Ўзбекистон | 07:49 / 18.05.2021
8674
3 дақиқада ўқилади

Мамлакат кадрлар захирасига муҳтож, аммо минглаб битирувчилар қаерда?

Давлат сектори ва ОТМ вакиллари иштирокидаги интерактив тадбирларни ўз ичига олган Ziyo Week ҳафталиги ўтказилади. Ҳафталик доирасида етакчи иш берувчи компанияларнинг эътиборини жалб қилиш орқали билимли ёшларга янги карьера истиқболларига йўл очиш режалаштирилмоқда..

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда ОТМ битирувчиларини иш билан таъминлаш муаммоси долзарб. Меҳнат бозорида малакали кадрлар етишмаслиги кескин сезилаётганига қарамай, ҳар йили битирувчиларнинг аксарияти ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмайди. Бу қайсидир маънода, таълим жараёни мобайнида талабаларнинг камдан кам ҳолларда тўлақонли амалиётдан ўтиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, вилоятларда иш ҳақи тўланадиган амалиётлар одат тусига кирмаган.

 - Ҳозирги кунда бизнинг таълим тизимимиз талабаларнинг улкан маълумот оқими, янги илмий изланишлар ва технологияларни ўзлаштиришларига қаратилган. Замон шиддат билан ўзгариб бормоқда ва биз иш берувчилар билан фаол ҳамкорлик қилаётган олийгоҳларнинг битирувчи кадрлари сифати сезиларли даражада яхшиланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу амалиётга бошқалар, аввало талабаларнинг ўзларини жалб қилиш муҳимдир. Кўриниб турибдики, мамлакатга кадрлар захираси зарур, мутахассислар етишмаслиги нафақат тижорат соҳаси, балки давлат хизматида ҳам мавжуд,дейди олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Юсуф Aбсоатов. - Ўз навбатида, биз мазкур йўналишдаги таркибий ва тизимли ўзгаришларни амалга оширишда Фонд ва бошқа ташкилотлар билан музокараларга тайёрмиз.

Ziyo Week доирасида Ziyo Forum платформасининг асосий форматлари талабаларни таълим олиш давриданоқ карьера қуришга тайёрлаш учун синовдан ўтказилади.

- Биз талабалар ва ОТМлар билан доимий равишда мулоқот қиламиз. Ҳозирда карьерани режалаштириш билан боғлиқ муаммолар жуда кескин сезилмоқда: кўпчилик ўз мутахассислигининг моҳиятини билмасдан, "диплом учун" ўқишга боради. Фонд лойиҳалари асосида биз олийгоҳдаги таълимдан узоқлашмаган ҳолда, ўз карьерасини режалаштирадиган энг кучли талабалар жамоасини шакллантирмоқчимиз. Бунинг учун биз, авваламбор, потенциал ходимларни иш берувчилар билан боғлашимиз керак. Бугун бизда шундай имконият мавжуд.

 Таъкидлашим лозим бўлган яна бир муҳим жиҳат – кўплаб битирувчиларда ривожланган soft skills кўникмаларининг етишмаслиги кузатилиб, у эса, ўз навбатида, ёш мутахассисларга иш жараёнида самарали иштирок этишларида ёрдам беради. Масалан, кўплаб ёшлар ўзларини таништириш, резюмени тўғри тўлдиришни билмайдилар, самарасиз мулоқот қиладилар, – дейди Ziyo Forum илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш фонди директори Бобур Фармонов.

Мавзуга оид