиқ ишларнинг бажарилиши бўйича қурилиш, лойиҳалаштириш ва молиялаштириш ишларини бир вақтнинг ўзида олиб боришга ҳамда товар (иш, хизмат)лар, қурилиш материаллари, хомашё, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчи (хизмат кўрсатувчи)лар ҳамда уларнинг расмий дилерлари билан тўғридан тўғри музокараларни ўтказиш ва энг мақбул таклифларни танлаб олиш шартлари асосида шартномалар тузишга истисно тариқасида рухсат берилди.

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2021 йил 7 майдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид