08:55 / 18.05.2021
1895

Деҳқонободдаги депутатлик сайлови ўтмаган деб ҳисобланди

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 2021 йилнинг 16 май куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига ўтказилган сайлов ҳаққоний эмас деб топилган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати туман сайлов комиссияси раиси Холиёр Менглиевга асосланиб хабар берди.

Хабарда ёзилишича, сайловдаги ноқонуний ҳолат ҳокимлик томонидан аниқлангач, туман сайлов комиссияси ҳокимлик ахборот хизмати маълумотини инобатга олиб, сайловни ўтказилмаган деб қарор қабул қилган.  

«Туман сайлов комиссияси Сайлов кодексининг 96-моддасига кўра, сайлов участкаларида сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 33 фоиздан ками иштирок этганлиги сабабли ушбу сайловни ўтмаган деб топиш тўғрисида таклиф киритди ва мазкур таклифга биноан сайлов ўтказилмаган деб ҳисобланди», — дейди туман сайлов комиссияси котиби Ренат Қўзибоев.

Ахборот хизмати ҳолат туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан аниқланиб, бунга ўша пайтнинг ўзида муносабат билдирилгани ва ҳолатга туман сайлов комиссияси эътибори қаратилиб, сайловнинг шаффоф ва ҳоққоний ўтишини таъминлаш учун ўз вақтида чора-тадбирлар белгиланганини ёзган.

П/С: Ҳурматли юртдошлар, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқингизни қўлдан берманг. Демократик жамият қуриш ўз қўлимизда.

Top