Ўзбекистон | 08:26 / 18.05.2021
4255
2 дақиқада ўқилади

“Маҳсулотларим бозорда сотилганини кўриб хурсанд бўламан”

Фото: KUN.UZ

Фарғона шаҳар, “Жўйдам” МФЙ, Миришкор кўчаси 32-уйда эндигина тикувчилик касбини бошлаган Мухлиса Улуғова истиқомат қилади. У ногирон бўлишига қарамасдан, ҳозирда тикувчилик билан машғул. Ҳокимият кўмагида Мухлисага тикув машинаси олиб берилди. 

“Оилада икки фарзандмиз. Авваллари тикувчилик қўлимдан келмас эди. Фақат майда ишлар қилардим, холос. Опамнинг бу соҳада анча тажрибаси бор. У менга бу ҳунарни ўргатди. Тикувчиликни ҳозир ҳам ўрганишда давом этяпман. Асосан кўрпа-тўшак тикишни йўлга қўйдик. Тайёрлаган маҳсулотни бозорга олиб бориб сотиб келяпмиз. 

Чеварчиликка ёшлигимдан қизиқар эдим. Опам ёрдамида бир неча йилдан буён чоклар тикиб келардим. Энди эса тикувчилик тармоғини кенгайтириш режамиз бор. Ҳозирда фақат кўрпа-тўшак тикаётган бўлсам, яқин келажакда аёллар кўйлаги ва бошқа кийим-кечаклар тикишни йўлга қўймоқчиман. Бу орқали оилавий тадбиркорликни ривожлантирмоқчиман. Тиккан маҳсулотларим бозорда сотилганини кўрсам хурсанд бўламан. Қилаётган ишим менга завқ бағишлайди”, – дейди  Kun.uz мухбири билан суҳбатда  ёш тикувчи Мухлиса Улуғова.

Мавзуга оид