2018 йил 17 май куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти, Фурқат туман суди раиси Оловиддин Хасанов раислигида 1984 йилда Қўқон шаҳрида туғилган Рустам Расулович Хашимовни (унга нисбатан тергов давомида қидирув эълон қилиниб, 17.04.2010 йилдаги Фарғона шаҳар судининг ажрими кўра, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган, 17.02.2018 йил куни ушланиб қамоққа олинган) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2442-моддаси 1-қисми билан айблаш ҳақидаги жиноят иш мазмунан кўриб тугатилди.


Иш ҳолатларига кўра, судланувчи Р.Хашимов 2008-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Р. Жўрабоев, А. Ахмеджанов, Аҳрор Ахмеджанов, М.Ядгаров, А.Тожибоев, Л.Мўминов, А.Мирзаев, А.Атаханов, А.Каримов (уларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан 2010 йил 3 июнда суд ҳукми чиқарилган), А.Акрамов, Р.Усмонов, А.Ғозиев, Ш.Мамажанов, А.Хидиров, Р.Қаххаров, Ф.Хамдамовлар (уларга нисбатан қидирув эълон қилиниб, алоҳида иш юритувга ажратилган) ҳамда дастлабки тергов даврида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахслар билан жиноий тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган “Таблиғ” диний экстремистик ташкилотига аъзо бўлган.

Ушбу ташкилот ғояларини бошқа шахсларга даъват қилиш, уларни ташкилотга жалб қилиш мақсадида мазкур диний экстремистик-фундаменталистик ташкилотда иштирок этиб, А.Каримов томонидан 2009 йил баҳор ойларида Қўқон шаҳрида ташкил қилинган жамоат йиғилишида иштирок этган.

Сўнгра 2009 йил ёз ойларида Қозоғистон Республикасининг Тараз шаҳрига ишлаш учун бориб, Қозоғистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган “Таблиғчилар” диний экстремистик-фундаменталистик оқим тарафдорлари билан йиғилишларда бир неча марта иштирок этган.
















