Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғи Алишер Ашуров, ИИБ тезкор ходими Ойбек Ашуров ва вилоят ИИБ терговчиси Нурмуҳаммад Ашуров - булар фарғоналик икки аёлнинг ўзаро ижара низосидан ясалган жиноят иши ортида турган учлик сифатида намоён бўлади. Kun.uz ўрганган навбатдаги кейсда опа-сингил “ИИБ ходимларининг қасди” сабаб терговга тортилгани, қийноққа солингани ва қамоққа олингани ҳақида сўз боради. Опа-сингилнинг қамоққа олинишига сабаб бўлган “тезкор тадбир” Фарғона шаҳар ИИБ биноси ичида, ходимлар иштирокида ва уларнинг кўрсатмалари билан ўтказилган.

Kun.uz’га Фарғона шаҳрида яшовчи аёлдан ички ишлар ходимларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида мурожаат келиб тушди. Унда Фарғона шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Алишер Ашуров адоват туфайли опа-сингилга жиноий иш қўзғагани, вилоят ички ишлар бошқармасида қийноқ қўллангани билдирилган. Аёлнинг айтаётганлари ва даъволари анча жиддий. Шу сабабли Kun.uz барча томонларни тинглаган ҳолда мавзуни ўрганишга қарор қилди.

Ижарачи, косметолог ва унинг синглиси

Жиноят иши марказидаги низода уч аёл исми такрорланади: булар Моҳинур Холиқназарова, Маҳлиё Умарова ҳамда Назокат Шукурова.

34 ёшли Моҳинур Холиқназарова косметология билан шуғулланади. 1993 йилда туғилган Маҳлиё Умарова унинг синглиси. 42 ёшли Назокат Шукурова эса ўзи яшайдиган Фарғона шаҳри, Фаробий кўчасидаги 9/15а-уйнинг бир қисмини ижарага бериш орқали даромад кўриб келади.

Низонинг бошланиш нуқтаси Моҳинур Холиқназарова Назокат Шукуровага тегишли бинонинг 3 та хонасини ижара олиши билан боғлиқ. 2025 йил апрел ойида Моҳинур Холиқназарова Фарғона шаҳрида косметолог хизматини йўлга қўйиш мақсадида ижарага жой излай бошлайди. Olx сайтида Фарғона шаҳри, Фаробий кўчасидаги 9/15а-уйда хоналар ижарага берилиши ҳақидаги эълонга дуч келади.

Моҳинур манзилга бориб, хоналарни кўради ва Назокат Шукурова билан 2-қаватда 2 та, 1-қаватда битта хонага ойига минг доллар ижара пули бериш бўйича оғзаки келишади.

У 2-қаватдаги хоналарни хусусий боғча қилишни, 1-қаватдаги хонада эса косметология хизматини йўлга қўйишни режалаштиради. Бироқ, Моҳинурнинг айтишича, ижарага олинган хоналар таъмирталаб бўлган. Шу сабабли, у мулк эгасига ушбу хоналарни таъмирлаб олишини, бунинг эвазига у билан 5 йиллик ижара шартномаси тузиши кераклигини айтган. Шу тариқа, икки аёл ўзаро келишув асосида 5 йиллик ижара шартномаси тузган. Назокат Шукурова гарчи хоналарни ойига минг доллар эвазига ижарага берган бўлса ҳам “текин фойдаланиш”га бергани бўйича ижара шартномаси расмийлаштирган.