Ўзбекистон | 12:59 / 18.05.2021
5460
3 дақиқада ўқилади

«Хоразм» спорт мажмуаси сентябрь ойида очилиши мумкин

Урганч шаҳридаги «Хоразм» спорт мажмуаси (собиқ «Олимпия» стадиони) сентябрь ойида яна футбол ўйинларини қабул қилиши мумкин. Майдон чимини парваришлаш бўйича агротехника тадбирлари бошлаб юборилган.

«Хоразм» спорт мажмуаси 2015 йилда «Умид ниҳоллари» мусобақаларига тайёргарлик кўриш мақсадида таъмирлашга ёпилган эди. Бироқ, режадаги ишлар якунига етказилмади, таъмирлаш учун ажратилган маблағлар талон-торож қилинди, бунга йўл қўйган амалдорлар жазоланди.

Аммо, хоразмлик футболчилар ва мухлислар ажойиб стадиондан маҳрум бўлишди.

«Хоразм» футбол клуби бу вақт мобайнида вилоятнинг бошқа стадионларида ўйнади. Ҳозирги вақтда жамоа сунъий майдонга эга «Ёшлик» ўйингоҳида футбол ўйинларини ўтказмоқда. Ушбу ўйингоҳнинг сиғими жуда кичик бўлиб, атиги 950 томошабинни сиғдира олади. Бу эса Про-лига баҳслари учун кам. «Хоразм» клубининг ҳар бир ўйинига камида 2-3 минг томошабин йиғилмоқда, бироқ, уларнинг бир қисми майдон атрофида тик турган ҳолда футбол томоша қилишга мажбур бўлмоқда. Бошқалари жой тополмай, қайтиб кетишмоқда.

«Хоразм» спорт мажмуаси фаолиятини тиклашга бир неча йиллардан буён ҳаракат қилиняпти, аммо самарасиз. «Хоразм» футбол клуби берган янги маълумотга кўра, стадион 2021 йил сентябрь ойида қайта очилиши мумкин.

«2019 йил июнь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳомийлигида Тошкентнинг «Рита инвест» фирмаси билан Жанубий Кореянинг «Kentucky Blugrass» навли чимини экиш бўйича шартнома тузилган бўлиб, 2021 йил май ойида майдон чими тўлиқ тайёр бўлиши лозим эди.

Бироқ ушбу муддатга келиб, майдон чимининг 60 фоиз қисми қониқарли ва 40 фоиз қисми талаб даражасида эмас эди. Шу сабабли, талаб даражасида бўлмаган чимни олиб ташлаб, Тошкент вилоятида етиштирилган махсус чим олиб келиб ўрнатилди. Ушбу жараёнларга масъул бўлган ходимнинг айтишича, ўрнатилган чимнинг тўлиқ ривожланиб кетиши учун 1-2 ой вақт талаб қилинади.

Агар агротехник тадбирлар ўз вақтида бажариладиган бўлса, «Хоразм» футбол клуби 2021 йил сентябрь ойидан бошлаб, ўйинларни вилоятнинг бош аренасида ўтказиши мумкин», - дейилади хабарда.

Мавзуга оид